Турнирда юртимиз спортчилари билан бирга Россия, Беларусь, Украина, Озарбайжон ҳамда Камерундан келган қўл жанги усталари ғолиблик учун баҳслашди. Дастлаб турнирнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари давлат мадҳиялари янгради. Маросимда сўзга чиққанлар юртимизда Президентимиз томонидан спортни ривожлантириш, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама соғлом инсонлар қилиб вояга етказиш, ёш спортчиларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади ва иштирокчиларга омад тилади.
Турнирнинг дастлабки беллашуви 65 килограмм вазн тоифасидаги спортчилар ўртасида бўлди. Унда ҳамюртимиз, икки карра Ўзбекистон чемпиони, халқаро турнирлар совриндори Нурпейс Қарлибаев озарбайжонлик спортчи, халқаро турнирлар ва жаҳон чемпионати совриндори Руслан Мамедовни енгди. Шунингдек, турнирда 55 килограмм вазн тоифасида жаҳон чемпиони, Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси Мафтуна Қувондикова россиялик Диана Саадуллаева устидан иродали ғалабага эришди.
Бундан ташқари 60 килограмм вазн тоифасида Ички ишлар вазирлиги ходими, жаҳон чемпиони Шахбоз Турсунов россиялик спортчи Арсен Мутачаевни, 70 килограмм вазн тоифасида жаҳон чемпиони ҳамюртимиз Олим Нормуродов украиналик Евгения Мкртчан устидан ғалаба қозонди.
Вазни 75 килограмм бўлган спортчилар ўртасидаги баҳс турнирнинг энг чиройли жангларидан бири бӯлди. Унда қўл жанги бўйича икки карра мамлакатимиз чемпиони, халқаро турнирлар совриндори қорақалпоғистонлик Шерзод Жуманазаров камерунлик спортчи Рушие Шанелни муддатидан аввал енгишга муваффақ бӯлди. Мазкур вазн тоифасидаги титул жангида эса қўл жанги бўйича Осиё ва жаҳон чемпиони Жаҳонгир Жумаев беларуслик Артём Булоичукни нокаутга учратди.
Спортчиларни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов табриклаб, уларга пул мукофотлари ва эсдалик совғаларини топширди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА