Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Ўзбекистон халқининг бой тарихи ва маданиятини акс эттирувчи ноёб ва нодир маданий меросини асраб-авайлашни кучайтириш, соҳани рақамлаштириш, инновацион ривожлантириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, жаҳоннинг илғор тажрибаларини самарали қўллаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 апрелдаги “Туризм, спорт ва маданий мерос соҳаларида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ‒6199-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида:

1. Туризм ва спорт вазирлиги ҳузурида Маданий мерос агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ташкил этилгани маълумот учун қабул қилинсин.

2. Агентликнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

а) моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасида:

моддий маданий мерос объектларини аниқлаш, ҳисобга олиш, муҳофаза қилиш, тарғиб қилиш, давлат реестри, электрон каталоги, паспорти ва давлат кадастрини юритиш, қўриқланадиган теграларини белгилаш ҳамда соҳада давлат назоратини амалга ошириш;

моддий маданий мерос объектларидан оқилона фойдаланиш, шу жумладан, уларни давлат-хусусий шериклик асосида самарали бошқариш, соҳани рақамлаштириш ва замонавий ахборот технологияларини жорий этиш;

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларида асрашга доир ишларни амалга ошириш, буюртмачи функциясини бажариш, узлуксиз равишда илмий-техник назорат қилиш, тарихий-маданий экспертиза ва лойиҳа-смета ҳужжатларининг тарихий-маданий қимматга таъсири бўйича экспертизасини амалга ошириш;

б) музейлар соҳасида:

миллий музей фондининг давлат каталогини юритиш, музей ашёлари ва музей коллекцияларини миллий музей фонди таркибига киритиш, ундан чиқариш, универсал ҳуқуқий ворислик тартибида ёхуд бошқа усулда бир шахсдан иккинчи шахсга ўтказиш ҳамда соҳада давлат назоратини амалга ошириш;

музейлар фаолиятини мувофиқлаштириш, ривожлантириш, музей ходимларининг малакасини ошириш, қайта тайёрлаш, аттестациядан ўтказиш, музейларнинг тоифаларини белгилаш, миллий музей фондининг очиқлигини таъминлаш ва музей ашёлари ҳамда музей коллекцияларини ўрганиш, оммалаштириш, реставрация ва асрашга доир ишларни амалга ошириш;

в) алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар соҳасида:

алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларни муҳофаза қилиш, уларнинг паспорти, бошқариш режалари, режими, қўриқланадиган теграларини белгилаш, ушбу ҳудудлар ва тарихий маҳаллаларнинг тарихий-маданий қиммати, ноёблиги, табиий ландшафти ва ўзига хослигини сақлаб қолиш;

тарихий жойларни Умумжаҳон мероси рўйхатига киритишга тавсия этиш, Умумжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенция талаблари, ЮНЕСКО, Умумжаҳон мероси маркази, Умумжаҳон мероси қўмитаси тавсияларининг мамлакат ҳудудида бажарилишини назорат қилиш;

г) археология соҳасида:

археология тадқиқотларини қўллаб-қувватлаш, мувофиқлаштириш, назорат қилиш, археология тадқиқоти учун рухсатнома бериш, илмий ҳисоботни экспертизадан ўтказиш ва унинг сақланишини таъминлаш;

Археология ашёлари давлат каталогини юритиш, археология ашёларининг давлатга топширилишини ташкил қилиш ҳамда фан, маданият ва таълим муассасаларига бириктириб қўйиш ва тасарруфдан чиқариш;

археология мероси объектларини муҳофаза қилиш, ҳалокат ёқасидаги археология объектларида зудлик билан тадқиқот ўтказилишини таъминлаш, археология объектларини консервациялаш, музейлаштириш ҳамда археология паркларини яратиш;

д) мамлакатимиз ва хориждаги маданий бойликлар соҳасида:

маданий бойликларни муҳофаза қилиш, шу жумладан, уларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқилиши ва унинг ҳудудига олиб кирилиши бўйича сертификат бериш ва реализация қилишни мувофиқлаштириш, маданий бойликларни бадиий экспертизадан ўтказиш, уларнинг тоифасини аниқлаш, давлат реестрини юритиш, соҳада давлат назоратини амалга ошириш;

мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид хориждаги маданий бойликларни аниқлаш, уларнинг тўлиқ маълумотлар базасини яратиш, мунтазам янгилаб бориш ҳамда асл ёки кўчирма нусхалари, фото ва видеотасвирларини юртимизга олиб келиш;

илмий ўрганиш асосида олинган илмий маълумотлар ва уларнинг таҳлилий натижаларига оид библиографик тўпламлар, каталоглар, китоб-альбомлар, ахборот бюллетенлари ва бошқа матбаа маҳсулотларини турли тилларда нашр этиш, оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғида кенг ёритиш, халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш.

3. Белгилансинки, Агентлик:

моддий маданий мерос, музейлар, археология, маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши соҳасида махсус ваколатли давлат бошқарув органи ҳисобланади;

ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади;

соҳага оид қонунчилик ҳужжатларининг бузилишига йўл қўймаслик ёки қонун бузилишларини бартараф қилиш ҳақида тегишлича ёзма равишда огоҳлантиришлар ва ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беради;

қонунбузилиш ҳолатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳамда айбдор мансабдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўриш тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритади.

4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари жойлашган аҳоли пунктларининг бош режалари Агентлик билан келишилиши мажбурий ҳисобланади;

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларида, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларда, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда ва уларнинг қўриқланадиган теграларида объектларни қуриш, бузиш ва ободонлаштириш ишларининг лойиҳалари Агентлик билан мажбурий тартибда келишилади. Бунда, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар (объектлар) бўйича лойиҳалар Агентлик томонидан ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссия орқали ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази билан келишилади;

моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг давлат реестри Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади;

давлат кўчмас мулки ҳисобланган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини оператив бошқарув ҳуқуқи асосида ёки текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида бириктириш Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида амалга оширилади;

моддий маданий мерос объектига етказилаётган зарар ҳақидаги ҳолат бўйича хабардор бўлган пайтдан бошлаб давлат назоратининг дастлабки натижалари 24 соат ичида Агентлик расмий сайти орқали жамоатчиликка маълум қилиниши шарт;

асрашга доир ишларни режалаштириш ва амалга оширишнинг барча босқичларини илмий-техник тадқиқ этиш учун ҳар бир объектнинг ўзига хослиги ва ҳолатидан келиб чиқиб, Илмий-техник тадқиқот гуруҳлари тузилади, асрашга доир ишларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларида гуруҳ аъзолари меҳнатига ҳақ тўлаш назарда тутилади;

Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан асрашга доир ишлар амалга ошириладиган моддий маданий мерос кўчмас мулк объектлари манзилли рўйхати Илмий-техник тадқиқот гуруҳлари ва Агентликнинг Илмий-эксперт кенгашининг ижобий хулосалари асосида Бош вазир ўринбосари – туризм ва спорт вазири томонидан тасдиқланади;

асрашга доир ишларни амалга ошириш учун Илмий-техник тадқиқот гуруҳлари ва Илмий-эксперт кенгашининг ижобий хулосаларига асосан Агентлик томонидан берилган рухсатнома бўлиши шарт, ушбу қоидага риоя қилмаган ҳолда берилган рухсатнома ҳақиқий ҳисобланмайди;

Илмий-эксперт кенгаши ва Илмий-техник тадқиқот гуруҳлари аъзоларига давлат суд экспертлари учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлар татбиқ этилади. Илмий-эксперт кенгаши хулосаси Агентлик учун мажбурий ҳисобланади.

5. Қуйидагилар:

Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлигининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги марказий аппаратининг бошқарув ходимлари умумий чекланган сони 65 нафардан иборат бўлган тузилмаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари (кейинги ўринларда – ҳудудий бошқармалар) бошқарув ходимларининг чекланган сони 145 нафар этиб белгилансин.

Белгилансинки, Агентликнинг марказий аппарати ва ҳудудий бошқармаларнинг тузилмаларига қўшимча 30 та штат бирлиги давлат музейлари ходимлари сонини мақбуллаштириш ҳисобига ажратилади.

Бош вазир ўринбосари – туризм ва спорт вазири А.Абдуҳакимов манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда давлат музейлари ходимлари сонининг мақбуллаштирилишини инобатга олиб, давлат музейларининг намунавий штатлар жадвалининг белгиланган тартибда тасдиқланишини таъминласин.

6. Туризм ва спорт вазирига:

Агентликнинг марказий аппарати, ҳудудий бошқармалар, Агентлик тизимидаги бошқа ташкилотларнинг тузилмасига бошқарув ходимларининг чекланган умумий сони ва иш ҳақи фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш;

ҳудудий бошқармалар тузилмалари ва низомларини тасдиқлаш, шунингдек, уларда бошқарув ходимларининг чекланган сонини белгилаш ҳуқуқи берилсин.

7. Белгилансинки:

Агентлик директорининг мақоми меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шарт-шароитларига кўра туризм ва спорт вазирининг биринчи ўринбосарига тенглаштирилади;

Агентлик директори ва унинг ўринбосарлари туризм ва спорт вазирининг тақдимномасига асосан Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

Агентлик ходими сифатидаги иш стажи бошқа давлат органларига, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларга ишга ўтиш чоғида навбатдаги ҳарбий ва махсус унвонлар олиш, шунингдек, ҳарбий ва махсус унвонлар учун устамалар ҳамда узоқ муддатли хизмат учун қўшимча ҳақлар ҳисоблаш учун иш стажига қўшиб ҳисобланади;

моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларида асрашга доир ишларни режалаштириш, амалга ошириш, мувофиқлаштириш ва илмий-техник назорат қилиш 3-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.

8. Агентликнинг бюджетдан ташқари Маданий мерос жамғармасини (кейинги ўринларда – Жамғарма) молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Агентлик, унинг ҳудудий бошқармалари ва давлат музей-қўриқхоналарига тегишли моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини ижарага беришдан тушган маблағларнинг 90 фоиз миқдори;

давлат мулки бўлган бошқа ташкилотларга тегишли моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини ижарага бериш ва чипталар сотилишидан тушган пул маблағларининг 50 фоиз миқдори;

музей-қўриқхоналарда чипталар сотилишидан тушган пул маблағларининг 50 фоиз миқдори ва давлат музейларида чипталар сотилишидан тушган пул маблағларининг 10 фоиз миқдори;

маданий бойликларни бадиий экспертизадан ўтказиш, реализация қилиш учун давлат хизмати кўрсатиш, олиб чиқиш ҳуқуқини берувчи сертификат, Миллий музей фондининг давлат каталогида музей ашёлари ва музей коллекциялари рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома бериш ҳамда унинг таркибидан музей ашёлари ва музей коллекцияларини чиқариш учун тўловлар;

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини давлат кадастрига киритиш ва чиқариш, тарихий-маданий ҳудуднинг паспортини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш, аҳоли пунктлари бош режаларининг лойиҳаларини кўриб чиқиш ва уларга хулоса бериш учун тўловлар;

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир ишлар учун рухсатнома ва лицензия бериш, илмий-техник назорат қилиш, шунингдек, тарихий-маданий ва лойиҳа-смета ҳужжатларининг тегишли экспертизалари, реставратор-усталарга малака сертификати бериш учун тўловлар;

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларда, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар ва уларнинг қўриқланадиган теграларида ер қазиш, ер тузиш, қурилиш, мелиорация ва бошқа хўжалик ишларини ўтказишга оид лойиҳалар, меросга бўлган таъсирини баҳолаш ҳисоботларини кўриб чиқиш учун тўловлар;

моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузганлиги ҳамда нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказганлиги учун тўланадиган жарималар, шунингдек, давлат мулки ҳисобланган моддий маданий мерос объектларига етказилган зарарни қоплаш бўйича маблағлар;

ваколатли органлар томонидан Агентлик, унинг тизимидаги ташкилотлар ва давлат музейлари, музей-қўриқхоналари фаолиятини, шунингдек, моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларида асрашга доир ишларни амалга оширишни текшириш натижалари бўйича аниқланган ноқонуний сарфланган бюджет маблағларининг, талон-торож, растраталар, камомадлар суммаларининг Давлат бюджетига йўналтириладиган қисми;

Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини жойлаштиришдан олинадиган даромадлар, халқаро молия ташкилотлари ва хорижий давлатларнинг грантлари ва техник кўмаклашиш маблағлари, шунингдек, қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа тушумлар.

9. Белгилансинки, Жамғарма маблағлари:

моддий маданий мерос объектларини, шу жумладан, археология мероси объектлари, маданий бойликлар ҳамда музей ашёлари ва коллекцияларини муҳофаза қилиш, консервациялаш, реставрация қилиш, тузатиш, таъмирлаш, ҳозирги замонда фойдаланишга мослаштириш, шунингдек, улар билан боғлиқ илмий ва илмий-техник тадқиқотлар, лойиҳалаш ҳамда ишлаб чиқариш ишларини амалга ошириш;

моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрини, археология ашёлари, миллий музей фондининг давлат каталоглари ва паспортларини юритиш, музейлар фаолияти ва археология тадқиқотларини қўллаб-қувватлаш, тарғибот ва оммалаштириш ишларини ташкил этиш;

алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар ва тарихий маҳаллаларни муҳофаза қилиш;

Агентлик ва ҳудудий бошқармаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, электрон хизматларни ривожлантириш ва рақамлаштириш, соҳада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларга самарали қарши курашиш бўйича ишларни ташкил этиш;

экспертларни, жумладан, хорижий мутахассислар, Илмий-эксперт кенгаши, Илмий-техник тадқиқот гуруҳлари аъзолари меҳнатига ҳақ тўлаш, жамоатчи инспекторлар, Агентлик ва ҳудудий бошқармаларнинг ходимларини моддий рағбатлантириш, Агентлик фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича мутахассисларни фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида жалб этиш;

қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган Агентлик фаолияти билан боғлиқ бошқа тадбирларни амалга ошириш учун сарфланади.

Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

10. Қуйидагилар:

2021-2022 йилларда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, музейлар фаолиятини ривожлантириш ва соҳани рақамлаштириш бўйича “йўл харитаси” 4-иловага мувофиқ;

2021-2022 йилларда моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларини қайта тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш, уларнинграқамлаштирилган паспорти ва каталогини ишлаб чиқишнинг мақсадли кўрсаткичлари 5-иловага мувофиқ;

2021-2023 йилларда моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг қўриқланадиган теграларини белгилаш ва рақамлаштиришнинг мақсадли кўрсаткичлари 6-иловага мувофиқ;

2021-2023 йилларда давлат музейларидаги музей ашёлари ва музей коллекцияларини электрон идентификация қилиш мақсадли кўрсаткичлари 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилаб қўйилсинки, ушбу қарор билан тасдиқланган мақсадли кўрсаткичлар 2021 йилда Жамғарма ва маданий мерос объектларини асраш учун ажратилган Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади, 2022-2023 йилларда Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда назарда тутилади.

11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Агентлик, Фанлар академияси, Қурилиш вазирлиги, Кадастр агентлиги билан биргаликда ҳар ярим йил якунида ўз ҳудудларида жойлашган моддий маданий мерос объектлари ва маданий бойликларни аниқлаш, ҳисобга олиш, муҳофаза қилиш, асраш ва улардан оқилона фойдаланиш, музей ашёлари ва музей коллекцияларининг бут сақланиши ҳолати ҳақида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ахборот бериб борсин.

Вазирлар Маҳкамаси ҳар чоракда мазкур қарор билан тасдиқланган “йўл харитаси” ва мақсадли кўрсаткичларнинг тўлиқ бажарилишини танқидий таҳлил қилиб, Агентлик, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари раҳбарлари фаолиятига баҳо бериб борсин.

12. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ моддий маданий мерос объектлари ва музейлар соҳасидаги давлат хизматлари 8-иловага мувофиқ 2023 йил 1 январдан бошлаб электрон шаклда кўрсатилади. Бунда, ушбу рўйхатга киритилган давлат хизматларини кўрсатишда:

Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ёки аризачининг ўзи бевосита Агентликнинг тегишли тузилмасига мурожаат қилиш тартиби жорий этилади. Аризачининг ўзи бевосита мурожаат қилганда унинг мурожаати Агентлик ходими томонидан махсус электрон тизимда рўйхатдан ўтказилиши шарт;

давлат хизматлари учун тўловларни электрон шаклда амалга ошириш орқали квитанция талаб қилиш бекор қилинади;

Агентлик масъул ходимлари ва фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида жалб этилган мутахассислар, экспертлар томонидан тегишли кўчмас мулк ва кўчар ашёлар шахсан экспертизадан ўтказилади;

экспертиза ўтказиладиган манзил, вақт ва маълумот учун телефон рақамлари ҳамда давлат хизмати кўрсатиш натижаси ҳақида СМС юбориш орқали аризачи хабардор қилинади;

давлат хизматини кўрсатиш натижасида бериладиган ҳужжатлар QR-код (матрик штрихли код) қўйиш орқали берилади.

13. Белгилансинки, моддий маданий мерос объектлари, музей, спорт мажмуалари ва бошқа намойиш объектлари (кейинги ўринларда – намойиш объектлари):

рўйхати Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 апрелдаги ПФ–6199-сон Фармони билан тузилган Туризм, спорт, маданий мерос, транспорт логистикаси ва хизматлар соҳаларида давлат-хусусий шериклик ҳамда рақамлаштиришни ривожлантириш масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан тасдиқланади;

рўйхатига киритилган намойиш объектларига кириш-чиқиш жойларида 2021 йил 1 октябрга қадар электрон турникетлар ёки ташриф буюрувчиларни автоматик ҳисобга олишга мўлжалланган бошқа мосламалар “Рақамлаштириш ва автоматлаштириш маркази” ДУК томонидан, жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида ўрнатилиши ҳамда улар тегишли ягона электрон тизимга интеграция қилиниши шарт.

2022 йил 1 январдан бошлаб намойиш объектлари рўйхатига киритилган намойиш объектларида чипталар савдосини тегишли ягона электрон тизимга интеграция қилмаган ҳолда амалга ошириш назорат-касса техникасини ва ҳисоб-китоб терминалларини қўллаш тартибини бузиш деб баҳоланади.

14. Туризм ва спорт вазирлиги (А.А.Абдухакимов) икки ой муддатда:

тизимга интеграция қилиниши лозим бўлган намойиш объектлари рўйхатини шакллантирсин ҳамда белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхатнинг эълон қилинишини таъминласин;

қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 декабрдаги “Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–4068-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

16. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги директори, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – туризм ва спорт вазири А.А.Абдухакимов зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан 2021 йил 1 октябрь ва 2022 йил 1 июлга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                        Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2021 йил 19 июнь