Андижон шаҳрида вилоят фаолларининг йиғилиши давом этмоқда.

Йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзламоқда.

Давлатимиз раҳбари андижонликлар билан ушбу мулоқотдан энг катта мақсад-муддао қабул қилинган фармон ва қарорлар жойларга етиб бораяптими – Андижон шаҳри ва туманлардаги студияларда ўтирган фаоллар шу борадаги муаммоларни айтишлари кераклигини таъкидлади.

– Ҳамма натижаларимиз ўзимизники. Олдимизга Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича катта марралар қўйганмиз. Ечилмаган кўп-кўп муаммолар турибди, уларни жойлардаги маҳаллий раҳбарлар онгидан ўтказиши керак. Энди Андижонда кечагидек яшаш мумкин эмас. Кейинги 4-5 йил жуда катта синовлардан ўтдик, кўп масалаларнинг ичига кирдик, ҳаракат қилдик. Агар жойлардаги тўртта сектор раҳбарлари ватанпарвар бўлса, ҳоким замонавий, ҳозирги ислоҳотларни тушунадиган бўлса, ўша жойда албатта ўзгариш бўлади.

Битта нарсани яна сизларга таъкидламоқчиман, Тошкентда ўтирган вазирларнинг ишлари ҳали қониқарли эмас. Улар яхши ишламагани учун жойлардаги давлат идоралари вакиллари, ҳокимлар, туманлардаги идоралар мутасаддилари пастга тушиб ишлашни ўрганолмаяпти. Қандай оғир бўлмасин, буни тан олишимиз керак. Кўпчилик раҳбарлар 50 фоиз уйғонган. Агар ҳозирги талабга муносиб бўлиб, ўзимизни қийнаб, халқимизнинг дардини билиб ҳаракат қилсак, Андижонда ўзгариш мутлақо бошқача бўлади, мен бунга ишонаман, – деди Шавкат Мирзиёев.

 

ЎзА