Айни пайтда Андижон шаҳрида вилоят фаолларининг йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Унда Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзламоқда.

Давлатимиз раҳбари кеча Избоскан туманида ўзи билан учрашган Умидахон Усмонова ўз хонадонида етарли шароит йўқлигига қарамасдан, ҳаттоки уйининг меҳмонхонасида парранда боқиб, аҳолига тарқатиб келаётганини таъкидлади. У бугунгача 23 минг бош хонаки товуқ тарқатган.

– Бу тадбиркор ва шижоатли аёлнинг Урганжи маҳалласида қилган ишлари менга жуда маъқул бўлди. Шунинг учун, «Микрокредитбанк» бу тадбиркор синглимизга 5 миллиард сўм миқдорида фоизсиз кредит ажратади. Яна бир алоҳида совғамиз бор – ҳозир Сизларнинг кўз олдингизда Умидахон синглимга «Меҳнат шуҳрати» ордени топшираман, – деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда тадбиркор Умидахон Усмоновани «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирлаш тўғрисидаги Президент фармони ўқиб эшиттирилди.

Давлатимиз раҳбари фидойи аёлга юксак мукофотни тантанали топширди.

Йиғилганлар Президентимизнинг ушбу ташаббусини гулдурос қарсаклар билан олқишлади.

 

ЎзА