2021 йил 8 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Aбдулла Aриповнинг Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири Ли Кэцян билан видеоанжуман шаклида учрашуви бўлиб ўтди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Матбуот хизмати хабар берди.
Томонлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан телефон орқали охирги мулоқоти якунлари бўйича икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар.
Ушбу видеоанжуман икки давлат раҳбарининг мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали алоқаларни янада чуқурлаштириш бўйича ўзаро келишувларини самарали амалга оширишнинг мантиқий давоми эканлиги таъкидланди.
Суҳбат давомида Ўзбекистон – Хитой кенг қамровли стратегик ҳамкорлигининг долзарб жиҳатлари, шу жумладан, савдо, инвестиция, транспорт ва транзит соҳаларида ўзаро амалий алоқаларни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Хитойнинг етакчи компаниялари ва молиявий институтлари иштирокида Ўзбекистонда истиқболли қўшма лойиҳаларни изчил амалга ошириш муҳокама қилинди.
Шунингдек, илмий, маданий-гуманитар йўналишдаги истиқболли дастурларни рўёбга чиқариш юзасидан ҳам фикр алмашилди. Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
ХХР раҳбариятига коронавирус пандемиясига қарши курашда кўрсатган амалий ёрдам ҳамда тажрибали тиббиёт мутахассисларини Ўзбекистонга юборгани учун самимий миннатдорлик билдирилди. Икки мамлакат олимлари ва шифокорлари томонидан коронавирусга қарши вакцинанинг қўшма клиник синовлари муваффақиятли ўтгани ҳамда аҳолини эмлашни самарали давом эттириш зарурлиги қайд этилди.
Видеоанжуман шаклидаги учрашув очиқ, ишбилармонлик ва дўстона руҳда ўтди.