30 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллий саноатни ривожлантириш бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда вазирлик ва тармоқлар раҳбарлари, барча ҳокимлар иштирок этди.

Йиғилишда вилоят ҳокимлари ҳудудларда янги маҳаллий саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича ҳар бири камида 100 миллион долларлик лойиҳаларни шакллантириб, Бош вазир ўринбосари ҳузурида тақдимот қилиши айтилди.

Энг катта масала – ўтган ҳафтада Навоий шаҳрида йирик корхоналар иштирокида ўтказилган саноат ярмаркаси тажрибасидан келиб чиқиб, бундан буён ҳар ойда 2 тадан ҳудудда саноат ярмаркалари ўтказиш бўйича топшириқ берилди.

Йиғилишда маҳаллий саноат маҳсулотларининг сифати ички ва ташқи бозор талабларига мос келиши масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шу боис, “Ўзстандарт” агентлигига 24 та ихтисослашган туманда замонавий лабораториялар ташкил этиб, халқаро сифат талаблари ва стандартларга ўргатиш тизимини яратиш вазифаси қўйилди.

Президент жорий йил 1 июлдан бошлаб, янги турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналарга халқаро стандартларни жорий этиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизи қоплаб берилишини таъкидлади. Бунда сертификат талаб қилинадиган қурилиш материаллари рўйхати 3 бараварга қисқартирилади (ҳозирги 49 тадан 16 тагача).

Видеоселекторда ҳудудий саноатни ривожлантиришга асосий тўсиқлардан бири – жойларда малакали муҳандислар ва технологлар етишмаслиги айтиб ўтилди.

– Шундай бўлса-да, очиғини айтишим керак, ўтган ҳафта “Технопарк”да ёшларимиз энг замонавий дастгоҳларда бемалол ишлатаётганини кўриб жуда хурсанд бўлдим. Ҳозир қурилиш материаллари соҳасида камида 10 минг малакали (технолог, муҳандис, энергетик) ҳамда 40 минг нафар ишчи касб мутахассисларига эҳтиёж мавжуд. Лекин, бунда 15 та муҳандис-техник олийгоҳларнинг ўрни сезилмаяпти, – деди Президент.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига Тошкент кимё технология институтида жорий йил 1 сентябрга қадар Германия ва Россиянинг нуфузли университетлари билан бирга, 5 та янги йўналишда ўқитишни ташкил этиш, шунингдек, вилоятлар эҳтиёжидан келиб чиқиб, аниқ йўналиш ва саноат тармоқлари учун хорижий олийгоҳлар билан бирга муҳандис ва технологлар тайёрлаш вазифаси қўйилди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига маҳаллий саноат учун ишчи касблар бўйича йилига камида 10 минг нафар мутахассис тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берилди.

– Ёшларимизни ўзимиз ўқитмасак, ҳеч ким келиб бизга ўқитиб бермайди. Умуман олганда, маҳаллий саноатни ривожлантириш вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларининг, “темир дафтар” каби, энг устувор вазифасига айланиши шарт ва зарур, – Шавкат Мирзиёев.

 

ЎзА