Ўз вақтида (1980-йиллар) Cибир дарёлари ирмоқларининг бир қисмини Марказий Осиё томон буриш юзасидан катта ҳажмдаги лойиҳа-тадқиқот ишлари бажарилди.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига Тошкент шаҳри, Бектемир тумани, Зилола МФЙ, Ҳусайн Бойқаро кўчасида истиқомат қилувчи Тожибой Юнусхўжаев мурожаат қилиб, Волга дарёси ирмоқларидан Орол денгизига сув олиб келиш ва Оролни тўлдириш бўйича ўз таклифини берган.

Мурожаатчи, шунингдек, Волга дарёси ирмоқларини Орол денгизига йўналтириш орқали тўлдириш таклифига давлат идоралари лоқайдлик қилаётганидан шикоят қилган.

Т. Юнусходжаевнинг таклифи ва мурожаати юзасидан саволларга Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими бош илмий котиби Ш.Туремуратов жавоб берди.

– Орол денгизи муаммоси бугунги кунда фақат Марказий Осиёдагина эмас, балки дунё миқёсида ҳам долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Аммо таъкидлашимиз керак, Орол денгизининг аввалги ҳолати ва чегараларини қайта тиклашнинг иложи йўқ. Бу жараённи орқага қайтариш мумкин эмас.

Волга дарёсининг Каспий денгизига яқин ирмоқларининг сатҳи ва Каспий денгизининг сув сатҳи бир-бирига яқин бўлиб, уларнинг Орол денгизининг сув сатҳидан пастлиги ва унга йўналтириладиган фараздаги каналнинг чуқурлигини ҳисобга олсак, 83 метрдан кам бўлмаган баландликка сув кўтарилиши талаб этилади. Каналнинг учта ўлчамидан келиб чиқиб сув ҳажми 40 кубокилометрдан кам бўлмаслиги маълум, ушбу катта сув массасини 83 метр баландликка кўтаришга 1 млрд. киловатт қувватга эга электр станцияси, яъни умумий қиймати тахминан 1 трлн. АҚШ доллари бўлган учта Тахиётош гидроэлектростанциясига тенг гидроэлектростанциялар керак бўлади.

Каспий денгизига тушадиган бир неча кубокилометр сув ҳар йили каналга йўналтирилиши Каспий денгизининг сатҳи янада пасайиши ва натижада ушбу денгизга сув келтириб турган асосий дарё – Волга дарёсининг сатҳи ҳам камайиб кетиши, ҳаттоки қуриб қолиши эҳтимолдан холи эмас.

Ушбу ҳолатни ҳисобга олиб Россия федерацияси ҳам Каспий денгизига эгалик қилувчи давлатлардан бири сифатида Волга дарёсидан оқаётган сув сатҳининг камайиб кетиш хавфи мавжуд бўлган лойиҳани амалга оширишга йўл қуйиб бермаслиги эҳтимоли катта. Ушбу айтилганлардан канал қуриш билан боғлиқ харажатлар фақат Ўзбекистон давлати зиммасига тушади, бу харажатлар ҳажмини давлатнинг 10-15 йиллик бюджетига қиёслаш мумкин.

– Волга дарёсидан сув олиб келиш бўйича аввал ҳам таклифлар бўлганми?

– Волга дарёсидан сув олиб келиш юзасидан олдин ҳам таклифлар бўлган ёки бўлмаганлиги бўйича маълумотга эга эмасман.

Ўз вақтида (1980-йиллар) Cибир дарёлари ирмоқларининг бир қисмини Марказий Осиё томон буриш юзасидан катта ҳажмдаги лойиҳа-тадқиқот ишлари бажарилди. Бироқ кейинчалик бу ишлар лойиҳанинг қимматлиги ва Россия Федерациясининг эколог олимлари билан зиддиятлар туфайли тўхтатилди.

Эслатиб ўтиш жоиз, лойиҳа бўйича Об, Иртиш ва Тобол дарёларидан 25 кубокилометр сувни Курган, Қостанай ва Турғай вилоятлари орқали Тегий сув омборига етказилиб, сўнг ушбу сув Сирдарёни кесиб ўтиб, Амударёга туширилиши натижасида Орол денгизига йўналтирилиши керак эди.

Айтиб утиш керак, бундай ҳажмдаги лойиҳани амалга ошириш катта молиявий ҳаражатларни, ҳудуднинг табиий, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий шароитларини ҳисобга олган қўшимча техник-иқтисодий ва ижтимоий-экологик асослашни талаб қилади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги Ахборот хизмати