Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси “Даут-ота” чегара божхона пости ходимлари томонидан қўшни давлатдан кириб келган “DAF” русумли юк автотранспорт воситасини бошқариб келаётган фуқаро И.К. божхона назоратидан ўтказилганда, 2 ўрамда ўткир ҳидли, қуритилиб майдаланган гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди.
Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси матбуот хизмати ЎзА мухбирига маълум қилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 12 ноябрдаги “Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, ундан олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш тартибини, шунингдек, уларнинг муомалада бўлиши юзасидан назоратни такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига асосан “марихуна” Ўзбекистон Республикасида муомаласи тақиқланган гиёҳвандлик воситалари рўйхатига киритилган.
Божхона органлари томонидан гиёҳвандлик воситаларининг божхона чегаралари орқали ноқонуний олиб ўтилишинг олдини олиш, шунингдек, “заҳри қотил” деб аталувчи ушбу воситаларнинг республикамиз ҳудудида муомалада бўлишига қарши тизимли кураш олиб борилмоқда.
Юқоридаги ҳолат юзасидан ўтказилган суд-кимёвий экспертизаси хулосасига кўра, ашёвий далил тариқасида олинган ўткир ҳидли, қуритилиб майдаланган ўсимлик таркибида гиёҳвандлик актив компонент тетрагидроканнабинол соф оғирлиги 8,36 граммга тенг “марихуана” эканлиги маълум қилинди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА