Ўзбекистон ёшлари ва аёллари доимо эътиборда

Мамлакатимизда доимий аҳоли сони Ўзбекистон Республикаси давлат статистика қўмитасининг маълумотига кўра, 2020 йилнинг 1 июль ҳолатига 34 191 700 нафарни ташкил этади.

Шундан 50.1 фоизи эркаклар, 49.9 фоизи аёллардир (демографик ҳолат 2020 йил январь-июнь).

Агар келтирилган рақамларга эътибор қаратсак, жамиятда аёллар эркакларга қараганда, атиги 0.2 фоизга камлиги билан фарқланишини кўришимиз мумкин.

Бугун жамиятнинг деярли барча соҳаларида аёлларнинг фаоллиги ортгани яққол кўзга ташланмоқда. Бу ҳолатни, шубҳасиз давлатимиз раҳбари томонидан хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни бошқарув фаолиятига кўпроқ жалб этиш, шунингдек ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги роли ва фаоллигини янада ошириш борасидаги қонунчилик меъёрларини тобора такомиллаштириш масаласини давлат сиёсати даражасига олиб чиққани билан баҳолаш мумкин.

Жорий йилнинг 8 октябрь куни “Жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари” юзасидан Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида айнан шу масалалар кўтарилди.

Хотин-қизлар ва ёшлар – аҳолининг катта қисми, ижтимоий масалаларнинг аксарияти ҳам уларнинг турмуш тарзи ва фаолияти билан чамбарчас боғлиқ. Шунинг учун ҳам уларнинг жамиятда тутган ўрни ва ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш масаласи ва чора-тадбирлари давлат олиб бораётган ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 30 ёшгача бўлган ёшлар категорияси аҳолининг 60 фоизини ташкил этади. 2016 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисидаги” Қонуннинг 3-моддасида ёшлар (ёш фуқаролар) дейилганда, ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган шахслар тушунилади, деб кўрсатилган

Агар мамлакатимиз аҳолисининг 30 ёшгача бўлган улушидан айнан 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган кўрсаткич доирасида ёшлар улушини ажратиб қарайдиган бўлсак, бу кўрсаткич 32 фоиздан ошади. Яъни, мамлакат аҳолисининг деярли учдан бири айнан ёшлар ҳисобига тўғри келади.

Шундай экан, Ўзбекистонда ёшлар категориясини белгилашда мавжуд ноаниқликларни бартараф этиш жоиз. Сабаби, ёшларга нафақат физиологик нуқтаи-назардан, балки ижтимоийликдан келиб чиққан ҳолда уларнинг ёш чегарасини 14 ёшдан 30 ёшгача эмас, балки 16 ёшдан 32 ёшгача бўлган қатлам сифатида белгилаш мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки, 16 ёш ўсмирларнинг фуқаролик мақомига эга бўлиши ва сўнгги йилларда никоҳга кириш ёшининг ўртача 27-28 ёшга тўғри келиши ҳамда уларнинг ижтимоий меҳнат тақсимотига камида 2-3 йил кеч кириши мазкур қатлам чегарасини қайта кўриб чиқиш ва белгилаш масаласини кун тартибига қўймоқда. Дунёнинг айрим мамлакатларида бу қатламнинг юқори ёш чегараси 35 ёш, деб белгиланган.

Тараққиётнинг ҳозирги даврида ёшлар ва аёллар ҳаёти билан боғлиқ асосий муаммо, ишсизлик ҳисобланади. Юзага келаётган бошқа барча ижтимоий муаммо ҳамда масалалар айнан ишсизлик билан чамбарчас боғлиқ.

Таҳлилларга кўра, ишсизлар сони 2020 йилнинг август ҳолатига АҚШда – 10,2, Германияда – 5,8, Англияда – 3,9, Жанубий Кореяда – 4,2 (ёшлар орасида 9,7), Туркияда – 13,7 фоизни ташкил этади.

Мамлакатимизда эса Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълумотига кўра, жорий йилнинг январь-июнь ойлари ҳолатига Ўзбекистонда ишсизлик даражаси 13,2 фоизни ташкил этади. 2019 йилнинг биринчи ярмида бу кўрсаткич 9,1% ни ташкил этган бўлса, иш билан таъминланишга муҳтожлар сони 1,94 млн. кишига ортганини кўрсатади. Ҳозирги кунда Ўзбекистонни ўрта даражада ривожланаётган давлатлар қаторига қўшиш тенденцияси кўзга ташланмоқда. Мамлакатда доимий ва барқарор иш ўрни яратиш, ёшларнинг касбий таълим сифати, меҳнат муҳожирлари сингари масалалар долзарб бўлиб қолаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Ўзбекистонда ҳар йили 600-650 минг ўрта ёки ўрта-махсус маълумотга эга бўлган ёшлар меҳнат бозорига кириб келмоқда. Жорий йилда олий таълим муассасаларига қабул квотаси ўрта таълим муассасаларини битирган ёшларнинг ўртача 20-22 фоизини ташкил этадиган бўлса, бу рақам мамлакатдаги олий маълумотга бўлган талабни етарли даражада қондира олмайди.

Сўнгги йилларда ёшлар ва аёллар йўналиши бўйлаб Ўзбекистонда давлат сиёсатини маҳалла даражасигача юритадиган вертикал тизим яратилди. Ёшлар масалалари бўйича ҳар бир туманда алоҳида ҳоким ўринбосари, унинг 3 нафаргача мутахассиси, Ёшлар ишлари агентлиги бўлимининг 3 нафар ходими, вилоятда ҳам ҳоким ўринбосари, унинг 4 нафар мутахассиси, Ёшлар ишлари агентлиги бошқармасининг 11 нафар ходими ажратилди.

Лекин жойларда сектор ишини самарали ташкил этиш бўйича кўплаб ҳал қилинмаган муаммолар сақланиб қолаётганлиги давлат раҳбари томонидан кўрсатиб ўтилди. Шу боис, видеоселектор йиғилишида хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича янги иш тизими жорий этилиши таъкидланди.

Бу тизимга мувофиқ:

· ҳар бир маҳалла, туман (шаҳар), вилоят кесимида “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” шакллантирилади;

· бу дафтарлардаги рўйхатлар “Темир дафтар”дан алоҳида бўлади;

· унга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга муҳтож, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган, лекин имконияти етарли бўлмаган ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар киритилади;

· шу асосда улар билан тизимли, манзилли иш йўлга қўйилади;

· ҳокимларнинг Ижтимоий масалалар бўйича ўринбосарлари “Ёшлар дафтари” бўйича, Маҳалла ва оила масалалари бўйича ўринбосарлари “Аёллар дафтари” бўйича масъуллиги белгиланди.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти мутахассислари ҳам келажакда амалга оширилиши лозим бўлган мақсадли вазифаларни белгилаб олди. Улардан энг асосийлари қўйидагилар:

· ҳар бир вилоят салоҳиятидан келиб чиқиб, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш;

· барча ҳудудлар бўйича “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”да неча нафар оила рўйхатга олинганлиги юзасидан ўрганиш олиб бориш, муаммоларни атрофлича бартараф этишда таклифлар бериб бориш;

· тумандаги барча йўналишларни Аёллар ва ёшлар билан ишлашга сафарбар этилишини назоратга олиш;

· ёшлар ва хотин-қизлар билан юзма-юз кўришиб, муаммолари ҳамда дардини эшитиб, уларни келажакка ишончини орттириш, ҳуқуқий, молиявий, психологик, тиббий ёрдам берилишига ҳисса қўшиш (масалан, туман Адлияси билан келишган ҳолда ходим бириктирилиб, бепул ҳуқуқий маслаҳат бериш, ёлғиз ва кекса аёллар учун жойлардаги оилавий поликлиникалар билан келишилган ҳолда шифокор ва ҳамшира бириктиришни назорат қилиш каби);

· “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институтидан барча вилоятлар бўйича кураторлар тайинланиб, бириктирилган ҳудудлари бўйича Президентимиз томонидан берилган топшириқлар юзасидан иш ташкил қилиш, доимий таҳлил ва назоратини олиб боришни йўлга қўйиш;

· “Ёшлар дафтари”га ижтимоий масалалар бўйича ўринбосар, “Аёллар дафтари”га маҳалла ва оила масаласи бўйича ўринбосар масъул этиб белгиланганлигини инобатга олган ҳолда улар фаолияти бўйича маълумотлар эълон қилиб бориш;

· ҳар бир туманда Аёллар жамғармаси фаолиятини йўлга қўйиш ишлари бошланганини инобатга олиб, кўмакка муҳтож аёлларни ҳам моддий, ҳам маънавий қўллаб-қувватлаш.

Нодира ЭГАМБЕРДИЕВА, 
“Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот 
институти директори
 
Собир ХОДЖАЕВ, 
“Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот 
институти, бўлим бошлиғи

 

ЎзА