Бугун, 29 апрель куни пойтахтимиздаги «Ҳумо Арена» муз саройида Ўзбекистон U18 терма жамоаси Бирлашган Араб Амирлиги U18 терма жамоаси билан Осиё-Океания кубогининг ярим финалида куч синашади.

Кеча Осиё-Океания кубогининг гуруҳ босқичидаги учрашувларга якун ясалди. Унда Ўзбекистон U18 терма жамоаси «А» гуруҳи пешқадами Таиланд хоккейчилари билан баҳс олиб борди. Муросасиз курашларга бой кечган учрашувда 7:5 ҳисобида вакилларимиз ғалабага эришди.

Ярим финалнинг иккинчи жуфтлигида Таиланд – Мўғулистон терма жамоалари финал йўлланмаси учун рўбарў келади.

Эслатиб ўтамиз, Осиё-Океания кубогида жамоалар икки гуруҳга бўлинган ҳолда куч синашмоқда. Пойтахтимизда ўтаётган «А» гуруҳида Ўзбекистон, Таиланд, Эрон, Малайзия ва Қувайт ўсмирлар терма жамоалари, Самарқандда эса «В» гуруҳидан жой олган Мўғулистон, БАА, Ҳиндистон, Макао ва Индонезия ўсмирлар терма жамоалари баҳс юритмоқда.

Ўйинлар 30 апрелга қадар давом этади.

 

Т.Рўзиев, ЎзА