ФОТОРЕПОРТАЖ
Аввал хабар берганимиздек, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида хоккей бўйича 18 ёшгача бўлган спортчилар ўртасида Осиё ва Океания кубоги давом этмоқда.
Кеча мусобақа доирасида гуруҳ босқичидаги учрашувларга якун ясалди. Унда мусобақа мезбони – Ўзбекистон U-18 терма жамоаси «А» гуруҳи пешқадами Таиланд билан ўйнади. Учрашув 7:5 ҳисобида вакилларимиз фойдасига якунланди. Шу тариқа, терма жамоамиз 1/2 финал босқичига йўл олди.
Хоккей бўйича Ўзбекистон U-18 терма жамоаси бугун Осиё чемпионати ярим финалида Индонезияга қарши баҳс олиб бориши лозим эди. Бироқ рақиб томон регламентни бузгани учун, иккинчи гуруҳда 3-ўринни олган БАА терма жамоаси вакилларимизга рақиблик қилди.
18 ёшгача бўлган хоккейчиларимиз БААлик тенгдошларини 12:0 ҳисобида мағлуб этиб, финал йўлланмасини қўлга киритди.
Эртага финалда Мўғулистон-Таиланд учрашуви ғолиби билан музга тушамиз. Олға, Ўзбекистон!
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА