Пойтахтимизда бадиий гимнастика бўйича ўтказилган жаҳон кубогининг тўртинчи босқичида Ўзбекистон терма жамоаси 2 та олтин, 4 та кумуш ва 1 та бронза, жами 7 та медални қўлга киритди.
Ўзбекистон спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, мамлакатимиз Гимнастика федерацияси ва бошқа бир қатор ташкилотлар томонидан ташкил этилган мазкур мусобақада дунёнинг 34 мамлакатидан 100 дан ортиқ гимнастикачи қизлар иштирок этди.
Гимнастика бўйича республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ўтган мазкур мусобақада Тахмина Икромова яккалик баҳсларининг ҳалқа ва тўпда машқ бажариш беллашувларида олтин, булава ҳамда тасмада машқ бажаришда кумуш медалга сазовор бўлди. Шунингдек, Тахмина кўпкурашда ўзининг учинчи кумуш медалига эга чиқди.
Гуруҳ баҳсларида 3 та тасма ва 2 та тўпда машқ бажаришда Шаҳзода Ибрагимова, Мумтозабону Исъҳоқзода, Эвелина Аталянс, Амалия Мамедова, Ирода Содиқовадан ташкил топган жамоамиз кумуш медаль билан тақдирланди.
Мусобақанинг яккалик баҳсларида Наталя Усова булавада машқ бажаришда шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА