Қорақалпоғистонлик қиз «МДҲнинг энг яхши талабаси-2020» халқаро танловида ғолиб бўлди

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети қорақалпоқ филологияси ва журналистика факультетининг битирувчи курс талабаси Наргиза Болтабоева Қозоғистон пойтахти Нур-султон шаҳрида бўлиб ўтган «МДҲ нинг энг яхши талабаси-2020» халқаро танловида биринчи ўринни эгаллади.

– Лойиҳанинг мақсади – МДҲ давлатлари олий таълим муассасаларининг энг яхши талабаларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг илм-фан, техника ривожига ҳисса қўшиб келаётган иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларни муносиб рағбатлантиришдан иборат, – дейди Қорақалпоқ давлат университети ректорининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Инжойим Сейтназарова.
– Танлов якунида Наргиза Болтабоеванинг илмий меҳнатлари, қўлга киритган ютуқлари биринчи ўринга лойиқ, деб топилди. У ташкилотчилар томонидан I даражали диплом ва «МДҲнинг энг яхши талабаси-2020» кўкрак нишони билан тақдирланди. Бу нафақат олий ўқув юртимизнинг, балки Оролбўйи ёшларининг ютуғи деб ҳисоблаймиз.

Таъкидлаш жоизки, Наргиза Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ташкил этилган стипендиянинг Қорақалпоғистон Республикасидан илк ғолибаси, сўнгра эса, Ислом Каримов номидаги стипендияга сазовор бўлди.

Лойиҳа доирасида МДҲ мамлакатлари олий таълим муассасаларининг қобилиятли, халқаро олимпиада ва танловларнинг ғолиблари бўлган талабаларнинг ютуқларини акс эттирувчи «Халқаро иқтидорли ёшлар энциклопедияси» нашрдан чиқди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА