Ҳозирги даврда жаҳондаги барча давлатлар COVID-19 пандемиясига қарши курашмоқда ва бу инсоният учун жудда катта синов бўлмоқда. Пандемия бир неча ой ичида инсонларнинг ҳаёт тарзини, ишлаш шароитларини кескин ўзгартириб юборди.  Бу синовда ҳар бир инсон ўз масъулиятини чуқур ҳис қилиб, талаб қилинаётган қоидаларга тўла амал қилинганидагина короновирусни енгишимиз мумкин. Афсуски, барча инсонлар ҳам ўзининг оддий хатти-ҳаракати билан атрофдагиларга, яқинларига, оиласига қанчалар хавф туғдираётганини англаб етмайди.

ОАВ ва бошқа манбалар орқали ҳозирги пандемия шароитига мос тартиб-интизом, тегишли қоидаларга амал қилиниши узлуксиз равишда тушунтирилаётган бўлса-да, айрим масъулиятсиз фуқаролар оддий қоидаларга амал қилмаяптилар. Масалан, аҳоли ўртасида ҳалигача бемалол қўл бериб кўришаётганларнинг гувоҳи бўлмоқдамиз. Шундай ҳолатлар бўлмоқдаки, дуст-биродарларимиз ёки танишларимизни кўриб қолганда уларнинг айримлари зарурий масофани ҳам сақламасдан, кўришиш учун дарҳол қўлини узатмоқда. Ҳозирги шароитдан келиб чиқиб, узр сўраб, қўлингизни кўксингизга қўйиб масофа сақлаб салом берсангиз улар чин қалбдан хафа бўлиб, ҳар хил фикрларга боришмоқда. Гуёки уларнинг пандемия шароитидаги тартиб-интизом, қоидалардан умуман хабари йўқ ёки ҳолатга менсимасдан қарамоқда. Тўғри, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан пандемия шароитига амал қилмаётганларга тегишли чоралар кўрилмоқда. Лекин уларнинг ҳаммасини назорат қилиш жуда қийин. Бу бир қарашда оддий, “кузга кўринмайдиган” муаммо бўлиб туюлиши мумкин. Лекин бу пандемия шароитига ҳам бизни ўша назар илғамас вирус олиб келдику. Шу боисдан бу вирусни енгиш учун белгиланган қоидалардаги ҳар бир деталга эътибор қилган ҳолда темир интизом билан ёндашиш зарур.

Қайси давлатларда аҳоли белгиланган интизомга якдил бўлиб амал қилаётган бўлса, ўша давлатларда пандемия енгил ўтмоқда ва айримлари вирусни енгиш арафасида. Мисол учун, Япония давлатида аҳоли пандемияга қарши курашиш учун талаб қилинаётган қоидаларга жуда масъулият билан амал қилиши билан бирга, уларнинг миллий маданиятига хос “Одзиги” деб номланувчи анъанавий таъзим этиш билан ўзаро саломлашишади ва сўрашишади. Энг муҳими, “Одзиги”да кишилар бир-бирига ҳеч қандай қўл узатишмайди ва ижтимоий масофа сақланади. Япон халқининг пандемияга қарши курашишида бу омилларнинг ўрни асосий эканлиги эҳтимолдан узоқ эмас.

Хулоса қилиб айтганда, халқимиз, яқинларимиз, оиламиз саломатлиги йўлида гарчи кўп замонлардан буён онгимизга сингиб қолган бўлса-да, қўл бериб кўришишдан тийилишимиз лозимлиги аллақачон давр талабига айланиб улгурди. Ҳозирги шароитдан келиб чиқиб, қолаверса, ота-боболаримиздан маънавий мерос бўлиб келаётган анъаналаримизга содиқ қолган ҳолда вақтинча қўл бериб ва қучоқлашиб кўришишдан воз кечишни бутун халқимизга тавсия этамиз.

 

Мухтор ИБРАГИМОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

 палатаси депутати

 Қорақалпоғистон ахборот агентлиги