Уч поғонали йўл ўтказгич очилди

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида Оҳангарон шоссеси ва Махтумқули кўчаси кесишмасидаги йўл ўтказгични кўздан кечирди.

Охирги уч йилда Тошкент шаҳрида енгил автомобиллар сони 95 мингтага кўпайган. Ҳудудлардан пойтахтга келиб-кетаётган машиналар сони ҳам ошмоқда.

Шу боис кўчаларнинг ўтказувчанлигини ошириш, тирбандликларни камайтириш мақсадида ўтган 3 йилда 4 та йўл ўтказгич кўприк қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Оҳангарон шоссеси Тошкент ҳалқа йўлининг бир қисми. Махтумқули кўчасининг янги қисми битказилгач, ушбу йўлларда транспорт ҳаракати янада ортган эди. Ушбу кўчалар кесишмасида 2018 йилда бошланган лойиҳа бу йил рўёбга чиқиб, ҳайдовчиларга жуда катта қулайлик яратди.

Мазкур транспорт ечими уч поғонадан иборат бўлиб, туннел узунлиги 593 метр, ҳалқа шаклидаги ўрта поғона 29 метр, эстакада қисми 502 метрни ташкил этади. Туннел ва эстакадада қатнов олти, ўрта поғонада эса беш қаторли.

Илгари бу чорраҳа соатига 7 минг автомашинани ўтказиш қувватига эга эди. Энди соатига 20 мингта транспорт воситасини узлуксиз ўтказиш имконияти пайдо бўлди. Бу ерда светофор ишлатилмаслиги ҳам тўхтовсиз ҳаракатни таъминлайди.

Яна бир жиҳати – бу янги объект катта юкламани ўзига олиб, “Тошкент-Чимён” йўналиши бўйича масофани 22 километрга қисқартирди.

– Пойтахтда енгил автомобиллар сони янада кўпайиши аниқ. Шунинг учун эртанги кунни олдиндан кўриб, кўчаларни кенгайтириш, кўприклар қуриш ишларини давом эттириш керак, – деди Президент.

Объектда 170 та энерготежамкор ёритиш устунлари ўрнатилган, атрофда 15 минг квадрат метр майдон ободонлаштирилган.


 

ЎзА