Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қ а р о р и
Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни қўллаб-қувватлаш орқали мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини янада кенгайтириш ҳамда болаларнинг мактабгача таълими билан кенгроқ қамраб олинишини таъминлаш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
2018-2019 йилларда мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда халқаро молия институтларидан эквиваленти 200,0 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредитлар жалб қилинганлиги;
2. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ва Молия вазирлигининг давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш дастурини давом эттириш мақсадида белгиланган тартибда тузилган битимлар бўйича кредитларни молиялаштириш учун тижорат банкларига қўшимча маблағлар ажратиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
3. Белгилансинки:
а) 2019 йил 1 декабрга қадар мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш ишлари 25 фоиздан кам бўлмаган ҳажмда бажарилган битимлар бўйича кредитларни молиялаштириш учун зарур бўлган 182 миллиард сўм маблағлар Молия вазирлиги томонидан 2020 йил учун Давлат бюджетида Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқларига мувофиқ ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича харажатлар учун назарда тутилган маблағлар доирасида 2020 йил 1 мартга қадар ажратилади. Бунда кредитлар 15 йил муддатга, шу жумладан, 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 1 фоизли ставка бўйича берилади;
б) 2018-2019 йилларда белгиланган тартибда тузилган 300 дан ортиқ битимлар бўйича кредитлар:
Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятларнинг маъмурий марказлари ҳамда 1-иловада келтирилган вилоят бўйсунувидаги шаҳарларда – 15 йил муддатга, шу жумладан, 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 12 фоиз ставка бўйича;
туманларнинг маъмурий марказларида – 15 йил муддатга, шу жумладан, 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 8 фоиз ставка бўйича;
туманларнинг бошқа ҳудудларида – 15 йил муддатга, шу жумладан, 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 5 фоиз ставка бўйича берилади;
2020 йилда халқаро молия институтларидан ушбу мақсадлар учун жалб этиладиган имтиёзли кредитлар (қарзлар) ҳисобидан молиялаштирилади;
в) 2021 йил ва келгуси йилларда тузиладиган битимлар бўйича кредитлар:
тижорат банклари томонидан мустақил белгиланадиган фоиз ставкаларида берилади;
халқаро молия институтларидан жалб этиладиган имтиёзли кредитлар (қарзлар), шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш учун аввал ажратилган кредитлар бўйича хусусий шерик томонидан қайтариладиган асосий қарзлар ҳисобидан молиялаштирилади;
г) 2018-2019 йилларда белгиланган тартибда имзоланиб, молиялаштирилмаган ҳамда келгуси йилларда тузиладиган битимлар бўйича кредитлар ушбу битимларда назарда тутилган хусусий шерикнинг ўз маблағлари ҳисобидан бажарилиши (сотиб олиниши) лозим бўлган ишлар (товарлар) тўлиқ амалга оширилганидан сўнг, тижорат банклари томонидан молиялаштирилади.
4. Белгилаб қўйилсинки мазкур қарорнинг:
3-банди “а” кичик бандида кўзда тутилган кредитлар бўйича хусусий шерик томонидан тўланадиган фоизлар хизмат кўрсатувчи тижорат банкида тўлиқ қолдирилади;
3-банди “б” кичик бандида кўзда тутилган кредитлар бўйича хусусий шерик томонидан тўланадиган фоиз ставкасининг 2 фоизи хизмат кўрсатувчи тижорат банкида қолдирилади, қолган қисми Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети даромадига ўтказилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда 2020-2021 йилларда давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш учун халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитларини (қарзларини) жалб қилиш чораларини кўрсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда давлат-хусусий шериклик асосида ташкил қилинадиган нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини устувор тартибда Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар, шунингдек, вилоят ва туманларнинг маъмурий марказларида ташкил этилишига эътибор қаратсин;
2020 йил ва келгуси йилларда битимларнинг фақатгина халқаро молия институтларидан жалб қилинган кредитлар (қарзлар) ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш учун аввал ажратилган кредитлар бўйича хусусий шерик томонидан қайтариладиган асосий қарзлар ҳисобидан махсус очилган шахсий ғазна ҳисобварағида жамланган маблағлар доирасида тузилишини таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги хусусий шерикларга берилган кредитлар ҳамда мактабгача таълим ташкилотларига ажратилган бюджет субсидиялари мақсадли ва самарали ишлатилиши бўйича доимий мониторингни йўлга қўйсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги “Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3651-сон қарорига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
10. Мазкур қарор ижроси қуйидаги тартибда амалга оширилсин:
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – молия вазири Ж.А.Қўчқоров – мазкур қарор ижросини сифатли, тўлиқ ва ўз вақтида таъминласин, белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан масъул вазирлик, идора ва ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил қилсин ҳамда мувофиқлаштирсин, ҳар чоракда улар раҳбарларининг бажарилган ишлари тўғрисидаги ҳисоботларини қабул қилсин ҳамда аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этсин;
Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири А.В.Шин –шаклланган маблағлар доирасида битимларни ўз вақтида тузиш ва амалга ошириш бўйича барча зарур чораларни кўрсин, хусусий шерикларга имтиёзли кредитлар олишда кўмаклашсин, тадбиркорлик субъектлари томонидан битим талаблари бажарилиши устидан доимий мониторингни йўлга қўйсин, мазкур қарорда белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишда масъул ташкилотларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатсин ҳамда унинг ижроси бўйича ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб борсин;
масъул вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари – мактабгача таълим соҳасида хусусий шерикликни ривожлантиришга қаратилган зарур шарт-шароитларни яратиш, мазкур қарорда назарда тутилган тадбирларни ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ бажариш юзасидан барча чораларни амалга оширсин;
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори А.К.Кўчимов, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси в.б. А.Д.Хаджаев ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори – мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ва амалий аҳамиятини ёритишга оид мақолалар, брифинглар, пресс-конференциялар, тематик телекўрсатувлар ташкил этсин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2020 йил 30 январь