Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биринчи йиғилишидаги нутқи

Ассалому алайкум, ҳурматли депутатлар!

Қадрли мажлис иштирокчилари!

Аввало, сизларни халқимиз ишончига сазовор бўлиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати деган юксак мақомга эга бўлганингиз билан чин дилдан муборакбод этаман.

Парламент ва маҳаллий Кенгашларга ўтказилган сайловлар, Ўзбекистонимиз учун катта сиёсий имтиҳон бўлди. Халқимиз бу синовдан ёруғ юз билан ўтди, десак, муболаға бўлмайди.

Табиий савол туғилади, бу сайловларнинг асосий хусусиятлари аввало нималарда намоён бўлди?

Биринчидан, сайловлар халқимизнинг онгу тафаккури, сиёсий билими ва маданияти ўсиб, жамиятимизда демократик тамойиллар илдам қадамлар билан чуқур қарор топиб бораётганини яққол намоён этди. Ушбу сайловлар халқаро талаб ва стандартларга тўлиқ жавоб берадиган янги Сайлов кодекси асосида, “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтгани бу борада муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Бизнинг амалиётимизда биринчи марта сайлов жараёнларини бошқариш бўйича автоматлаштирилган тизим ва сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати жорий этилди. Фуқароларнинг сайловда қатнашишига оид конституциявий ҳуқуқини таъминлаш мақсадида озодликдан маҳрум этилган, бироқ оғир ва ўта оғир жиноят содир этмаган маҳкумларга илк бор овоз бериш имконияти яратилди.

Энг муҳими, сайловлар очиқлик, ошкоралик ва ҳалоллик тамойили асосида ҳамда кескин курашлар остида ўтказилди. Уларни 70 мингдан зиёд маҳаллий кузатувчи ҳамда 10 та халқаро ташкилот, 50 га яқин хорижий давлатнинг 825 нафар кузатувчиси, халқаро ва мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларининг 1 минг 155 нафар вакили кузатиб борди.

Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари!

Қизғин сиёсий курашлар остида ўтган сайловлар натижасида янги парламент қуйи палатаси депутатларининг таркиби шаклланди. Уларнинг 48 нафарини аёллар, 9 нафарини ёшлар ташкил этмоқда. Бу – ёш авлод ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб бораётган ислоҳотларимиз самараси, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Сизларнинг орангизда аввалги чақириқ парламентимизда самарали фаолият кўрсатган, халқ ўртасида танилган, сайловчилар яна бир бор ишонч билдирган тажрибали 39 нафар депутатимиз ҳам борлиги алоҳида аҳамиятга эга.

Фурсатдан фойдаланиб, Қонунчилик палатасининг аввалги таркибида иш олиб борган, мамлакатимиз тараққиёти учун муҳим қонунлар қабул қилишга ҳисса қўшган барча депутатларимизга миннатдорчилик билдириб, уларга сиҳат-саломатлик, янги муваффақиятлар тилашга ижозат бергайсиз.

Бугун ушбу залда ўтирган сиз, муҳтарам депутатларнинг айримларини шахсан танийман. Кўпчилигингизни эса телевидение, оммавий ахборот воситаларидаги чиқишларингиз орқали яхши биламан. Сизлар парламентимиз ҳаётига албатта янги руҳ ва мазмун олиб кирасизлар, деб ишонаман.

Азиз дўстлар!

Маълумки, бўлиб ўтган сайловда бешта партиядан кўрсатилган номзодлар соғлом сиёсий рақобат муҳитида кураш олиб борди. Жонли телеэфирдаги дебатларда партиялар томонидан бошқа партиялар дастури жиддий таҳлил қилинди, очиқ танқидлар ҳам бўлди, долзарб масалалар бўйича қарама-қарши ёндашувлар илгари сурилди.

Ўзингиз айтинг, олдинги Парламент сайловларида мана шундай сиёсий жараённи – ютуқни ютуқ, камчиликни камчилик деб очиқ айта оладиган муҳитни тасаввур қила олармидик?

Айни вақтда, тан олиш керак, сайлов жараёнида партиялар томонидан чуқур асосланмаган айрим таклифлар ҳам билдирилди. Табиийки, улар фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлди.

Депутатликка номзодларнинг жойларда сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашувларида, оммавий ахборот воситаларида билдирилган, ижтимоий аҳамиятга эга фикр-мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар, кўтарилган савол ва муаммолар – буларнинг барчаси албатта эътиборга лойиқ. Улар парламент ва ҳукумат учун келгуси беш йиллик фаолият дастурига айланиши лозим.

Таъкидлаш керакки, бу сайловлар аҳолининг сиёсий фаоллигини юксалтириб, халқимизнинг партияларга нисбатан ишончи билан бирга, талабчанлигини ҳам кучайтирди. Бу, ўз навбатида, номзодлар савиясини ошириш ва сайловчилар билан тизимли иш олиб бориш бўйича партиялар олдида ечимини кутаётган бир қатор масалалар мавжудлигини кўрсатади.

Энг муҳими, партиялар ўртасидаги сиёсий рақобат сохта обрў орттиришга эмас, балки халқимиз манфаатларига хизмат қилиши зарур. Бу ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим.

Маълумки, сайловолди ташвиқотларида сиёсий партиялар томонидан жамиятимиздаги долзарб муаммоларни ҳал қилиш бўйича кўплаб ваъдалар берилди. Халқимиз ана шу ваъдаларнинг амалда бажарилишини кутмоқда.

Ҳар бир депутат беш йил давомида ўз сўзининг устидан тўлиқ чиқиши, партиясининг обрўсини сақлаши учун бугундан бошлаб жиддий ҳаракат бошлаши керак. Сизлар алоҳида “Йўл харитаси”ни тузиб, сайлов вақтида билдирган барча-барча ташаббусларингизни яхлит тизимга солиб, ишни пухта ташкил этсангиз, ўйлайманки, бу халқимизга ва сайловчиларингизга жуда маъқул бўлади.

Энди “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар – янги парламент” деган устувор ғоя долзарб вазифа сифатида кун тартибига қўйилмоқда.

Сиёсий партияларнинг қуйи палатадаги фракциялари ўзларининг истиқбол режаларини аниқ белгилаб олади ва уларни тўлиқ амалга оширади, деб ишонаман.

Ҳурматли мажлис иштирокчилари!

Сайлов натижаларининг таҳлили сайлов кампанияси даврида айрим камчиликларга йўл қўйилганини ҳам кўрсатди. Масалан, Тошкент шаҳрида сайловчилар иштироки бошқа ҳудудларга нисбатан пастлиги кузатилди. Бу эса, кўпчилик йирик шаҳарлар аҳолисига хос тенденциядир. Айни вақтда мазкур ҳолат сиёсий партиялар сайловчилар билан етарли иш олиб бормаётгани, уларнинг ғоя ва дастурлари электорат ичига тўлиқ кириб бормаётганидан ҳам далолат беради.

Афсуски, бир киши томонидан бир неча сайловчи ўрнига овоз беришга уриниш ҳолатлари оз бўлса ҳам учради. Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати тизими билан ишлашда ҳам камчиликлар кўзга ташланди.

Машҳур давлат ва сиёсат арбоби Теодор Рузвельт айтганидек, “Фақат ҳеч қандай иш қилмайдиган одамгина хато қилмаслиги мумкин. Хато қилишдан қўрқиш керак эмас, балки ана шу хатони такрорлашдан қўрқиш керак”.

Шунинг учун янги сайланган депутатларимиз ҳозиргина зикр этилган муаммоларни атрофлича таҳлил қилиб, йўл қўйилган камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш устида ҳозирдан бошлаб жиддий ўйлашлари лозим. Бу, бир томондан, улар аъзо бўлган сиёсий партияларнинг фаолиятини кучайтиришга, иккинчи томондан эса, мамлакатимизда парламентаризм тизимини ривожлантиришга хизмат қилади.

Албатта, сайлов жараёнидаги ҳар бир қонунбузиш ҳолати бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан тегишли чоралар кўрилди ва кўрилади. Айни вақтда миллий сайлов тизимимизни ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан янада такомиллаштириш бўйича ҳам зарур ишларни амалга оширишимиз керак.

Шу муносабат билан Марказий сайлов комиссиясининг сайлов жараёни билан боғлиқ муаммоларни ўрганиб, жорий йилда халқаро экспертлар иштирокида форум ўтказиш ҳақидаги таклифини тўла қўллаб-қувватлаймиз. Шу билан бирга, парламент аъзолари ҳам бу жараёнда фаол қатнашиб, миллий сайлов тизимимизни янада такомиллаштириш мақсадида маҳаллий ва хорижий экспертлар, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳар йили мунтазам равишда турли форумлар ўтказиб борса, ўйлайманки, бундан ишимизга фақат фойда бўлади.

Халқаро кузатувчилар томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар таҳлили ҳам сайлов комиссияси аъзолари ва сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш лозимлигини кўрсатмоқда. Ана шундай таклиф ва тавсияларни инобатга олган ҳолда, Аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш концепциясини ишлаб чиқиш зарур, деб ҳисоблайман. Шунингдек, хорижий кузатувчилар томонидан баён этилган сайловни молиялаштириш манбаларини кенгайтиришга доир тавсия бўйича парламент ўз муносабатини билдириши лозим.

Парламентга мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича комиссия тузиб, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишни тавсия этаман. Мазкур комиссия халқаро ташкилотлар ва кузатувчиларнинг таклиф ва тавсияларини чуқур ўрганиб, миллий қонунчилигимиз ҳамда сайлов жараёнини такомиллаштириш бўйича аниқ вазифаларни ишлаб чиқиши лозим.

Вазирлар Маҳкамаси ва Марказий сайлов комиссиясига сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати тизимининг самарали ишлаши учун зарур чораларни кўриш топширилади.

Фурсатдан фойдаланиб, сайловларда иштирок этган барча сайловчиларга, сайлов участкалари ва округлари аъзоларига, ноёб тизим – маҳаллалар фаолларига, эртанги кунга бефарқ бўлмаган фуқароларимизга, бутун халқимизга чин қалбимдан миннатдорчилик билдираман. Шунингдек, халқаро кузатувчилар, маҳаллий ва хорижий журналистларга ҳам самимий ташаккур изҳор этаман.

Муҳтарам халқ вакиллари!

Мана, ҳозиргина Сиёсий партиялар вакиллари кенгашининг таклифига асосан Қонунчилик палатасининг янги Спикери лавозимига депутат Нурдинжон Муйдинхонович Исмоилов сайланди.

Аввало шуни таъкидлаш керакки, бу раҳбар кўп йиллар давомида қонун ижодкорлиги соҳасида ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларида фаолият кўрсатган. Етарли иш ва ҳаёт тажрибасига эга. У киши миллий парламентимиз тараққиётининг дастлабки босқичларидан бошлаб унинг ривожига катта ҳисса қўшган раҳбарлардан ҳисобланади.

Спикернинг меҳнат фаолиятига назар ташласак, у давлат ва халқ манфаатларини таъминлаш йўлида ўзининг бор билими ва тажрибаси, куч-ғайратини сафарбар этиб келаётганини кўрамиз.

Шунингдек, бугун Қонунчилик палатаси Спикерининг янги таъсис этилган биринчи ўринбосари лавозимига депутат Акмал Холматович Саидов сайланди. Қонунчилик палатасида бу янги лавозимни таъсис этиш ҳақидаги қарор ўз вақтида ва тўғри қабул қилинган деб ҳисоблайман.

Айни вақтда янги парламент институти бўлмиш Спикернинг биринчи ўринбосари фаолиятининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат бўлиши мақсадга мувофиқдир.

Авваламбор, биринчи ўринбосар Қонунчилик палатасининг халқаро парламентлараро ташкилотлар билан алоқаларини ривожлантириш, хорижий давлатлар билан парламентлараро гуруҳлар фаолиятини мувофиқлаштириш, Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсидаги обрў-эътиборини юксалтиришга кўмаклашиш, парламентлараро дипломатияни амалга оширишга масъул бўлиши керак.

Маълумки, Конституцияга мувофиқ, Қонунчилик палатасининг энг муҳим ваколатларидан бири – бу халқаро шартномаларни ратификация ёки денонсация қилиш ҳисобланади. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг Ҳукумат томонидан изчил бажарилишини назорат қилиш ҳам Спикер биринчи ўринбосарининг асосий вазифаси бўлиши керак.

Масалан, Қонунчилик палатаси бундан буён Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш бўйича вазирлар ҳисоботларини эшитишни йўлга қўйиши лозим.

Яна бир муҳим масала – Ўзбекистон инсон ҳуқуқларига оид 70 дан ортиқ халқаро шартномага қўшилган. Шу йўналишда БМТнинг устав органларида Ҳукуматимиз мунтазам равишда миллий ҳисоботлар бериб келмоқда.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда Қонунчилик палатаси ролини ошириш, халқаро ташкилотлар тавсиялари ижросини ташкил этиш, “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ва ижро этиш ҳам қуйи палатанинг диққат марказида бўлиши керак.

Бугунги кунда жаҳон парламентаризмида илғор тажриба бўлмиш, яъни нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш амалиёти халқаро даражада эътироф этилаётгани сизларга яхши маълум. Шу боис, Спикернинг биринчи ўринбосари томонидан ушбу номдаги Парламент комиссияси фаолиятининг изчил мувофиқлаштириб борилиши муҳим, деб ҳисоблайман.

Хабарингиз бор, Олий Мажлис ҳузурида Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти тузилган. Бу институт қонун лойиҳаларини тайёрлашда, уларни муҳокама қилишда, қабул қилинган қонунлар моҳиятини жамоатчиликка етказишда парламент аъзоларига ҳақиқий ёрдамчи бўлиши лозим.

Қонун ижодкорлиги фаолиятига илмий-инновацион омилни кенг жорий этиш ҳам бундан кейин палатанинг муҳим вазифаси бўлиб қолиши керак.

Спикернинг биринчи ўринбосари лавозимига сайланган Акмал Холматович Саидовни нафақат мамлакатимиз, балки халқаро жамоатчилик вакиллари ҳам қонунчилик соҳасида кўзга кўринган, узоқ йиллардан буён фаолият олиб бораётган йирик мутахассис сифатида яхши билишади. У мазкур лавозимда ўзининг бой билими, кенг дунёқараши, профессионал малакаси, ташкилотчилик ва ташаббускорлик қобилиятини Ватанимиз равнақига сафарбар этади, деган умиддаман.

Спикернинг биринчи ўринбосари партиявийликдан холи равишда умумдавлат, умумхалқ манфаатлари йўлида иш олиб бориши лозим.

Шу билан бирга, бугун Спикер ўринбосарлари этиб сайланган барча партиялар фракциялари раҳбарларини ҳам самимий қутлашга ижозат этгайсизлар.

Бир сўз билан айтганда, бугун Қонунчилик палатаси депутатлари ўзларининг муносиб раҳбарларига эга бўлди, деб айтишга барча асосларимиз бор. Халқ вакилларини жонажон Ўзбекистонимизни тараққий эттиришдек улуғ мақсад йўлида бирлаштириб, парламент фаолиятини янги босқичга кўтаришда уларга ютуқ ва омадлар тилаймиз.

Ҳурматли мажлис иштирокчилари!

Барчамизга яхши аёнки, депутатлик – бу одамдан жуда катта интеллектуал салоҳият, тинимсиз меҳнат, изланиш ва масъулият талаб қиладиган фаолиятдир. Ўзим ҳам кўп йиллар депутат бўлиб ишлаганман, бу вазифанинг қанчалик оғир ва машаққатли, шу билан бирга, шарафли иш эканини яхши биламан.

Депутат, аввало, ҳамиша халқ дарди билан яшаши, одамларни қийнаётган муаммоларни ҳал қилиш учун фидойилик кўрсатиб бошқаларга ўрнак бўлиши лозим. Депутатнинг қалби, виждони уйғоқ бўлса, вазирлар ҳам, ҳукумат ҳам, парламент ҳам уйғоқ бўлади, бутун жамиятимиз уйғоқ бўлади.

Бугун биз ҳамма соҳада изланиш ва ўрганишдамиз. Изланиб яшаётган, ўз мақсади сари изчил бораётган инсон ва жамият албатта ижобий натижа ҳамда ютуқларга эриша олади.

Ҳозирги кунда – Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида олдимизда ўта долзарб ва мураккаб вазифалар турибди. Уларни муваффақиятли ҳал этиш учун аввало қонун ижодкорлиги соҳасида ишни бутунлай янгича ташкил этишимиз керак. Бу борада айниқса қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Биринчидан, қуйи палата ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича холис баҳс-мунозара ва тортишувлар маконига, турли ижтимоий манфаатлар ўртасидаги кураш майдонига, чинакам “демократия мактаби”га айланиши зарур.

Ўтган беш йил давомида палата фаолияти сезиларли даражада жонланиб, 540 та қонун ёки 2010-2014 йилларга нисбатан 2 баробар кўп қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Агар 2015 йилда қабул қилинган қонунларнинг бор-йўғи 11 тасини яхлит ва янги қонунлар ташкил этган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 3 баробар ошиб, 35 тага етди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бир соҳага тааллуқли ижтимоий муносабатларни тартибга соладиган бир нечта қонунлар ўрнига, ягона кодекс қабул қилиш амалиёти қарор топмоқда. Жумладан, Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекс, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс, Сайлов кодекси каби муҳим ҳужжатлар қабул қилинди.

Шунингдек, ўтган икки йилда тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунларни қабул қилишни бошладик. Масалан, “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги, “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги қонунларда ҳавола шаклидаги нормалар ўрнига тўғридан-тўғри ишлайдиган қоидалар белгиланди.

Айни вақтда ҳаётнинг ўзи, Ўзбекистоннинг жадал тараққиёти бу борадаги фаолиятимизни янги сифат босқичига олиб чиқишни талаб этмоқда. Жаҳондаги илғор тажрибалар асосида партиялар ўз сиёсий манфаатлари, ўз электорати манфаатларини ифода этадиган қонунларни қабул қилиш учун парламентда қизғин баҳс олиб боришлари керак. Бунинг учун парламентда кўпчиликни ташкил этадиган партия ва унга мухолифатда бўлган партиялар ўртасида соғлом рақобат бўлиши лозим.

Албатта, Қонунчилик палатасида ҳам фракция ўзини мухолифат деб эълон қилиши мумкин. Бу фракция қонун биринчи ўқишда кўриб чиқилгунга қадар мазкур масала бўйича қонуннинг муқобил таҳририни киритиш ҳуқуқига эга экани белгиланган. Лекин, тан олишимиз керакки, бу институт шу пайтгача самарали ишлагани йўқ.

Албатта, сиз, ҳурматли депутатлар ташаббус кўрсатиш учун ўз устингизда мунтазам ишлашингиз, ҳар бир соҳа бўйича қабул қилинган қарорда халқ манфаатлари йўлида мустаҳкам замин яратишингиз керак. Сайловчилар сизлардан ташаббус кўрсатиб, ўз муқобил фикрингизни, қатъий сиёсий иродангизни намоён этишингизни кутмоқда. Чунки ҳақиқат баҳс ва тортишувларда туғилади, деган гапда чуқур ҳаётий маъно бор.

Албатта, ҳар бир депутат маълум бир соҳага оид қонунни қабул қилишда шу соҳанинг мутахассиси сифатида фикр юритишга қодир бўлиши лозим. Чунки сизлар қабул қиладиган қонун ҳужжатлари миллионлаб одамларнинг, бутун халқимизнинг ҳаётига бевосита таъсир кўрсатади. Лекин бу таъсир ижобий ҳам, салбий ҳам бўлиши мумкин. Шунинг учун халқ ишончини қозонган депутатнинг хато қилишга, ўз зиммасидаги юксак масъулиятни унутишга сира ҳаққи йўқ.

Иккинчидан, депутатлар муҳокамага киритилган ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича ўзининг мустаҳкам позициясини кўрсатган тақдирдагина, сайловчилар ишончини оқлай олади.

Ўтган чақириқда қуйи палатага киритилган ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича жойларда жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди. Шундан сўнг 400 дан зиёд қонун лойиҳасидаги мингга яқин қоидалар фуқароларимиз билдирган таклифлар асосида такомиллаштирилди. Мисол учун, “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси фуқаролик жамияти институтлари билан биргаликда кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди.

Депутатлар қонунларни “номигагина кўриб чиқиб, бир овоздан маъқуллаш” деган эски амалиётдан воз кечиб, уларни жиддий ва батафсил муҳокама қилишни ўрганмоқда. Аҳоли томонидан билдирилган фикрлар, танқидий мулоҳазалар инобатга олиниб, 16 та қонун лойиҳаси рад этилди ва ташаббускор идорага қайтарилди. Ҳолбуки, 2010-2014 йилларда бирорта ҳам қонун лойиҳаси қайтарилмаган эди.

Сиз, ҳурматли депутатлар, қонун лойиҳаларини биринчи навбатда халқ манфаатидан келиб чиққан ҳолда таҳлил қилиб, уларни танқидий кўриб чиқиш борасидаги ишларни кучайтиришингизга ишонаман.

Қуйи палата аъзолари шу пайтгача қонун лойиҳасининг концептуал масалаларидан ташқари уларнинг Конституция ва амалдаги қонунларга, қонунчилик техникасига мослигини таъминлаш билан ҳам шуғулланиб келган. Аслида депутатлар сифатсиз лойиҳаларни маромига етказиш билан банд бўлмасдан, асосий эътиборни қонунлар халқ манфаатини қанчалик ифода этишига қаратиши керак.

Шу ўринда қадимги Римнинг машҳур шоири Публилий Сирнинг бир фикрини эслаш жоиз деб биламан. “Қонунлар кучли бўлган жойда, халқ ҳам кучлидир”, деб ёзган эди у.

Дарҳақиқат, халқ вакиллари бўлган депутатлар ўз ваколатига асосланиб, жасур, талабчан ва қатъиятли бўлиши, фуқароларнинг манфаатига хизмат қилмайдиган қонунлар қабул қилинишига йўл қўймаслиги шарт.

Ҳар бир қонуннинг, таъбир жоиз бўлса, кўзи, оёғи, ижроси бўлиши лозим. Қонун қабул қилиндими, албатта, ҳаётда ўзгариш бўлиши керак.

Айни вақтда масаланинг иккинчи томонини ҳам ўйлаш керак, яъни парламентга сифатсиз қонун лойиҳаларини киритгани учун аввало ташаббускор идоралар ва Адлия вазирлигининг роли ҳамда масъулиятини ошириш зарур. Агар ташаббускор идора қонун лойиҳасининг аҳамиятини депутатлар олдида асослаб бера олмаса, Қонунчилик палатаси лойиҳани кўриб чиқишни рад этиши лозим, деб ҳисоблайман.

Учинчидан, қуйи палата депутатлари ташаббуси асосида ишлаб чиқиладиган қонунларнинг салмоғини ошириш лозим.

2015-2019 йилларда депутатларнинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланиши сон жиҳатидан ошганини таъкидлаш лозим. Хусусан, 2010-2014 йилларда 37 та қонун лойиҳаси депутатлар томонидан муҳокамага киритилган бўлса, ўтган чақириқда бу кўрсаткич 2,5 баробар ошиб, 88 тага етди. Бироқ, бундай қонун лойиҳаларининг салмоғи қуйи палатага киритилаётган лойиҳаларнинг умумий сонига нисбатан ҳануз пастлигача қолмоқда, яъни 16-17 фоиздан ошмаяпти. Шу сабабли депутатларимизни ўз сайловчиларининг долзарб муаммоларини чуқур таҳлил қилган ҳолда янада ташаббускор бўлишга чақираман.

Тўртинчидан, ҳурматли халқ вакиллари қонунларни қабул қилишда уларнинг келгусида ишлашини таъминлайдиган чора-тадбирларни ҳам кўриши лозим.

Қонунларда белгиланган айрим қонуности ҳужжатларининг ўз вақтида қабул қилинмаслиги – уларнинг амалда “ишламай қолиши”га, бу эса, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Мисол учун, халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун кучга кирганига бир йилдан ошган бўлса-да, унинг амалда қўлланиши кўплаб саволларни юзага келтирмоқда.

Шунинг учун қонунларни қабул қилиш жараёнида улар билан боғлиқ барча қонуности ҳужжатларининг ўз вақтида ва тўлиқ ишлаб чиқилишини таъминлаш – палатанинг беш йил давомидаги асосий вазифаларидан бири бўлиши лозим. Шундагина биз “қонунни қабул қилиш билан парламентнинг иши якунланди”, деган эскича қарашдан воз кечамиз.

Бундан ташқари, бирон-бир қонун лойиҳасини қабул қилишда ташаббускор бўлган парламент фракцияси шу қонунни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиши мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Қонунчилик палатаси йил якунига кўра жорий йилда қабул қилинган ҳар қайси қонун халқ томонидан қандай баҳолангани, қайси қонун аҳолига наф келтираётганини, қайси қонун эса ишламай турганини аниқ таҳлил қилиши ва тегишли хулосалар чиқариши лозим. Бу эса электорат билан таъсирчан мулоқотни йўлга қўйишга ва парламентимиз фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Бешинчидан, қонун лойиҳаларининг халқаро шартномаларга, халқаро рейтинглардаги ўрнимизни яхшилаш бўйича тавсияларга мослигини ўрганиш амалиётини кенг жорий этиш лозим. Чунки, халқаро шартномалар ва рейтинглар мазмунида хорижий давлатларнинг илғор тажрибаси ўз аксини топган.

Юқорида баён этилган фикрлардан келиб чиқиб, хулоса қиладиган бўлсак, қонун ижодкорлиги фаолияти “қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт” деган устувор тамойилга асосланиши керак.

Ҳурматли мажлис иштирокчилари!

Қуйи палатанинг парламент назоратини амалга ошириш борасидаги фаолиятида ҳам ўз ечимини кутаётган қатор масалалар мавжуд.

Биринчи. Янги депутатлар таъсирчан парламент назоратини олиб бориш орқали халқ ишончини оқлаши зарур.

Ўтган даврда парламент назоратининг янги шакл ва механизмлари ҳаётимизга кириб келди. Жумладан, Қонунчилик палатасида ҳукумат аъзоларининг депутатлар саволларига жавобларини эшитиш тартиби – “Ҳукумат соати” институти жорий этилди. Сўнгги 2 йилда 14 марта “Ҳукумат соати” ўтказилиб, уларда 17 та вазирлик ва давлат қўмитаси раҳбарлари иштирок этди.

Бундан ташқари, 2019 йилдан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни қуйи палата мажлисида кўриб чиқиш амалиёти йўлга қўйилди. Бироқ бундай ишларимиздан сайловчиларимиз тўлиқ рози, деб айтишга ҳали эрта.

Ҳеч кимга сир эмас, айрим мансабдор шахслар номаъқул хатти-ҳаракатлари билан жамиятда қизғин муҳокамаларга, айрим ҳолларда эса, кескин норозиликка сабаб бўлмоқда. Ана шундай вазиятларда депутатларнинг бир чеккада томошабин бўлиб туришини бундан кейин халқимиз асло қабул қила олмайди. Ахир, фуқаролар ўз вакилларини халқ фикрини ифода этиш ва улар манфаатларини ҳимоя қилиши учун сайлаган-ку!

Эл-юртимиз депутатлар тимсолида қонун ва ахлоқ-одоб мезонларини бузган мансабдорларга қарши тура оладиган талабчан курашчини, халқ дардини қўрқмасдан кўтариб чиқадиган ўз ҳимоячиси, ўз вакилини кўришни истайди.

Бу борада дастлабки қадамлар ташланмоқда. Расул Кушербаев, Шуҳрат Полвонов, Алишер Ҳамроев каби ёш ва жонкуяр депутатлар фаолияти сайловчиларга манзур бўлмоқда. Масалан, автомототранспорт воситаларида кундуз куни чироқ ёқиб юриш бўйича қабул қилинган қарор депутатлар ташаббуси билан ўзгартирилди.

Биз бундай ҳолатларни фақат ижобий баҳолашимиз керак. Шу тариқа биз таъсирчан парламент орқали самарали ижро ҳокимияти фаолиятини йўлга қўйишга эришамиз. Шу сабабли халқ орасида мунозарага сабаб бўлаётган муаммолар юзасидан масъул раҳбарларнинг парламент ва маҳаллий Кенгашларга тушунтириш бериш тартибини йўлга қўйиш керак.

Парламент назорати натижаларидан аҳолини ўз вақтида хабардор қилиш масаласи ҳам эътиборимиз марказида бўлиши шарт. Шу муносабат билан палата мажлисларини, ҳар бир тадбир ҳақидаги ахборотни оммавий ахборот воситаларида, расмий веб-сайтларда, ижтимоий тармоқларда кенг ва тизимли ёритишни кучайтириш керак. Бундай амалиёт парламент фаолиятида нафақат очиқликни таъминлашга, балки барча давлат идоралари масъулиятини оширишга ҳам хизмат қилади.

Иккинчи. Палатанинг қўмиталари ва бошқа таркибий тузилмалари назорат-таҳлил ишларини кучайтириши лозим.

Парламент фаолиятининг роли ва амалий таъсирчанлигини ошириш мақсадида ўтган чақириқда қатор янги таркибий тузилмалар ташкил этилди. Хусусан, Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси энди ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини ислоҳ этиш ва суд мустақиллигини таъминлашнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқишга бош-қош бўлиши керак. Ушбу қўмита давлат идораларининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятига баҳо бериб, раҳбарларнинг жавобгарлиги масаласини Ҳукумат олдига қўйса, ўйлайманки, жуда ўринли бўлади.

Фуқаролар соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси жойларда тиббиёт соҳасидаги ишлар аҳволини ўрганишга масъул этиб белгиланган. Умуман, Қонунчилик палатасига соғлиқни сақлаш тизимини назорат қилиш ишониб топширилган эди.

Афсуски, палатанинг бу борада олиб бораётган ишлари ҳали биз кутган натижани бермаяпти ва бундай ҳолат мени жиддий ташвишга солмоқда.

Нега деганда, соғлиқни сақлаш тизимида ҳозирда ҳам ўз ечимини топмаган муаммолар жуда кўп. Мисол учун, соҳада давлат-хусусий шерикликни йўлга қўйишнинг ҳуқуқий асослари яратилган бўлса-да, биронта лойиҳа ишга туширилмаган. Шунингдек, онкологик, эндокринологик ва юрак-қон томир тизими касалликларини даволаш бўйича ишларнинг аҳволи талаб даражасида эмас.

Энг ачинарлиси, айрим тиббиёт масканларининг ўзи инфекция тарқалиш манбаи бўлиб қолмоқда. Хусусан, 2019 йилда шифохоналарда инфекция тарқалиши билан боғлиқ мингга яқин ҳолат қайд этилган.

Соҳадаги мавжуд аҳволнинг назорати қуйи палатага юклатилганини инобатга олиб, Спикер ва масъул қўмита парламент назоратини тизимли йўлга қўйиши, керак бўлса, уни ҳар бир тиббиёт муассасаси бўйича амалга ошириши лозим. Ана шу ўта муҳим масалада, яъни тиббий хизмат сифатини яхшилаш учун қандай қонуний чоралар кўриш, одамларни рози қилиш бўйича чинакам ташаббус ва қатъият кўрсатилса, тарихда қоладиган иш бўлур эди.

Қуйи палатада Давлат бюджети бошқармасининг ташкил этилгани бюджетни шакллантириш ва ижроси устидан самарали назорат ўрнатишга хизмат қилмоқда. Масалан, ўзини ўзи молиялаштириш тартибига ўтган олий таълим муассасалари учун ижтимоий солиқ ставкаси 25 фоиздан 12 фоизга туширилди ва уларнинг ихтиёрида 47 миллиард сўм маблағ қолдирилди. Албатта, бу – парламент назоратини кучайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг дастлабки ижобий натижаси, холос.

Парламентимизнинг бу борадаги фаолиятини кучайтиришни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.

Кейинги пайтда ҳудуд ва минтақаларимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида давлат томонидан катта ҳажмдаги маблағлар йўналтирилмоқда. Лекин бу маблағларнинг тўғри ва самарали ишлатилишини назорат қилиш борасида, авваламбор, шу ҳудудлардан сайланган депутатларимизнинг иштироки деярли сезилмаяпти. Ҳолбуки, жойларда ажратилган маблағлардан нотўғри фойдаланиш, уларни талон-тарож қилиш, коррупция ҳолатлари ҳам учраб турибди.

Халқ вакиллари ўз ваколатига асосланиб, таъсирчан назорат ўрнатса, уларнинг ҳам, Қонунчилик палатасининг ҳам обрў-эътибори ортади. Энг муҳими, бундан эл-юртимизга амалий фойда бўлади.

Бюджетдан сарфланадиган ҳар бир сўм учун Молия вазирлиги халқ вакиллари олдида ҳисобот бериши, барча идоралар давлат маблағининг аниқ мақсадлар учун ишлатилиши бўйича парламентдан ҳайиқиб туриши лозим. Шунда тартиб бўлади, шунда ҳамма депутат билан ҳисоблашадиган бўлади. Палата бу масалада қатъият кўрсатиб, электорат манфаатларини ҳимоя қилади, деб ишонаман.

Умуман олганда, ҳар бир қўмита чорак иш режаси асосида ўз фаолият йўналишидаги давлат идоралари олдига конкрет вазифаларни қўйиб, улардан қонун ва қарорлар ижроси бўйича аниқ сўров қилишига эришмоғимиз зарур.

Учинчи. Парламент ва депутат сўровининг таъсирчанлигини ошириш чораларини кўриш керак.

Ўтган чақириқда давлат ва хўжалик бошқаруви органларидаги мансабдор шахсларга 28 та ёки 2010-2014 йилларга нисбатан 7 баробар кўп парламент сўрови юборилди.

Парламент ва депутат сўровини кўриб чиқмаганлик ёки кўриб чиқиш муддатини бузганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилди. Шунга қарамасдан, афсуски, айрим ҳолларда депутат сўровига раҳбарнинг ўзи эмас, балки унинг ўринбосари, ҳатто бошқарма бошлиқлари жавоб қайтармоқда.

Ўзингиз айтинг, қани бу масалада халқ вакилининг обрўси? Парламентга ва депутатга бўлган ҳурмат шуми? Бундай салбий ҳолатларга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди. Шу сабабли парламент ва депутат сўровига вазирлик ва идоралар биринчи раҳбарларининг шахсан ўзлари жавоб бериши шартлигини қонунда белгилашни таклиф қиламан.

Тўртинчи. Сайловчи ва депутатнинг ўзаро муносабатларига ахборот технологияларини кенг жорий этадиган вақт келди. Жумладан, парламент ва депутат сўровларини шакллантириш механизмини такомиллаштириш зарур.

Ўтган чақириқда турли масалалар юзасидан 856 та депутат сўрови юборилган. Лекин сўровларда сайловчилар манфаати қанчалик ўз аксини топди, уларнинг нечтаси фуқаролар ташаббуси асосида шакллантирилди, деган саволлар мени ўйлантирмоқда. Шунинг учун жамоавий мурожаатлар асосида Интернет тармоғи воситасида парламент ва депутат сўровини шакллантириш амалиётини йўлга қўйиш лозим. Бу орқали биз аҳолини қийнаётган масалаларнинг парламентда кўриб чиқилишига эришамиз.

2019 йилда депутатлар томонидан 8 мингдан ортиқ хонадон, 3 мингдан зиёд ижтимоий соҳа ва 2 мингга яқин ишлаб чиқариш объектига борилиб, қарийб 150 минг фуқаро билан мулоқот ўтказилди. Одамларни ташвишга солаётган ижтимоий муаммоларни ҳал этиш мақсадида депутатлар ҳар ойнинг охирги ҳафтасида ўз сайлов округида бўлишига доир тартиб йўлга қўйилди. Албатта, бу ишларни тизимли равишда давом эттириш керак.

Айни вақтда савол туғилади – ахборот технологиялари ривожланган ҳозирги кунда сайловчи ўзининг вакилига мурожаат қилиши учун унинг округга бевосита келишини кутиб ўтириши шартми? Шу сабабли халқ билан мулоқот тизимини мутлақо янги босқичга олиб чиқиб, депутатларни ўз сайловчилари билан боғлаш имкониятини берадиган электрон портал ва мобиль иловаларни ишга тушириш лозим. Токи ана шу тизим орқали сайловчи депутатнинг кундалик ишини кузатиб бориш, қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш ва улар бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириш имконига эга бўлсин. Яъни депутат фаолиятига унинг сайловчилари бевосита баҳо берсин. Ана шундагина фуқаро ва парламент ўртасида халқимиз биздан кутаётган ҳақиқий кўприк пайдо бўлади.

Бешинчи. Парламент фаолиятига аҳолини кенг жалб этиш мақсадида “Менинг фикрим” веб-портали ишини такомиллаштириш даркор.

Маълумки, биз бу портални давлат ва жамият ҳаётига оид муҳим масалаларда халқ фикрини атрофлича ўрганиш ва фуқаролар ташаббусини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этган эдик. Лекин ҳозирги кунда халқдан тушаётган таклифларни чуқур ўрганиш ва уларни муҳокама қилиш ишлари самарали йўлга қўйилганми?

Бу саволни ўртага қўяётганимиз бежиз эмас. Чунки, ҳозирги кунга қадар тушган таклифларнинг атиги 11 таси кенг муҳокамадан ўтказилиб, улар бўйича палатанинг қарорлари қабул қилинган.

Умуман олганда, жамият ҳаёти учун долзарб муаммолар кўтариладиган бўлса, уларни кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама қилишнинг муқобил усулларини амалиётга киритиш зарур.

Бу борада “Менинг фикрим” веб-порталига тушаётган мурожаатларни телевидение ва бошқа оммавий ахборот воситаларида депутатлар, мутахассислар, кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш учун кўрсатув ва эшиттиришлар ташкил этиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман.

Яна бир муҳим масала шуки, Қонунчилик палатасининг халқаро парламентлараро ташкилотлардаги иштирокини фаоллаштириш лозим.

Бугунги кунда қуйи палатанинг халқаро алоқалари кенгайиб бораётгани ҳаммамизга яхши маълум. Масалан, 2015 йилда палатада хорижий давлатларнинг парламентлари билан ҳамкорлик бўйича 9 та парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи фаолият кўрсатган бўлса, 2019 йилда уларнинг сони 28 тага етди, шундан 24 та гуруҳ Сенат билан биргаликда тузилгани эътиборга молик. Халқаро муносабатлардаги самарали фаолият натижасида ўтган даврда парламентда 248 та чет эл делегацияси қабул қилинди.

Миллий парламентимиз қисқа муддатда кўплаб нуфузли халқаро парламентлараро бирлашмаларнинг фаол иштирокчисига айланди. Парламентлараро иттифоқ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Парламентлараро ассамблеяси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар Парламентлараро ассамблеяси шулар жумласидан бўлиб, бизнинг депутатларимиз ҳам мазкур нуфузли ташкилотларнинг раҳбарлик лавозимларига сайландилар.

Халқаро парламентлараро алоқаларни тизимли равишда ривожлантириб бориш бундан кейин ҳам депутатларнинг доимий эътибор марказида бўлиши зарур.

Яна бир жиҳатга алоҳида эътиборингизни қаратишни истар эдим. Афсуски, партияларимиз ўз сиёсий мақсад ва дастурларини илгари суриш ва сафларини кенгайтириш ҳақида фақат сайлов арафасидагина эслаб қоладилар. Асосан шу даврда улар ўз аъзолари билан ишлаб, уларнинг сонини кўпайтиришга интилади. Бундай ёндашув, вақтинчалик ва расмиятчилик учун қилинадиган ишлар қанчалик тўғри? Бу албатта нотўғри.

Аслида сиёсий партиялар ўз аъзолари сонини кўпайтириш устида доимий ишлаши, ўз дастурларини ҳамиша такомиллаштириб, ундаги мақсад ва ғояларни кундалик ҳаётга татбиқ этиб бориши керак эмасми? Шундагина партияларнинг жамиятдаги ва ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни ва таъсири мустаҳкам бўлади. Шунинг учун сиёсий партиялар ва уларнинг фракциялари раҳбарлари ўз фаолиятини жонлантириши, электорат ичига чуқур ва тизимли равишда кириб бориши лозим.

Янги сайланган Спикернинг биринчи ўринбосари, катта тажрибага эга ҳуқуқшунос олим сифатида ҳам, сиёсий партиялар ва фракцияларга ўз фаолиятини такомиллаштиришида доимий амалий кўмак ва тавсиялар бериб бориши зарур.

Ҳурматли дўстлар!

Бугунги кунда жонажон Ўзбекистонимиз ўз тараққиёт йўлидан жадал илгарилаб бормоқда. Ўтган уч йил давомида амалга оширган ислоҳотларимиз ўзининг дастлабки мевасини бера бошлади. Жаҳон ҳамжамиятида Ўзбекистонга қизиқиш ва эътибор, мамлакатимизнинг куч ва имкониятларига, унинг келажагига бўлган ишонч тобора ортиб бормоқда. Бу эса тараққиётнинг янги босқичига чиқиш, кўзлаган мақсадларимизга етиш учун мустаҳкам замин яратмоқда, десак, адашмаган бўламиз.

Ана шундай улкан имкониятларни қўлдан бермасдан, йўлимиздан оғишмасдан, янада қатъий илгарилаб борсак, эзгу мақсадларимизга албатта етамиз. Бу йўлда Қонунчилик палатаси, ҳурматли депутатларимиз етакчи куч бўлиб майдонга чиқишлари керак.

Халқимизнинг энг сара вакиллари сифатида сизлар бунинг учун етарли салоҳият ва шароитларга эгасизлар. Умуман олганда, депутатларимиз ўзининг юриш-туриши, маданияти, одоби ва этикаси билан барчага ибрат ва намуна бўлиши лозим. Спикер ва унинг ўринбосарлари бу муҳим масалани ўзининг алоҳида назоратига олиши шарт.

Давлат бошқаруви академияси билан биргаликда депутатларнинг малакасини доимий ошириб бориш юзасидан янгича тизим – депутатлик ўқувларини жорий этишни таклиф қиламан.

Эл-юртимиз сизларга ҳақли равишда катта умид ва ишонч билан қарамоқда. “Парламент халқ иродасининг ҳақиқий кўзгуси бўлиши зарур” деган улуғвор ғояни амалда намоён этишингизни кутмоқда. Ана шундай ишонч, ҳурмат ва эътиборга муносиб бўлиш – бу жуда катта бахт. Бағрикенг, меҳнаткаш ва олижаноб халқимизнинг ана шу ишончини ҳар биримиз ўз жойимизда амалий ишлар билан оқлашимиз керак. Бу бизнинг нафақат фуқаролик, балки, энг аввало, она Ватанимиз олдидаги фарзандлик бурчимиздир.

Ишонаманки, янги парламент таркибида ўз фаолиятини бошлаётган барча ҳурматли депутатларимиз ана шу талабни чуқур англаб, самарали фаолият олиб борадилар.

Сизларни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланганингиз билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, куч-ғайрат, фаолиятингизда ютуқ ва омадлар тилайман.

Эътиборингиз учун раҳмат.

 

ЎзА