Тошкент шаҳрида Беларусь – Ўзбекистон қўшма тармоқлараро амалий техник квалификациялар институтини ташкил этиш тўғрисида​

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

қ а р о р и

Республика иқтисодиёти тармоқлари учун юқори малакали муҳандис-техник кадрлар тайёрлашни янада такомиллаштириш, олий таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ:

1. Беларусь Республикаси Таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Беларусь миллий техника университети, Республика касб-ҳунар таълими институти (Беларусь Республикаси) ва Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг Тошкент шаҳрида Беларусь – Ўзбекистон қўшма тармоқлараро амалий техник квалификациялар институтини (кейинги ўринларда – Институт) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Институтнинг асосий фаолият йўналишлари ва вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

халқаро таълим стандартларига мувофиқ, шу жумладан, қўшма таълим дастурлари асосида республика саноат тармоқларининг энг муҳим илмий-ишлаб чиқариш масалаларини ҳал эта оладиган юқори малакали муҳандис-техник кадрларни бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича тайёрлаш;

олий ва касб-ҳунар таълимининг замонавий таълим дастурлари ва шаклларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш, таълим жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологияларини, фан ва техниканинг энг янги ютуқларини татбиқ этиш;

бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига мувофиқ янги ўқув дастурлари, дарсликлар, ўқув қўлланмалари яратиш орқали ўқув-услубий ишлар сифати ва даражасини ошириш;

таълим ва фаннинг узлуксизлиги ва узвийлиги ҳамда жаҳон таълим
ва илмий ҳамжамиятига интеграциялашиш ҳисобига мутахассислар ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

илмий-педагогик салоҳиятни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, педагогик технологиялар ва таълим усулларини фаол такомиллаштириш;

ишлаб чиқариш тизимларида тежамкорлик, ишончлилик ва барқарор фаолиятни оширишга йўналтирилган, машинасозлик, механика, ишлаб чиқаришни автоматлаштириш, биотехнология, метрология ва стандартлаштириш ҳамда саноат ишлаб чиқаришнинг бошқа тармоқларида илмий тадқиқотлар ўтказиш, инновацион лойиҳаларни амалга ошириш;

таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг мустаҳкам интеграцияси учун шароитлар яратиш;

таълим ва илмий-техникавий соҳаларда хорижий мамлакатларнинг
етакчи таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ва бизнес ҳамжамиятлари билан узоқ муддатли муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш.

3. Белгилансинки:

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Институтнинг таъсисчиси (кейинги ўринларда –таъсисчи), Беларусь миллий техника университети ва Республика касб-ҳунар таълими институти (Беларусь Республикаси) Институт фаолиятини ташкил этиш иштирокчилари (кейинги ўринларда – иштирокчилар) ҳисобланади;

Институт Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлиб, юридик шахс мақомига эга бўлган давлат муассасаси шаклидаги олий таълим муассасаси ҳисобланади;

Институт олий малакали мутахассислар ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш билан шуғулланади;

Институт ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг таълим соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ амалга оширади;

Институтнинг таълим фаолияти 2020/2021 ўқув йилидан бошланади;

Институтга абитуриентлар, тадқиқотчилар ва тингловчиларни қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Беларусь Республикаси Таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда таъсисчи ва иштирокчилар томонидан ўрнатилган талаблар, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади;

Институтдаги таълим Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси давлат таълим стандартлари талабларига мувофиқ таъсисчи ва иштирокчилар томонидан тасдиқланган таълим дастурлари бўйича рус тилида амалга оширилади;

Институт битирувчиларига таълим якунлари бўйича Ўзбекистон Республикасида олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган Беларусь миллий техника университетининг олий таълим тўғрисида белгиланган намунадаги дипломи топширилади;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш дастурларини ўзлаштирган тингловчиларга Ўзбекистон Республикасида тан олинадиган Беларусь Республикасининг ўрнатилган намунадаги ҳужжатлари (касб бўйича малака разряди берилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, олий таълим даражасида қайта тайёрлаш тўғрисидаги диплом, малака оширганлиги тўғрисида гувоҳнома) топширилади.

4. Таъсисчи ва иштирокчиларнинг қуйидагиларни таъминлашда ёрдам беришлари маълумот учун қабул қилинсин:

Институтнинг ўқув жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологиялари, фан ва техниканинг энг сўнгги ютуқларини жорий этиш;

Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курсларини, стажировкаларини ташкил этиш;

Институт кутубхона фондини шакллантириш ва замонавий ўқув, ўқув-услубий ва илмий-техник адабиётлар билан тўлдириш.

5. Қуйидагилар:

Беларусь – Ўзбекистон қўшма тармоқлараро амалий техник квалификациялар институтида мутахассислар тайёрлаш бўйича асосий бакалавриат таълим йўналишлари (магистратура мутахассисликлари) рўйхати1-иловага мувофиқ;

Беларусь – Ўзбекистон қўшма тармоқлараро амалий техник квалификациялар институти Васийлик кенгашининг таркиби (кейинги ўринларда – Васийлик кенгаши) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

6. Маълумот учун қабул қилинсинки, Васийлик кенгаши Институт ривожланишига кўмаклашувчи жамоатчилик бошқарувининг олий органи ҳисобланади.

Белгиласинки, Васийлик кенгаши қуйидагиларга кўмаклашади:

Институтнинг техник ривожланиши ва самарали фаолият юритишини таъминлаш учун молиявий кўмак, бюджетдан ташқари маблағларни жалб этиш;

талабаларнинг малакавий амалиётларини Беларусь Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ишлаб чиқариш корхоналарида ўташ;

Институт ходимлари ва талабаларининг истиқболли дастурлари ва ғояларини амалга ошириш, илмий тадқиқотлар натижаларини амалиётга самарали татбиқ этиш;

профессор-ўқитувчилар ва ёш олимларга халқаро илмий-техникавий маълумотларнинг ахборот-таҳлилий базасига киритилган журналларда, шу жумладан, “Scopus” ва “Web of science” журналларида илмий мақолалар чоп этишда, шунингдек, ўқув-услубий адабиётларни ишлаб чиқаётган, илмий-тадқиқот ишларини олиб бораётган мутахассисларга, шу жумладан, уларни моддий рағбатлантириш орқали;

Институтда бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича қўшма, шу жумладан, икки босқичда амалга ошириладиган (биринчи босқич – талабаларни бутун таълим жараёнининг биринчи ярмида Институтда, иккинчи босқич – бутун таълим жараёнининг иккинчи ярмида Беларусь миллий техника университетида ўқитиш) замонавий таълим дастурлари асосида кадрларни тайёрлаш.

7. Қуйидагилар Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Институтга ўқишга қабул қилинадиган талабалар умумий сонининг 30 фоизидан ошмаган ҳолда давлат грантлари асосида талабаларнинг ўқиши учун ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг хайриялари;

давлат илмий-техник дастурларини амалга ошириш учун ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

ташқи беғараз кўмак маблағлари (грантлар, техник кўмак ва бошқалар);

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

8. Белгилаб қўйилсинки:

Институтнинг қабул параметрлари ва қўшма таълим дастурлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда таъсисчи ва иштирокчиларнинг асосланган таклифларига биноан манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг кадрларга бўлган эҳтиёжлари асосида Васийлик кенгаши қарори билан тасдиқланади;

Институтда тўлов-контракт асосида таълим учун тўловлар миқдори Ўзбекистон Республикаси ҳудудида таъсисчи томонидан, Беларусь Республикаси ҳудудида – Беларусь миллий техника университети томонидан белгиланади;

Институтнинг давлат грантлари асосида таълим олган битирувчилари Ўзбекистон Республикаси таълим муассасалари ва ташкилотларида камида уч йил ишлаб бериш шарти билан ишга тақсимланади;

Институт таъминотига бюджет маблағлари 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ижтимоий соҳа бўйича тасдиқланган харажатлар параметрлари доирасида ажратилади, 2020 йилдан бошлаб эса мазкур соҳа учун ҳар йилги харажатлар параметрларида кўзда тутилади.

9. Қуйидагиларга:

Институтнинг юқори малакага эга бўлган, ўқув-услубий таъминотни ишлаб чиққан, махсус ускуналар билан ишлаш малакасига эга бўлган ходимларига Васийлик кенгаши қарори билан Институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан шахсий устама ҳақ белгилашга;

имзоланган шартномалар асосида ўрнатилган тарифлар бўйича педагогик ва илмий ишлар учун таклиф қилинган хорижий профессор ва ўқитувчиларнинг (шу жумладан, Беларусь Республикаси фуқаролари) меҳнатига ҳақ тўлаш, яшаш ва транспорт харажатларини Институт томонидан тўланишига рухсат этилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги уч ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига 2021 йилда Навоий шаҳрида Институтнинг саноатнинг устувор йўналишлари, инжиниринг, технологиялар ва IT-дастурлаш бўйича юқори малакали кадрларни тайёрлашга ихтисослашган филиалини ташкил этиш бўйича таклиф киритсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Институтни жойлаштиришни таъминласин.

12. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2020 йил 1 августга қадар дастлабки босқичда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ва Васийлик кенгаши томонидан шакллантириладиган маблағлар ҳисобидан (зарур ҳолларда) Институтнинг бино ва иншоотларини таъмирлаш-тиклаш ва жиҳозлаш ишларини амалга оширсин ҳамда уни биринчи ўқув йили учун зарур бўлган мебель, инвентарь, компьютер ва бошқа оргтехника, ўқув адабиётлари ва кутубхона фонди билан таъминласин.

13. Институтга иккита, жумладан, битта шахсий бириктирилган ва битта навбатчи енгил автотранспорт воситаларини сақлаш учун лимит ажратилсин.

14. Институтни реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, жиҳозлаш ва унинг фаолиятини таъминлаш учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича четдан олиб кириладиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ўқув ва илмий лаборатория ускуналари, компьютер техникаси, дастурий маҳсулотлар, ўқув ва илмий-услубий адабиётлар, инвентарь, қурилиш материаллари ва моддий-техник ресурслар 2022 йил 1 январга қадар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштирувчи йиғимларидан ташқари) озод этилсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги таъсисчи ва иштирокчилар билан биргаликда:

бир ой муддатда Институтнинг таъсис ҳужжатларини ишлаб чиқиш, келишиш ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказишни;

икки ой муддатда Институтнинг ташкилий тузилмасини Васийлик кенгашига тасдиқлаш учун киритишни;

2020 йил 1 августга қадар Институтни малакали профессор-ўқитувчилар билан танлов асосида бутлашни таъминласин.

16. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг буюртманомасига биноан ушбу қарорни амалга ошириш доирасида жалб этиладиган хорижлик профессор-ўқитувчиларга, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига кириш визалари консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.

17. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Институтнинг буюртманомасига биноан хорижлик профессор-ўқитувчилар ва маъмурий ходимлар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари учун кўп марталик визалар ҳамда Ўзбекистон Республикасида вақтинчалик яшаш жойи бўйича вақтинча прописка давлат божи ундирилмасдан берилиши ва узайтирилишини таъминласин.

18. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

19. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                        Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2019 йил 20 ноябрь

ЎзА