Ўзбекистон Президенти Минскка келди

Минск, 31 июль. ЎзА махсус мухбири Матназар ЭЛМУРОДОВ хабар қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг таклифига биноан 31 июль куни расмий ташриф билан ушбу мамлакатга келди.
“Минск” миллий аэропортида олий мартабали меҳмонни Беларусь Республикаси Бош вазири Сергей Румас, ташқи ишлар вазири Владимир Макей ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.
Давлатимиз раҳбари Беларусь расмий таомилига биноан Минск шаҳридаги Ғалаба монументи пойига гулчамбар қўйди.
Ҳарбий оркестр ижросида икки давлат мадҳиялари янгради. Фахрий қоровул аскарларининг тантанали марши бўлиб ўтди.
Ғалаба монументи мамлакат пойтахти рамзларидан биридир. Ёдгорлик Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалаба ҳамда фашизмга қарши курашда жон фидо қилганлар хотирасига атаб 1954 йилда бунёд этилган.
Ташрифнинг асосий воқеалари 1 августга мўлжалланган.
Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенко Минск шаҳридаги Мустақиллик саройида тор ва кенг доирада музокаралар ўтказади. Ушбу музокараларда 2018 йил Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон – Беларусь олий даражадаги мулоқотининг давоми сифатида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини, шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалаларни муҳокама қилиш режалаштирилган.
Мулоқотлар якуни бўйича давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти имзоланиши ҳамда Ўзбекистон билан Беларусь ўртасидаги кўп қиррали шерикликни янги босқичга кўтаришга хизмат қиладиган салмоқли ҳужжатлар тўплами қабул қилиниши кутилмоқда.
Мазкур келишувлар мамлакатларимиз ўртасида инвестициялар, ишлаб чиқариш, илмий-техник кооперация соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга, ҳудудлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатишга мустаҳкам асос яратади.
Ташриф дастуридан Президентларнинг Минскда очилган Ўзбекистон миллий саноат кўргазмаси ва Беларусь юқори технологиялар парки билан танишуви ҳам ўрин олган.

 

ЎзА