«Жонажон Ўзбекистон, мангу бўл омон!»

Муносабат

 Юртимизга шундай бир нурафшон кунлар келдики, умрнинг ҳар дами, ҳар нафаси сизга бахт билан боқаётгандай, шундай дориламан замон, озод ва обод ҳаёт, шукуҳли кунлар учун сен нима қилдинг,  деб савол бераётгандай бўлади.

Кўнгил бир ҳаприқиб қўяди. Ўтган умрингга, орқада қолган узун йўлларга бир қараб оласан. Қандай яшаганинг, сендан қолган излар, сен қилган меҳнат, чеккан машаққатларнинг баҳоси борми, дея ўз-ўзингга савол берасан. Бу меҳнатларинг бугунги бахтли кунларда кичик бир зарра бўлса ҳам кўриняптими, деган ўйларга борасан.

Шунда бахтдан чақнаб югуриб келаётган неваранг бағрингга отилади. Унинг орзу-умидлардан тўлиб тошаётган юрак уришларини сезасан. Ҳали болалар боқчасида бўлса ҳам инглизча гапираётган ёки корейс, немис тилида қўшиқ айтаётган чеварангизнинг янги замонга янги чечакдай илдиз отаётганидан кўнглингиз тўлиб тошади.

Бундай бахтли ҳис-ҳаяжонлар мана 28 йилдирки, ҳар бир олган нафасимиз, ҳар отган қадамимиз, янги орзу мақсадлар, интилишларимиз, эл учун, унинг келажаги учун қилган, қилаётган ҳар бир ишимиз шу ота-маконнинг кенгликларига сингиб, дарахтларга, гулларга қўшилиб ўсаётгандай.

28-йил! Истиқлолимиз 28 ёшга тўлди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг яқинда имзо чеккан «Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори билан танишар эканмиз ҳар биринизнинг кўнгилимиздан ўтган онларга шукроналик, юртимиздаги бунёдкорликлардан фахрланиш, фарзандларимиз бахтидан қувонч ҳислари тўлиб тошади.

«Мамлакатимиз тарихида ўчмас саҳифа очган буюк истиқлол туфайли Ўзбекистон ўтган давр мобайнида жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаб, миллий тикланишдан миллий юксалиш сари дадил илгарилаб бормоқда» дейилади қарорда. Ҳақиқатда ҳам мамлакатимиз миллий тикланишдан миллий юксалиш сари юз тутди.

Юртимизда рўй бераётган янгиланишлар, шиддат билан юз очаётган ўзгаришлар айниқса кейинги икки йилда шундай намоён бўлмоқдаки, мустақилликнинг илк йилларида жуда кўп айтилган миллий онгнинг уйғониши, қадриятларимизнинг тикланиши, ислом оламида ўз ўрнимизнинг мустаҳкам қарор топиши, жаҳон ҳамжамиятида Ватанимиз нуфузининг ортаётгани кейинги икки йилда ёрқин намоён бўлди.

Мисол келтириш учун узоққа боришнинг ҳожати йўқ. Агар Қорақалпоғистон пойтахти жонажон Нукус шаҳрининг кўчаларидан аста-секинлик билан оҳиста айланиб юрсангиз, ҳаётимизнинг нақадар жўшқин, нақадар кўркам, салобатли бўлиб бораётганлиги, миллат шаъни, миллат қадри улуғланаётганлиги,  ярқираб кўринаётганига гувоҳ бўласиз.

Нафақат марказий кўчалар Нукуснинг тўрт томони, эски, янги қалъа деб аталувчи мавзелари, «Дўстлик, «Каттаоғар» каналларининг ҳар иккала соҳили обод гўшаларга айланаётганидан баҳри дилингиз очилади. Янги аэропорт атрофлари, темирйўл вокзали атрофларида кўплаб чет эллик туристларни учратасиз. Айниқса «Савицский» музейига бутун дунё ҳамжамиятининг қизиқиши ортаётганини унинг залларида чет эллик туристлар ҳамиша гавжум эканлигини кўриб гувоҳ бўласиз.

Айниқса бутун жаҳон нигоҳи Мўйноққа қаратилганлиги нафқат Қорақалпоғистонликларни, бутун Ўзбекистон халқини қувонтирмоқда. Бундан 10-15 йиллар олдин Қорақалпоғистон Орол денгизи инқирози оқибатида шўрлаб, тузли шамоллар эсиб, экологияси бузилган бир воҳа сифатида қаралган бўлса, сўнгги 2 йилда бу фикрлар мутлақо ўзгарди.

Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Қорақалпоғитон халқига чексиз меҳр-эътибори, ғамхўрлиги туфайли бундай фикрларга кескин барҳам берилди.

Сўнги икки ярим йил ичида давлатимиз раҳбари Шавкат ­Мирзиёев Республикамизда беш марта бўлиб, жараёнлар билан яқиндан танишди. 2018 йилнинг 15-16 ноябрь кунларидаги сафаридан сўнг 11 триллион 534 миллиард сўмлик 793 та лойиҳа қабул қилиниб, шунинг натижасида 12 минг­дан ортиқ янги иш ўринлари яратилмоқда.

Президентимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 72-сессиясида дунё жамоатчилиги эътиборини Орол муаммосига қаратгани, яқиндагина Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари Кенгашининг навбатдаги йиғилишида, Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг бешинчи саммитида бу муаммони яна бир маротаба кўтариб чиққанлиги халқимизга бўлган эътибор ва алоҳида ғамхўрлигининг натижасидир.

Шунингдек бу борада  Муҳтарам Президентимизнинг Мўйноқ туманига ташрифи давомида берилган кўрсатмалар асосида Жорий йил 16 январ куни Вазирлар Маҳкамасининг «Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги 37-сонли  қарори қабул қилинди.

Мазкур Дастур асосида Мўйноқ туманида 2019-2021 йилларда
1 трлн. 485 млрд.сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши белгиланиб, бу борадаги кўламли ишлар бошланиб кетган.

2019 йилнинг ўзида 622 млрд.сўмлик 8 та мактабгача таълим муассасалари, 7 та мактаб, 4 та спорт объектлари, 6 та соғлиқни сақлаш объектлари, 8 та маданият объектларида қурилиш таъмирлаш ишлари ҳамда 20 та кўп қаватли уй-жойлар қурилиши бошлаб юборилди.

Ўтган қисқа вақт ичида бир нечта объектлар фойдаланишга топширилди. Мисол учун, 800 ўринлик Амфитеатр ва давлат хизматлари маркази янгидан қурилди ҳамда туман спорт стадиони ва Маданият маркази реконструкцияси тўлиқ якунланди.

Шунингдек, 7-сонли умумтаълим мактаби ва 32-сонли  қишлоқ врачлик пунктида реконструкция ишлари ҳамда 33-сонли қишлоқ врачлик пунктида мукаммал таъмирлаш ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилиш арафасида турибди.

Булардан ташқари, Мўйноқ туманида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида умумий қиймати 26 трлн.
974,8 млрд.сўмлик 75 та лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ишлар бошланмоқда.

Буларнинг ҳаммаси бизлар учун чексиз фахр-ифтихор эмасми? Янгиланган, тобора яшариб, яшнаб кўркам бир диёрга айланаётган Қорақалпоғистонимизнинг ўрни Ўзбекистонда ярқираб кўринмоқда. Нафақат Ўзбекистонда балки Марказий Осиёда ҳам, дунёнинг бошқа давлатларида ҳам Қорақалпоғистонга бўлган қизиқиши, эътибор, ҳурмат ортаётганлигини кўриб қувонамиз.

Шу ўринда Президентимизнинг Олий Мажлис Сенатининг 20 ялпи мажлисидаги маърузасидаги Қорақалпоғистон тўғрисидага, алоҳида таъкидларини яна бир марта тилга олмоқчиман.

Президентимизнинг айниқса «Бугун кечагидек яшаб бўлмайди деган» таъкидлари нақадар ҳақ эканлигини шиддат билан ўзгараётган бунёдкор ҳаётни кўз олдимизга келтириб қайта-қайта англадик.

Қарангки, юртимизга дунёлар эшиги очилмоқда. Юрт равнақи, аҳоли турмуш фаровонлиги, тинчлик-осойишталик, оила муқаддаслиги йўлида бугун янгича яшаш, янгича меҳнат қилиш вақти етди, демак бугун кечагидек яшаб бўлмайди.

Президентимиз маърузасидан, аёл сифатида, она сифатида юрагимда катта ғурур туйдим. Қалбимда юртимга, халқимга, давлатимиз раҳбарига яна бир марта миннатдорчилик туйғулари пайдо бўлди.

Ўзи юртимиз аёллари сўнгги икки йилда жамият ҳаётининг барча соҳаларида илғор бўлиб фидойилик, намуналарини кўрсатаётган эдилар. Президентимиз «Оила муқаддаслигини аёлсиз тасаввур қилиб бўлмайди, деди. Шу билан бирга сиёсий ижтимоий ҳаётда аёллар фаол иштирок этаётган бўлса, шу ерда муваффақиятлар бор» деб ишонч билан айтдилар.

Бошимиз осмонга етди. Аёл қадрининг улуғланиши миллатимиз шаънининг улуғланиши , юртимизда аёллар соғлиги, қизларни ҳаётга тайёрлаш, репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш борасида изчил, мақсадли, ишлар натижани бўлишига барча имкониятлар яратилмоқда.

Президентимизнинг бу борада чиқарган қатор қарорлари, белгилаб берилаётган вазифалар хотин-қизларнинг кучига куч, мақсадларига қанот бўлмоқда.

Президентимиз  Парламентимиз фаолиятига баҳо берар экан “Қонунлар тўлиқ ишлаши учун депутатлар халққа яқин бўлиши лозим, акс ҳолда қонун қоғозда қолиб кетади”, “Қайси қонун ишламаётганини халқ орасига кириб бориб, одамлардан  сўраш керак”,  деган ҳақли саволларни ўртага ташлаб уларнинг ижроси юзасидан ҳам аниқ кўрсатмалар бериб ўтадилар.  “Агар аёл кишининг кўзида бир томчи ёш бўлса, демак биз уларнинг ички дунёсини билмаяпмиз”, “Ҳар бир давлат ходими ўзининг хизмати билан эгаллаб турган лавозимига  лойиқ эканини исботлаши керак”, деган фикрлари давр билан тенг қадам ташлай олмаётганимизни, ҳали бу ҳаётда қиладиган ишларимиз жуда кўп эканлигини кўрсатиб берди.

­Президентимизнинг  маърузасида таъкидланган фикрлар олдимизга қўйилган ҳар бир вазифа  тарихий аҳамиятга эга бўлиши  билан бир қаторда, ҳар биримиз учун дастуриламалдир.

Бугунги кунда Президентимиз раҳнамолигида ижтимоий иқтисодий ҳаётнинг барча соҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқдаки, бу эзгу ишларнинг замирида инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, одамларни ҳаётдан рози қилиш, юртимизнинг бундан кейин ҳам янада равнақ топишни таъминлаш сингари катта мақсадлар мужассам.

Бу катта  режа, янги мақсадлар билан қилинаётган меҳнат бугунги кунда Қорақалпоғистонда ўз самарасини бераётганлиги айни ҳақиқатдир.

Қуйидаги рақамларга эътибор берайлик. Булар шунчаки рақам ёки шунчаки кўрсаткич эмас, балки қорақалпоқ диёрининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида катта аҳамиятга эга бўлаётган халқимизнинг яратувчилик меҳнати натижасидир. Бунда ҳамманинг ўзига хос муносиб ўрни ва катта ҳиссаси борлигини мамнуният билан қайд қиламиз. Чунки бундай улуғвор мақсадлар йўлида қўлга киритилган ютуқлар ва қабул қилинаётган устивор вазифалар, Президентимиз Фармон ва қарорлари асосида қабул қилинаётган Давлат дастурлари ижросида яққол намоён бўлмоқда.

Юртимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, оилалар даромадини кўпайтириш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, аҳолининг тинч-осойишта ҳаёт кечиришини таъминлаш ва бошқа ҳаётий муҳим масалаларни ҳал этиш бўйича кенг кўламли ҳаракатлар ўзининг ижобий натижаларини бераётганлигига яққол мисолдир.

Муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 15-16 ноябр кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида берилган топшириқларга асосан умумий қиймати 11 трлн. 526 млрд.сўмлик 793 та лойиҳани амалга ошириш ва 12 мингдан ортиқ янги иш ўринларини яратиш режалаштирилган. Нукус шаҳрида қиймати 33,5 млрд.сўмлик “Нукус Мед Тех” МЧЖ томонидан шприц ва инфузион системалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Кегейли туманида «Kegeyli qog’oz» МЧЖ томонидан 31,4 млрд. сўмлик инвестициялар ҳисобига целлюлоза ишлаб чиқариш, Лакрицани чуқур қайта ишлаб чиқарувчи “Ланко-мия” корхонаси ишга тушди.

Шу ўринда туманларда олиб борилаётган яратувчилик меҳнатларига бир назар ташлайлик…

 

ЧИМБОЙ  ТОМОНЛАРДА  БАХТ БАЛҚИБ  ТУРАР

 

Нукус шаҳридан Чимбой томонга йўлга чиқсангиз қорақалпоқ

кенгликларининг ўзига хос жозибаси, табиати, кўнглингизни  яйратади, кенг ва равон йўллар тезда сизни «Халқобод» шаҳарчасига етказади. Яқиндагина пала- партиш, очиқ-сочиқ бозори, деворлари нураб кетган икки ёки уч дўкон биноларигина кўриниб турадиган шаҳарча кейинги икки йилда мутлақо бошқа киёфага кирди.

Замонавий бозор, маданий маиший, савдо  шохобчалари, замонавий маъмурий бинолар, болалар ўйингоҳлари кўзга тушади. Айниқса гулларга тўла йўлаклар, қатор ям-яшил арчалар шаҳарчага ўзича хос кўрк бериб турибди. Сал ичкарироқда аҳоли томорқаларидаги боғлар, сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштирилаётган ихчам томорқа ерлар ҳам аҳолининг дастурхони тўкин-сочин бўлиши учун хизмат қилмоқда.

Буларнинг ҳаммасида юртимизда бўлаётган янгиланишлар, бу ютуқларда халқимизнинг бунёдкор меҳнати мужассам эканлигини ўйлаб, кўнглингиз тўлади. Тўғри ҳали аҳоли турмуш маданияти, ўз имкониятларидан фойдаланиш даражаси Президентимизнинг  барча соҳалар бўйича қабул қилинаётган Фармон ва қарорларда белгилаб берилган вазифалар ижросида ярқираб кўринаётгани йўқ. Барибир ҳаётимизда катта ўзгаришлар рўй бераётганлигини кўзимиз кўриб турибди. Биргина  мен тилга олаётган Нукус-Чимбой йўллари, унинг икки томонида барқ уриб турган янги ҳаёт нафақат сўзлаб турибди, балки куйлаб турибди.

Мана, Чимбойга  яқинлашар эканмиз йўлнинг ўнг томонидан кўркам бир зиёратгоҳга кўзингиз тушади. Бу ерда қорақалпоқ халқининг улуғ шоири Бердақ бобо ёдгорлиги биноси қад ростлаб турибди. Кунхўжа шоир, Ахимбет бахши сингари халқ дардини куйлаган маърифатпарвар боболар халқ ардоғида. Бу зиёратгоҳ шу йўлдан ўтганларни эътиборсиз қолдирмайди. Тарихнинг ёрқин бир саҳифаси бўлган файласуф шоир Бердақ бобо, Кунхўжа шоир музейилари ҳам ёш авлодни бағрига чорлаб тургандай. Боболар руҳи ҳамиша авлодларни қўллайди.

Чимбой туманида бугунги кунда олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкор ишлар албатта шундай аждодларнинг орзу умидлари, муборак ёдига, руҳига мос  бўлаётганлиги юртимизнинг, халқимизнинг бахтидир.

Маълумки Президентимизнинг Қорақалпоғистонга ҳар ташрифи ва берган топшириқлари шу халқнинг асрлик орзу умидлари  рўёбга чиқиши, аҳоли турмуш фаровонлиги ўсиши дастурхони мўл-мўллиги, кўпроқ  экспортбоб  маҳмулотлар етиштириб, чет эл  инвестицияларини  жалб қилган ҳолда, саноатни ривжлантириш сингари катта вазифалар  амалга оширилишига қаратилиб келинмоқда.

Шу нуқтаи назардан Чимбойда  шу кунларда шу «ZANG TEX» масъулияти чекланган жамияти Хитой халқ республикаси билан ҳамкорликда 10 млн АҚШ $ миқдоридаги инвестиция  лойиҳасини амалга оширмоқда. Бу лойиҳа амалга ошган Чимбойда ип йигирув ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона ишга тушади. Юзлаган ишчи ўринлари яратилади.

Туман ҳудудидаги Ўзбекистон-Хитой “Lanextrakt” МЧЖ шаклидаги қўшма корхонаси Хитой Республикасининг «Luoyang Lanbing» компанияси ва Ўзбекистон Республикасининг «Marksmart» компаниялари томонидан қурилиб, устав фонди 75 минг АҚШ $, шундан 90 фоизи 56,3 минг АҚШ $ Хитой Халқ Республикаси томонидан, 10 фоизи 18,7 минг АҚШ $ Ўзбекистон Республикаси томонидан киритилган.

Бу корхонада 25,30 тонна қизил мия илдиз маҳсулотларидан 1 тонна глицирризин порошоги маҳсулоти ишлаб чиқарилади.

Бугунги кунда Чимбой шаҳри маркази, қишлоқлар қиёфаси давримизга мос равишда ўзгариб, яшариб бораётганлигини кўрамиз.

Айниқса жорий йилга мўлжалланган инвестиция дастури доирасида Оила поликлиникаси, аҳоли бандлигини таъминлаш маркази биноси, болалар мусиқа ва санъат мактаби биноси каби иншоотлар қурилиши жадаллик билан олиб борилмоқда.

Шунингдек тумандаги 7- сонли мактабда, 13,5 км масофадаги ичимлик суви  тармоқларида, 7та кўп квартирали турар жой бинолари ва 6,5 кмлик ички йўлларда таъмирлаш ишлари давом этмоқда.

Айниқса Президентимизнинг қишлоқ аҳолини арзон турар жойлар билан таъминлаш борасидаги Фармон ва қарорлари асосида Чимбойда 3 хонали 8 та турар-жой биноси, 4 қаватли, 24 квартирали битта турар жой биноси қурилишлари ҳам битказилиб, фойдаланишга топширилиш арафасида турибди.

Чимбойда «Обод қишлоқ» дастури доирасида  «Қамиш ариқ», «Бахтли», «Кўкча» овул фуқаролар йиғинлари ҳудудларида 44 объектда ободонлаштириш, таъмирлаш, қайта қуриш ишлари ҳамжамиҳатлик билан олиб борилмоқда.

Бу ишлар учун 28 миллиард сўмдан кўп маблағ ажратилган. Бу қишлоқлардаги 3-, 11-,14-,19-,42-,48-, сонли мактаблар таъмирланиб, янги ўқиш йилига тайёрланмоқда. 10 км масофага янгидан ичимлик суви тармоқлари тортиш, 22 кмдан ортиқ масофадаги электр тармоқларини модернизация қилиш, 21 км масофадаги ички автомобил йўлларини таъмирлаш, 6,5 кмга яқин масофадаги йўлларда ёритқичлар ўрнатиш, 4,5 км масофада пиёдалар йўлакчаларига асфальт ётқизиш, айниқса аҳолининг таъмирга муҳтож бўлган 16та турар жойининг тепа қисмларини таъмирлаш ишлари албатта қишлоқлар қиёфасини замон талаблари даражасида обод ва кўркам бўлиши учун олиб борилаётган кўламли ишлардандир.

Президентимизнинг Қорақалпоғистонга қилган хизмат сафари давомида белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида Нукус-Тахтакўпир автойўлининг Чимбой туманидан ўтувчи Дўстлик гузари район марказининг 6,4 км масофасида бош кўча қилиб белгиланди.

Шу гузар бўйида  3 қаватли кўп квартирали 10 та турар жой биноларини янгидан қуриш, 20та якка тартибдаги эски турар жойларни кўчириш, Чимбойда марказий канализация тармоғини яратиш ишлари ҳам қўлга олинмоқда.

Халқимиз Чимбойда ҳар куни бир яхши янгилик, деб, хурсанд бўлади. Мана яқинда Ёшлар куни муносабати билан туман ёшларига маънавиятга хизмат қилувчи икки қаватли китоб дунёси дўкони совға қилинди.

Бу совғанинг диққатига сазовор томони шундаки, унинг қурилишига,  ёш ишбилармон Даврон Халилов ҳомийлик қилиб, Чимбойда катта китоблар оламини яратди ва ёшларнинг баркамол инсонлар бўлиб вояга етишига катта ҳисса қўшди.

Шу куни туман марказида икки ўринда замонавий спорт майдончаси ҳам ёшларга фойдаланишга топширилди.

Туман деҳқонлари, ғаллакор, пиллачилар ҳам бу йил ғалла, пилла топшириш режаларини Қорақалпоғистонда биринчилардан бўлиб уддалаб чиқдилар.

Шу кунларда миришкор пахтакорлар 5200 гектар майдонда ғўза парваришида фидоийлик билан меҳнат қилмоқдалар.

Бу янгиланишлар, ўзгаришлар бунёдкорликларнинг  ҳаммаси Чимбойнинг бугунги куни, келажаги учун, халқнинг фаровонлиги, ободлиги учун қилинаётган катта савоб ишлардир.

Чимбойдан чиқиб Нукус-Манғит томонларга ўтиб назар ташлаймиз.

           

 АМУДАРЁ ЯНГИ ҲАЁТ ЙЎЛЛАРИДА

 

Ҳа, ҳақиқатан ҳам неча –неча асрлардан бери халққа оби ҳаёт берувчи, ризқ рўзини оширувчи, дастурхонларни тўкин-сочин қилувчи улуғ дарё-асов дарё-Жайҳун дарё-Амударё номи билан аталувчи бу туманни нафақат Қорақалпоғистон балки бутун Ўзбекистон деҳқончилик академияси, деб тан олади.

Айниқса Мустақиллик йилларида марҳум, иқтисод фанлари номзоди Р.Йўлдошев туманга раҳбарлик қилган йилларда Амударё туманининг ижтимоий иқтисодий кўрсаткичлари кескин кўтарилди. Истеъдодли, ташкилотчи раҳбарнинг бу ташаббускорлиги натижасида бу туманда пиллачилик, ғаллачилик, пахтачиликнинг ўзига хос катта тажриба мактаби яратилди.

Кейинги йилларда ҳам туманда бу тажриба мактаби туфайли туман деҳқонларининг самарали меҳнатлари натижасида туман миришкорлари Ўзбекистон Республикасида биринчилардан бўлиб пилла, ғалла, пахта тайёрлаш режаларини ортиғи билан уддалаб келмоқдалар.  Пиллакорлар 182,9 тонна пилла етиштириб шартномавий режани 104,1 фоизга бажардилар. Бу кўрсаткичлар  ўтган йилга нисбатан  21,6 тоннадан  ортиқдир. Фермер  хўжаликлари томонидан  давлат  хирмонига  9748,4 тонна  дон  етказиб берилди. Режани  145,6 фоиз га  бажарилди.

Туманнинг пахтакор деҳқонлари шу кунларда ғўза парваришини юқори агротехника талаблари асосида олиб бормоқдалар.

572 фермер хўжалигидан 185таси 7146 гектар майдонда кластер усулида пахта етиштирмоқда. Туманда чорвачилик соҳасида 49, боғдорчилик йўналишида 36, паррандачилик бўйича 10, сабзавот полиз маҳсулотлари етиштиришда 27, аҳолини балиқ маҳсулотлари билан таъминлашда 66, асаларичилик ва яна бошқа йўналишларда 10дан ортиқ фермер хўжаликлари бор. Қўшни туманлар Нукус ҳатто Тошкент бозорларида ҳам бу соҳалардаги барча маҳсулотлар ўз сифати ва харидорбоплиги билан ажралиб, харидорлар эътиборини тортаётганлиги айни ҳақиқатдир.

Президентимизнинг аграр соҳани замон талаблари даражасида ривожлантириш, бу соҳага инновацион ғояларни олиб кириш деҳқончилик маҳсулотларини экспортга чиқаришни кўпайтириш, дастурхонлар тўкин-сочинлиги, аҳоли  турмуш фаровонлигини  шу тариқа ортиб бориши борасида чиқарган  Фармон ва қарорлари, берган қимматли кўрсатмаларининг амалга ошиб, самарали натижа бераётганлигини Амударё тумани деҳқонлари эришаётган ютуқлар мисолида яққол кўришимиз мумкин.

Фақат булар эмас. Амударё туманида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокида амалга оширилаётган қатор лойиҳалар ҳақида сўз юритадиган бўлсак, албатта бу борада шу йилда амалга оширилаётган ишларга эътибор берамиз. Шу йилнинг январ – июнь ойларида 6 та лойиҳаларда 1млн.37 минг АҚШ $ миқдорида хорижий инвестициялар ўзлаштирилганлиги,  “Амударё мева-сабзавотчилик илмий-тажриба кластери” МЧЖга 600 минг АҚШ $ аччиқ қалампирни қайта ишлаш учун, “Аму мева-сабхавот холдинг” МЧЖга 62 минг АҚШ $ ва “Бунёд-Бехруз автотранс” МЧЖ томонидан 63 минг АҚШ $ маблағлари ҳисобига юк машинаси олиб келишга, «Qaraqalpaq Kaolin» МЧЖга 162 минг АҚШ $ миқдорида каолинни қайта ишлашни йўлга қўйиш учун, «Qilichboy Qum» МЧЖга 100 АҚШ $  миқдорида ғишт ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун, «Аму Шахжахон» МЧЖга 50 минг АҚШ $ чинни ва шиша идишлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинганлиги фикримиз далилидир.

Булар ҳаммаси албатта янгидан иш бошлашга тайёргарлик кўраётган, туман саноатини янги босқичга кўтаришда ўз ўрнига эга бўладиган, айниқса аҳоли бандлиги муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашадиган ижобий натижалардир.

Шунингдек 3 та йирик лойиҳаларда, қиймати 20млн АҚШ $ миқдорида, шундан 2019 йилда 7,5 млн АҚШ $ миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилмоқда. Жумладан: МЧЖ «ASIA SILK MANGIT» томонидан “Ип калава ва ип газлама ишлаб чиқариш”ни ташкил қилиш бўйича  2019-2020 йилларда 6,0 млн АҚШ $ миқдорида икки йил ичида  МЧЖ «Амударё тумани мева-сабзавотчилик илмий тажриба кластери» томонидан “Замонавий иссиқхона ва ачиқ қалампирни қайта ишлаш”ни ташкил қилиш бўйича 2019 йилларда 6,0 млн АҚШ $ миқдорида хорижий инвестиция киритилмоқда. Бу соҳада иш бошлайдиган корхоналарда 200дан ортиқ янги иш ўринлари яратилмоқда.

Туманда инвестиция дастури бўйича саноат соҳасида 17 та лойиҳа шу жумладан  озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чикариш бўйича 3 та, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича 9 та, енгил саноат ва бошқа ноозиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича 5 та лойиҳаларга 120 млрддан ортиқ инвестициялар киритилиб кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Шу кунларда туманда шу йилнинг 3 чораги якуни бўйича 10та  лойиҳа ишга тушиши назарда тутилмоқда.

Бу лойиҳалар ишга тушса, халққа нима беради, деган савол туғилади. Биз

юқорида тилга олган 40дан ортиқ лойиҳалари натижаси туманда 36 минг дона тайёр тикувчилик ва тўқувчилик маҳсулотлари, 1 700 дона эшик, дераза ва мебел ишлаб чиқариш, 48 тонна сут маҳсулотлари бўлган творог, қуйилтирилган сут, сметана ишлаб чиқарилади.

Шунингдек аҳолига  324 тонна ун маҳсулотлари, 871 500 дона нон ва нон

Маҳсулотлари етказиб берилади. Туманда 1396 тонна қизилмия илдизини қайта ишлаш, 201,6 тонна  автомобиль мотор мойини қайта ишлаш, 420 дона мебел ишлаб чиқариш, 2640 дона темир жиҳозлар яратиш, 7 000 дона тикувчилик маҳсулотлари аҳоли эҳтиёжларини қондириш учун кенг имкониятлар очиб беради.

Туман аҳолисининг турмуш фаровонлиги ортаётганлиги, қишлоқлар кўриниши ўзгариб кўркам ва гўзал, ободлик касб этаётганлиги, янгидан йўллар, кўчалар, гулзорлар, хиёбонлар барпо қилиб қишлоқлар замонавий қиёфага кираётганлиги албатта юқорида тилга олинган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида кўриниб турибди.

Амударё туманида ҳудудни ижтимоий иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш учун олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари самараси туман халқининг бой бодавлат яшаши деярли икки хонадондан бирида қатор замонавий автомобиллар пайдо бўлаётганлиги, турар жой бинолари, оромгоҳлар, янгидан барпо қилинаётган мактабгача тарбия муассасалари, спорт майдончалари, мактаблар, истироҳат боғлари, туман халқининг Президентимизга бўлган миннатдорчилик тўйғуларини орттирмоқда, уларнинг чин маънода ҳаётдан рози бўлаётганлиги халқ кўнглининг тўқлиги, шукроналигида яққол кўзга ташланмоқда.

Туманда алоҳида тилга олиш муҳим бўлган мавзу-ёшлар баркамоллигини, уларнинг маънавий дунёси бой бўлиб вояга етиши, жисмонал  ва руҳан соғлом бўлиши, ёшлар ҳаётига катта эътибор берилаётгани муҳимдир.

Туманда Президентимиз томонидан илгари сурилган ижтимоий, маънавий-маърифий, соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5та муҳим ташаббус йўналишида кўрсатилган мақсадли режаларни амалга ошириш кенг кўламда олиб борилмоқда.

Туманда «Ватан менинг нигоҳимда», «Мен нечун севаман Ўзбекисотонни», «Тасвирларда яшар олам» мавзуларида ёш санъаткорлар, рассомлар, шоирларнинг танловлари ўтказилди.

Туманда 320 ўринда катта кичик стадионлар мавжуд. 64 та спорт заллари, сузиш бассейни, 13та сунъий қопламали мини футбол майдончалари ёшларда спорт кўникмаларини ривожлантириш, спортда ўз қобилиятларини намойиш қилиш, соғликларини мустаҳкамлаш имкониятларини бермоқда.

Шиддат билан ўзгараётган ҳаётимизга компьютер технологиялари ва интернет чуқур кириб келмоқда. Бу борада туман ёшларига «Компьютер саводхонлиги» тўгараклари катта ёрдам бермоқда. Ёш тадбиркорлар ташкил қилган «Муҳриддин Болтобоев» ва «Шерали Шоҳжаҳон» корхоналари ёшларга компьютерларга техник хизмат кўрсатиш кўникмаларини такомиллаштиришда кўмакдош бўлмоқда. Бу ишларга туманда 700 нафардан ортиқ ёшлар жалб қилинган.

“Қадрдон мактабимга китоб совға қиламан” шиори остида умумтаълим мактабларига ҳомийлар томонидан 10 мингдан ортиқ китоблар совға қилиндир, 4 та ҳудудда икки мингдан ортиқ китобни жамлаган халқ кутубхоналари янгидан ташкил этилди. Ушбу ҳудудларда ёшлар учун “Зукко китобхон” танлови учун туман ҳокимлигининг қимматбаҳо совғалари ажратилмоқда. Ғолиблар мустақиллик байрами арафсида тақдирланиши кўзда тутилмоқда.

Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан биридир. 209 нафар хотин-қизлар тадбиркорликка йўналтирилди. 70 нафари ҳунармандчиликка жалб этилди, Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан 22 нафар хотин-қизларга 750 млн сўмлик кредитлар ажратилиб, 90 та янги иш ўрни яратилди. 150 нафар хотин-қизлар тикувчиликка йўналтирилиб уларнинг 73 нафари касбга қайта ўқитилди. Бундан ташқари 280 нафар хотин-қизларга “Ҳар бир оила тадбиркор”  доирасида 3 050,7 млн сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди.

Амударё тумани бўйича биз тилга олган маълумотлар туманда олиб борилаётган катта бунёдкорлик ишларининг бир қисми, халос. Туманда яратилаётган янги ҳаёт йўллари бу ҳудуддан Амударё тўлиб тошиб оқиб ўтаётганида кўрилади. Қадим ва улуғ дарёмиз Аму азиз халқимизнинг тарихига ҳам, бугунги фаровон турмушига ҳам, келадиган янги бахтли кунларга ҳам дахлдор эканлигини биламиз.

…Албатта Чимбой ва Амударё туманларидаги бундай янгиланишлар, бунёдкор меҳнат Қорақалпоғистоннинг барча гўшаларида қизғин давом этмоқда.

Ҳар куни рўй бераётган янги хабарлар оқими Қорақалпоғистоннинг янгиланган ҳаётини тобора бойитмоқда.

Нукус шаҳрида  Марказий Осиёда ягона бўлган  «Имкон» номли Ўзбекистондаги биринчи ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилганлиги тўғрисидаги қувончли воқеа барчани қувонтирди.

Чунки бу муассаса турли жисмоний нуқсонлари бўлган болаларни ижтимоий-маданий муҳитга жалб этиш, уларни мактабгача таълим ва соғломлаштириш реабилитацияси билан таъминлаш имконини яратиб беради.

Юрак-қон томирлари касалликлари диспансерида 6,7 млрд.сўмлик  реконструкция ишлари бажарилмоқда, Қўнғирот, Тўрткўл, Шўманой, Беруний туманлари ва Нукус шаҳрида 22,5 млрд.сўмлик жами 1710 ўқувчига мўлжалланган 7та янги мактаб қурилмоқд,  Хўжайли, Чимбой, Элликқалъа туманлари ва Нукус шаҳрида 15,7 млрд.сўмлик  4 та янги мусиқа ва санъат мактаблари қурилмоқда.

Булардан ташқари, яна 12 та маткаб, 18 та мактабгача таълим муассасаси,  8 та соғлиқни сақлаш муассасаларида реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Шунингдек, 54,2 млрд.сўмлик  178,8 км ичимлик сув тармоқлари қуриш ва реконструкция қилиш, 103,3 млрд.сўмлик  91 км йўлларни қуриш ва таъмирлаш ишлари бажарилмоқда.

Бандлик дастури доирасида 2019 йилда 18,6 мингта янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.

Шундан, ўтган 5 ой давомида 6696 та янги иш ўринлари яратилиб, белгиланган режа 106,8 фоизга бажарилди.

Фахр билан айтиш мумкинки, мамлакатимизда яратиб берилаётган қулайликлар ва имтиёзлар натижасида йилдан-йилга ишбилармон ва тадбиркорлар сафи кенгаймоқда. Ўтган 5 ой давомида янгидан 2021 та янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилиб, уларнинг сони 14 мингдан ошди.

Бу борада, Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган «Ҳар бир оила-тадбиркор» ва “Ёшлар – келажагимиз” давлат дастурларининг ижроси ўз самарасини бермоқда.

Аҳолини қийнаб келаётган муаммоларини ижобий ҳал этиш, уларнинг яшаш даражасини янада яхшилаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш борасидаги  ишларни янада самарали ташкил этишга ҳамда 4 та секторлар фаолиятини такомиллаштиришда Муҳтарам Президентимизнинг 2019 йил 8 январдаги қарори кенг имкониятлар яратди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикасидаги Ҳалқ қабулхонлари билан ҳамкорликда ҳар бир сектор раҳбари ва штаб аъзоларининг уйма-уй юриш графиклари асосида 1426 нафар масъул ходим ва мутахассислар билан ҳудудларда аҳоли муаммоларини ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманлардаги 411 та маҳалла ва овул фуқаролар йиғинларида 318 мингдан ортиқ хонадонлар мавжуд бўлиб, ўтган давр мобайнида барча сектор рақбарлари ва аъзолари томонидан 300 мингдан  ортиқ хонадонларнинг яшаш шароитлари кенг ўрганилди. 28600 та муаммолар аниқланди, шундан 18225 та муаммо, жойида ҳал қилинди.

Аҳолини иш билан таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш Президентимизнинг доимий эътиборида Бандлик дастури доирасида 2019 йилда 18645 та янги иш ўринларини яратилиб, биринчи навбатда ишсизлик даражаси юқори бўлган туманларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2019-2020 йилларда умумий қиймати 11 трлн.сўмдан ортиқ қийматдаги 793 та лойиҳани амалга ошириш ва  12 мингдан ортиқ янги иш ўринларини яратиш юзасидан аниқ режалар амалга оширилмоқда.

Шундан, 2019 йилда қиймати 3,3 трлн.сўмлик 674 та лойиҳани ишга тушириш ва 7313 та янги иш ўринларини яратиш кўзда тутилган.

2019 йилда Инвестиция дастури асосида 44,4 млрд.сўмлик 19 та умумтаълим мактабларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш, шулардан 7 та янги мактаб, 8 та реконструкция, 4 та мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилади.

15,9 млрд.сўмлик 4 та мусиқа мактабларини янгидан қуриш, 53,6 млрд.сўмлик 18 та мактабгача таълим муассасаларини, 24 млрд.сўмлик олий таълим муассасасини, 5 млрд.сўмлик олимпия захиралари ихтисослаштирилган мактаб-интернатини, 41,6 млрд.сўмлик 11 та тиббиёт муассасаларини қуриш ва реконструкция қилиш чоралари кўрилмоқда.

“Ҳар бир оила тадбиркор” ва “Ёшлар келажагимиз” давлат дастурлари доирасида белгиланган вазифаларнинг ижросини тўлиқ таъминлаш,  “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида ҳар битта туман ва шаҳарда аниқ ҳисоб-китоблар асосида 3 тадан маҳалла ва қишлоқларимизни обод қилиш тадбирлари  амалга оширилмоқда. Шунингдек экспорт ҳажми ва  географиясини кенгайтириш, маҳсулотлар диверсификациясига эришиш, импорт ҳажмларини камайтириш бўйича ҳам аниқ дастурлар асосида ишлар олиб борилмоқда.

2019 йилда маҳсулотлар экспортини 48,3 млн.долларга етказиш, шундан саноат маҳсулотлари – 34,4 млн. доллар, мева-сабзавот – 13,9 млн доллар миқдорида экспорт  режасининг бажарилишини таъминлаш дастурлари амал қилмоқда.

Республикада амалга оширилаётган яратувчилик ишларидан бундай мисолларни жуда кўплаб келтириш мумкин.

х х х

Ҳар бир кунимиз шиддат билан ўзгараётган замоннинг янги тарих саҳифаларини яратмоқда. Бу саҳифаларга эса халқимизнинг ярқираб очилган бахти, энг ёруғ ва тоза орзу мақсадларининг рўёби ёзилмоқда.

Туғилган ота маконимизни ҳар бир ютуғини ҳеч иккиланмасдан бутун дунёга кўз-кўз қилиш имконияти яратилмоқда.

Янги «Дўстлик» канали бўйларига қайтамиз. Унинг икки соҳили ҳамиша ёшлар билан гавжум бўлади. Канал соҳилининг шундай яқинида жойлашган Қорақалпоғистон Ёшлар Марказида кун ора бўлиб ўтаётган турли танлов ва тадбирлар ёшларимизга бўлган эътиборни янада кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ёшларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, юртимиз ёшлари ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини ошириш масалаларига бағишланмоқда.

Ёшларнинг кўзида чарақлаб турган нурли максадлар, интилишлар Президентимизнинг бешта муҳим ташаббусига жуда ҳамоҳанг эканлиги диққатингизни тортади. Фарзандларнинг бугунги бахтидан, эртага улар эришадиган муваффақиятлар Ўзбекистонимизнинг равнақига катта ҳисса бўлиб қўшилишига ишончдан кўнглимиз тўлади. «Беш ташаббус-беш имконият» шиори остида ўтаётган ҳар бир тадбир бу фикримизга яққол мисол бўла олади.
Ўтказилаётган тадбирлар моҳиятига назар солайлик:

Қорақалпоғистон Республикасининг барча шаҳар ва туманларида Президентимизнинг 5 та ташаббусни кенг оммага тарғиб этиш, аҳоли, айниқса ёшларнинг хабардорлигини оширишга йўналтирилган 975 та тадбир ва лойиҳалар ташкил этилиб, уларга 124 мингдан ортиқ ёшлар жалб қилинди.

Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан Мўйноқ, Беруний туманида, Нукус шаҳрида “Беш ташаббус ‑ беш имконият!” шиори остида акциялар ташкил этилди.

Акция давомида 5 та ташаббусни кенг оммага тарғиб этиш, аҳоли, хабардорлигини оширишга йўналтирилган жами 56 та тадбир ва лойиҳалар ташкил этилиб, унга 9 мингдан ортиқ ёшлар жалб қилинди.

Ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва саънатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш мақсадида Амударё, Элликқалъа, Тўрткўл, Мўйноқ, Қораўзак ва Нукус туманларида “Ватаним – менинг нигоҳимда”, “Бобом билан Бувимга совға» шиорлари остида ўтган рассомлик танловларида 800 нафардан ортиқ ўқувчи-ёшлар иштирок қилди.

Ёшларни мусиқа ва саънат йўналишларига кенг жалб қилиш мақсадида барча шаҳар ва туманларда “Ватан муқаддас”, “The Cover Up”, «Баҳру-байт», «ҚВЗ», «Иншолар танлови», «Ҳозирги кун лойиҳаси» мавзуларида 32 марта тарғибот тадбирлари ўтказилиб, 3 минг нафарга яқин ёшлар қамраб олинди.

Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида барча туман (шаҳар)ларда 274 та спорт олимпия ва ноолимпия ҳамда миллий спорт турлари, футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат, марафон, таэквандо, бадиий гимнастика, миллий кураш мусобақалари ҳамда таълим муассасалари ва маҳаллаларда эрталабки бадан тарбия машғулотлари ташкил этилди.Унда 100 мингдан ортиқ ёшлар иштирок қилмоқда.

“Ёшлар ‑ келажагимиз” жамғармаси туман шаҳар филиаллари томонидан 2019 йилда реализация қилинадиган манзилли рўйҳат асосида ёш тадбиркорларнинг 2 млрд 888 млн сўмлик 12 та лойиҳаси молиялаштирилиши натижасида Нукус шаҳрида, Амударё, Кегейли, Қонликўл туманларида  сунъий футбол майдончалари Фитнес клуб ва тренажёр заллари фойдаланишга топширилиш арафасида.

Аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида Ёшлар иттифоқи қошидаги “Ёшлар марказ”ларида 9 та “Компьютер саводхонлиги ва АКТ дастурчилари” тўгарагига ташкил этилиб, уларга 724 нафар ёшлар жалб қилинган.

Тўгарак иштирокчилари ўртасида 12 марта “Олтин бармоқ” Typing Chempionship – клавиатурада тез ёзиш танлови ўтказилиб, унга 250 нафар ёшлар қамраб олинди.

Мўйноқ Беруний туманлари ва Нукус шаҳрида ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиш тарғиб қилиш мақсадида “Келажак бунёдкори” медали соҳиби Давид Конарбаев иштирокида “Ахборот технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиш” мавзусида маҳорат дарслари ўтказилмоқда.

Ёшлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида барча шаҳар ва тумлардаги “Internet club” ва “Game club”лар рўйҳати шакллантирилиб, уларнинг фаолияти кенг урганилмоқда.

“Ёшлар ‑ келажагимиз” жамғармаси туман шаҳар филиаллари томонидан 2019 йилда реализация қилинадиган манзилли рўйҳат асосида Нукус шаҳри, Амударё, Қўнғирот, Элликқалъа, Мўйноқ, Шуманай, Нукус туманларида  744 млн сўмлик 13 та лойиҳа асосида компютер хизматлари ва интернет кафелар ташкил этилди.

Ёшлар маънавиятини ўстириш,  китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида Амударё, Қўнғирот, Элликқалъа, Шуманай, Тўрткўл, Нукус ва бошқа туманларда китоб ярмаркалари ўтказилмоқда.

Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши етакчилари “Қадрдон мактабимга китоб совға қиламан” шиори остида ўзлари таҳсил олган умумтаълим мактабларга 2 мингдан ортиқ бадиий китоблар совға қилди.

“Ёш китобхон” танловини барча шаҳар ва туманлардаги уюшмаган ёшлар ва ўқувчи, талаба ёшлар ўртасида тарғиб етиш мақсадида “Ёш китобхон” танловининг 2018 йил ғолиблари Нурсылыў Коканова, Шахзода Каримбаева ва Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши қошида тузилган “Ёш тарғиботчилар” гуруҳи аъзолари иштирокида жами 38 марта тарғибот давра суҳбатлари ўтказилди.

Шунингдек  хотин-қизларни иш билан таъминлаш ишларини тизимли ташкил этиш мақсадида шаҳар ва туманларда 18-30 ёшдаги 10 457 нафар ишсиз хотин-қизлар рўйхати шакллантирилиб, уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида аниқ  чора тадбирлар ишлаб чиқилди.

Ёшлар иттифоқи қошидаги “Ёшлар марказ”ларида хотин-қизларни касб ҳунарга ўргатиш ва уларни иш билан таъминлашда кўмаклашиш мақсадида “Тикувчилик”, “Пазандачилик ва қандолатчилик” ва “Сартарошлик” тўгараклари ташкил этилган бўлиб улар ўз фаолиятини самарали олиб бормоқда.

11 та “Тикувчилик” тўгарагига Амударё, Беруний, Кегейли, Қонликўл, Қораўзак, Қўнғирот, Тахтакўпир, Тўрткўл, Чимбой, Элликқалъа туманларидан 1194 нафар ёшлар, 4 та “Пазандачилик ва қандолатчилик” тўгарагига Амударё, Беруний, Қўнғирот, Хўжайли туманларидан 526 нафар ёшлар, 5 та “Гўзаллик» салонлари учун очилган тўгаракларга Нукус шаҳри, Хўжайли, Қўнғирот, Шўманой, Беруний туманларидан 701 нафар ёшлар жалб қилинган.

Шунингдек, Ёшлар иттифоқи ёрдамида Беруний туманида 5 нафар, Амударё туманида 17 нафар хотин-қизлар тикув цехларига ишга жойлаштирилган.

Хотин қизларларни тарбиркорлик фаолиятига жалб қилиш, уларнинг тадбиркорлик йўналиши бўйича билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида  Ўзбекистон ёшлар тадбиркорлигини кўллаб-қувватлаш маркази Қорақалпоғистон бўлими бошлиғи Гавхар Реджепова иштирокида “Тадбиркор аёл” мавзусида семинар-тренинг ўтказилаётганлиги яхши натижа бермоқда.

Маҳаллалардаги банд бўлмаган ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони соҳиби, ёш тадбиркор Бахадир Сапартаев иштирокида “Тадбиркорлик сирлари” мавзусида семинар-тренинг лар мунтазам ташкил этилмоқда.

Хотин-қизларни касб ҳунарга тайёрлаш мақсадида умум таълим мактаблари ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчи қизлари иштирокида 16 марта “Бизнес саёҳат”лар ташкил этилди.

Қорақалпоғистонда амалга оширилаётган бу муҳим тадбирлар орқали Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббуснинг ёшлар томонидан кўтаринкилик билан кутиб олинганлиги, бу борада кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги қувончли ҳолдир.

Бу ёшларимизнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига, мақсад ва орзулари сари дадил бориб, юртимиз равнақи, халқимиз тинчлик осойишталиги, аҳоли фаровонлигига ўз ҳиссасини қўша оладиган баркамол инсонлар бўлиб етишишида нақадар муҳим эканлигини алоҳида эътироф этамиз.

Зеро турли зиддиятлар кучайиб бораётган бугунги дунё манзараларида ёшларимизнинг маънавий иммунитетини кучайтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ҳар қачонгидан ҳам долзарброқ эканини замоннинг ўзи кўрсатиб турибди.

Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 28 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги қарорида “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон” деган бош ғоя асосида тадбирлар, тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилиши тўғрисида вазифалар белгилаб берилган.

Шу асосда шу кунларда Қорақалпоғистонда олиб борилаётган барча ташкилий тадбирлар айниқса кейинги икки йил давомидаги ижтимоий-иқтисодий соҳада эришилган ютуқлар, белгиланаётган кенг кўламли вазифаларга каратилмоқда. Президентимиз қарорида таъкидлаганидек “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, шунингдек, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” давлат дастури, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ҳар бир оила-тадбиркор”, “Ёшлар-келажагимиз”, “Беш ижобий ташаббус” каби муҳим дастур ва режалар доирасида олиб борилаётган туб ислоҳотларнинг маъно-мазмуни ва руҳи мужассам этилишига алоҳида эътибор берилмоқда.

Мустақиллик байрами энг улуғ байрам. Эрк ва миллат шаъни, озод ва обод ҳаёт, халқимизнинг шукроналиги, бугунги куннинг ҳар бир дақиқасидан рози бўлиб яшаш, бу байрамнинг гўзал шукуҳида, тантанавор бахтли давраларда қайта-қайта намоён бўлмоқда. Бу давраларнинг иштирокчилари қалбидан қўшиқлар отилиб чиқади.

 

Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон,

Озод ва обод давроннинг кўркидир инсон.

 

Истиқлолнинг ҳар кунида, яшарган юртим,

Ёш авлодлар орзусида, бахтингни кўрдим.

Янгиланган умр учун чексиз ташаккур,

Аждодларнинг руҳий кучи олий тафаккур!

 

Истиқлолнинг ҳикматдур, шиддатли қадам,

Ватан! Сенинг қудратингга таъзимда олам.

 

Янгиланган ота юртим, Қорақалпоғистон!

Ўзбекистон гул боғида, мангу бўл омон.