28 нафар спортчи муддатидан олдин талаба бўлди

Нукусда нуфузли спорт мусобақаларида ғолиб бўлган спортчиларга муддатидан олдин олий таълим муассасалари талабалари бўлганлигини тасдиқловчи гувоҳномалар топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни оммавийлаштириш, ғолиб спортчиларни ва уларнинг мураббийларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори бўйича республика мусобақаларида биринчи ўринни, халқаро мусобақаларда (Олимпиада ўйинлари, Осиё ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатларида) биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицей битирувчилари олий ўқув юртларига тест синовларисиз ва қўшимча имтиҳонсиз қабул қилинади.
Ўтган 2018-2019 ўқув йилида Қорақалпоғистон Республикасидан 11 нафар битирувчи мана шундай бахтга муяссар бўлган бўлса, 2019-2020 ўқув йилида 28 нафар спортчи олий ўқув юртига имтиёзли киришга муваффақ бўлди. Булар асосан академик эшкак эшиш, бадиий ва спорт гимнастикаси, оғир атлетика, эркин кураш, дзюдо, бокс шахмат, стол тенниси бўйича Ўзбекистон чемпионлари ва халқаро мусобақаларнинг совриндорларидир. Улардан 17 нафари Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетига, 10 нафари Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтига, бир нафари эса Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиалига имтиёзли кирадиган бўлди.
– Кўпчилик қобилиятли ёшлар қаторида мана шундай имкониятга эга бўлганимдан бахтиёрман, – дейди академик эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон чемпиони Шаҳноза Халмурадова. – Бунинг учун Президентимиздан миннатдорман. Бизга билдирилаётган катта ишончни оқлаб, келгусида Осиё ва жаҳон чемпионатларида муносиб иштирок этишга ҳаракат қиламиз.
Тадбир якунида спортчиларга махсус гувоҳномалар тантанали равишда топширилди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА