ОТМга қабул тугади. 1 миллион 66 минг 925 нафар абитуриент ҳужжат топширди

Ўзбекистонда олий таълим соҳасида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу, айниқса, 2019/2020 ўқув йили учун қабул жараёнида яққол кўзга ташланди. Бунда Президентимизнинг 2019 йил 17 июндаги “2019/2020 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги қарори асос бўлди.
Мазкур қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлганлар учун бакалавриатнинг кундузги, сиртқи ва кечки таълим шакли бўйича алоҳида беш фоизли қабул кўрсаткичлари белгиланди. Авваллари ҳарбийлар умумий қабул квотаси доирасида ўқишга қабул қилинар эди.
Ногиронлиги бўлган шахсларга қўшимча икки фоизли давлат гранти ажратилди. Уларга кундузги, сиртқи ёки кечки таълим шаклларидан бирида таълим олиш ҳуқуқи берилди.
Тўлов-контракт асосида таълим олаётган барча талабаларга ўз хоҳишига кўра контракт тўловини стипендияли ёки стипендиясиз шаклда тўлаш имконияти яратилди.
Олий таълим муассасаларига 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмаларининг (иш берувчилар) эҳтиёжларидан келиб чиқиб, кундузги бакалавриат таълим йўналишларига мос бўлган йўналишлар доирасида табақалаштирилган тўлов-контракт асосида сиртқи ва кечки таълим шаклида ўқитиши мумкин.
Бунда ўқишга қабул қилиш тегишли иш берувчиларнинг тавсияси асосида камида беш йил иш стажига эга бўлган ходимлар иш фаолиятига мос бўлган бакалавриат таълим йўналишларига суҳбат натижаларига асосан қабул қилинади. Улар кейинчалик ушбу тизимда беш йил ишлаб бериши керак.
Олий таълим муассасалари ректорларига (филиаллар директорлари) бўйсунуви бўйича вазирлик ва идоралар билан келишган ҳолда чет эл фуқароларини тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини тегишли бакалавриат таълим йўналиши ва магистратура мутахассислиги бўйича Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган базавий тўлов-контракт миқдоридан кам бўлмаган миқдорда белгилаш ҳуқуқи берилди.
2019/2020 ўқув йилида ОТМларга давлат буюртмаси асосида бакалавриатга кундузги таълим шаклига 80 минг 430, сиртқи таълим шаклига 19 минг 985, кечки таълим шаклига эса 1 минг 985 нафар квота ажратилди. 2018/2019 ўқув йили бакалавр учун 69 минг 200 квота ажратилган эди.
Жорий йилда ОТМларга қабул жараёнида абитуриентларга жуда қулай шароитлар яратилди. Жумладан, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб, олий таълим муассасаларига ўқишга киришда абитуриентларга 3 та таълим йўналишини танлаш ҳуқуқи берилди.
Абитуриентлардан ортиқча ҳужжатлар талаб этилмади. Улар қабул комиссиясига бориб паспорт, умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатгани ҳақидаги ҳужжат иловасини тақдим этди, холос. Имтиёзга эга бўлган абитуриентнинг имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатни ҳам қабул комиссиясига тақдим этиши кифоя бўлди.
Абитуриентларга Тошкент давлат юридик, Қорақалпоқ, Фарғона, Самарқанд ва Гулистон давлат университетларига Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳам рўйхатдан ўтиш имконияти яратилди.
Давлат хизматлари марказлари орқали абитуриентлар ўзига қулай бўлган вақтда ОТМга ҳужжат топширди. Қабулнинг охирги кунларида ДХМ абитуриентлардан ҳужжатларни куну тун қабул қилди.
Бошқа барча олий таълим муассасаларида ташкил этилган қабул комиссияларида абитуриентлар ўзлари танлаган таълим йўналишлари, олий таълим муассасаси ва ҳудудидан қатъий назар тест синовларида иштирок этиши учун рўйхатдан ўтди.
Абитуриентлар хоҳишларига кўра, Давлат комиссияси томонидан белгиланган олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун шу (ўзи биринчи ОТМ сифатида танлаган) ёки бошқа олий таълим муассасаларида ташкил этилган қабул комиссияларида рўйхатдан ўтиш имконияти яратилди.
Бу йил қайта ҳужжат топширганлар 101 минг 365 сўм тўловни амалга оширди.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб “Математика” фанидан берилган тест топшириқларига “Информатика” фанидан саволлар қўшилмайди, фақат математика фанига оид саволлардан таркиб топади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 июлдаги қарори асосида амалдаги “Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш учун кириш тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом”нинг 11-иловасида келтирилган ЖАВОБЛАР ВАРАҚАСИга ўзгартиришлар киритилди. Жавоблар варақасига оид ўзгаришларни ҳисобга олиб, Давлат тест маркази мутахассислари томонидан янги намунадаги жавоблар варақасини тўлдириш бўйича электрон қўлланма ишлаб чиқилди ва сайтга жойлаштирилди.
Абитуриентлар 15 июндан 15 июлгача бакалавриат таълим йўналишига кундузги, сиртқи ва кечки таълим бўйича ҳужжат топширди.
Биз Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий ва Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетларида бўлиб, қабул жараёнинг тугашини кузатдик.
– Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети таржима назарияси йўналишига ҳужжат топширдим, – деди сурхондарёлик Роза Наврўзова.– Бешинчи марта ОТМга ҳужжат топширишим. Шунинг учун ҳам етти ўлчаб бир кесай, деб қабулнинг охирги куни рўйхатдан ўтдим. Бошқа ОТМларга қанча абитуриент топширганини кузатдим, ўз имкониятимни чамаладим. Охирги кун ҳужжат топширишимнинг яна бир сабаби дипломим вилоятда эди. Олиб келишга шошилмадим. Бу йил уч имконият берилди-ку. Ана шу имкониятлардан унумли фойдаланаман.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг маълумотларига кўра, республикамиздаги ОТМларга жами 1 миллион 66 минг 925 нафар абитуриент ҳужжат топширган. Шундан кундузги таълимга 718 минг 97, сиртқи таълимга 335 минг 7 ва кечки таълим шаклига 13 минг 821 нафар абитуриент рўйхатдан ўтган.
Жорий йилда абитуриентлар энг кўп танлаган ОТМ Самарқанд давлат университети – 74 минг 377, танлов кўрсаткичи энг юқори бўлган ОТМ (биринчи танланган таълим йўналишларига нисбатан, биринчи ўринга) Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Жиззах филиали бўлиб, 29 минг 47 нафар абитуриент ҳужжат топширган.
14 ёшдан 87 ёшгача бўлган абитуриентлар талабаликка даъвогар.
Тест имтиҳонлари жорий йил 25 июлдан бошланиши кутилмоқда.

 

Хуршид Қодиров, ЎзА