Европа Иттифоқи муносабатларда шарт қўймайди

– Европа Иттифоқи Марказий Осиё мамлакатларига ёрдам дастурларини амалга ошириш учун қўшимча 72 миллион евро ажратади. – деди Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича олий вакили Федерика Могерини Бишкекда “Европа Иттифоқи-Марказий Осиё” янги тараққиёт дастурини тақдим этиш чоғида.

“Расмий Брюссел Марказий Осиёни кучли ва барқарор кўришни истайди.” деди Федерика Могерини хоним 7 июль куни Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирларининг 15-вазирлар учрашувида чиқиш қилар экан, янги стратегия асосида эришишни кўзлаган бош мақсадлар – хавфсизликни мустаҳкамлаш эканини маълум қилди. ЕИ савдо-сотиқ алоқаларини, шу жумладан, энергетика соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришдан ҳам манфаатдор. Федерика Могерини хонимнинг фикрича, ҳамкорликнинг янги тўлқинига демократик қадриятларнинг устуворлиги кўмак кўрсатади: “Фақат мустақил ОАВ ва фуқаролик жамияти учун очиқ макон, кучли қонун устуворлиги ва яхши бошқарув Марказий Осиёнинг кучли ва жозибадорлигини таъминлайди”.

ЕИ ишлаб чиққан янги стратегия – моҳиятан Германия ташаббуси билан 2007 йилда қабул қилинган ва орада ЕИ томонидан самарасиз деб тан олинган эски стратегиянинг янгиланган варианти. Янги стратегия Марказий Осиёдаги дастлабки минтақавий муваффақият ҳосиласи ўлароқ кўрилмоқда. Гап шундаки, Ўзбекистоннинг минтақавий интеграция учун очилгани, президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган “ўзгаришлар шамоли” Брюсселни руҳлантириб юборди. Шунинг учун ЕИ минтақавий интеграцияни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш учун вақт келди, деб ҳисоблайди. Бу омил стратегияда қайд этилган ҳолатлардан бири. Ҳамма гап энди минтақа давлатларининг ривожланишга оид мақсад ва вазифаларини яқинлаштиришда қолган. Аслида Европа кенгаши 17 июнь куни Европа Иттифоқининг Марказий Осиë давлатлари билан қатор соҳалардаги ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган янги стратегиясини қабул қилди. Шу пайтгача Европа минтақамиз давлатлари билан шунчаки, енг учида ҳамкорлик қилиб келди. Минтақа давлатларининг тарқоқлиги, улар ўртасида чегараларнинг ёпиқлиги, давлат раҳбарларининг ноаҳиллиги ЕИни Марказий Осиёдан совушига олиб келган эди. Айнан президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари, саъй-ҳаракатлари билан бошланган сиёсат, иқтисодиёт, инсон ҳуқуқлари, матбуот эркинлиги соҳасидаги ислоҳотлар туфайли Марказий Осиё ва Европа муносабатларини мустаҳкамлаш учун йўл очилди. ЕИ Ўзбекистоннинг бу интилишларини юксак баҳоламоқда, қадрламоқда. Чунки бу ислоҳотлар Ўзбекистонга қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонни ҳам янгиланишлар сари илҳомлантирмоқда. Бунинг учқуни сифатида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказилишини эълон қилиниши, Қирғизистонда коррупцияга қарши бошланган кураш ва бошқа ислоҳотлар режаларини мисол тариқасида келтириш мумкин.

ЕИ минтақани ривожлантириш масалаларида ўзини Марказий Осиёнинг етакчи шериги деб билади. 2014-2019 йиллар мобайнида ЕИнинг қонун устуворлиги, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, сув ресурслари, савдо ва чегара режими соҳаларидаги молиявий кўмаги 1 миллиард евродан ошиб кетгани ҳам нуфузли ташкилотнинг ўз сўзида собитлигини исботлайди. Шунинг учун ташкилот Марказий Осиёда ёрдам дастурларини ривожлантиришга қўшимча 72 миллион доллар ажратишга қарор қилди. Еврокомиссия матбуот хизмати хабарида айтилишича, ушбу сумманинг 20 миллионини Тожикистон янги ГЭСни қуриш учун олади, бу лойиҳа тожик электр қувватини Афғонистон шимолига экспорт қилишга имкон беради. Яна 36 миллион евро Қирғизистон таълимини ривожлантиришга йўналтирилади, 14 миллион евро эса яшил иқтисодиётга ўтишни қўллаб-қувватлашга қаратилган минтақавий дастурни кенгайтириш учун ажратилади. Қолган 2 миллион евро иқтисодий ҳуқуқлар ва аёллар имкониятларини кенгайтиришга оид лойиҳаларга йўналтирилади. Бу лойиҳа Ўзбекистон ва Қозоғистон билан биргаликда амалга оширилади. Лойиҳа доирасида афғон аёлларини ўз мамлакатлари иқтисодиётини ривожлантиришга жалб этиш учун ўқитиш кўзда тутилган.

Европа Иттифоқи ташқи сиёсат маҳкамаси комиссари Федерико Могерини хоним айтганидек, учрашувнинг энг асосий натижаларидан бири Қирғизистон билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қўшимча келишувга эришиш юзасидан тайёргарликнинг билдирилиши ҳамда Турманистонда ЕИ ваколатхонасининг очилиши тўғрисидаги ҳужжатнинг имзоланиши бўлди. Федерика Могерини Марказий Осиёга сафарини Туркманистондан бошлагани бежиз эмас. У ўз ташрифи давомида Ашхободда янги вакиллик очилишида қатнашди. Шу пайтгача қолган тўрт давлатда Европа Иттифоқи делегациялари вакилликлари бор эди. Европа Иттифоқи кейинги беш йил ичида Марказий Осиё минтақаси билан кучли ҳамкорлик ўрнатди. Барча беш давлатда тўлиқ дипломатик делегацияларга эга бўлиш ишнинг давомийлигини таъминлашга кўмаклашади. Ташкилот ҳар йили вазирлар учрашувларини ўтказмоқда, минтақада тинмай айланиб юрувчи махсус вакиллар ҳам бор. Барча беш республика пойтахтида Европа Иттифоқининг доимий элчисига эга бўлиш ижобий қадамларни ёки муаммоларни кундалик равишда кузатиб бориш имконини беради.

Эътиборли томони шундаки, Брюссель Марказий Осиё давлатларига бошқа давлатлар билан ҳамкорлигида шарқ ва ғарбдан бирини танлаш шартини қўймайди. Могерини хоним таъкидлаганидек, Марказий Осиё турли мамлакатлар билан ҳамкорликда эркин бўлиши керак. Шу нуқтаи назардан мамлакатимиз Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Могерини хоним билан учрашувда “Ўзбекистон Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги стратегиясини муваффақиятли амалга ошириш йўлида ЕИ билан самарали ва конструктив ҳамкорлик қилишга қатъий содиқ”лигини таъкидлаган. Айни пайтда Бишкекда хориж ОАВ мухбирлари саволларига жавоб берган Могерини ҳам Ўзбекистонда ЕИ билан ҳамкорликни яхшилашга иштиёқ кўрганини таъкидлади:

– Мен сўнгги йилларда Ўзбекистонга 2 марта сафар қилдим ва бир нарсага шоҳид бўлдимки, бунга ўхшаш сафарлар давомида ушбу мамлакат ватандошлари билан учрашиш вақт нуқтаи назаридан жуда чекланган бўлади. Лекин мен кўрган нарса чин маънодаги қатъият бўлди. Ташқи дунёга очилиш, вазиятни яхшилаш, мамлакатни ислоҳ қилиш ҳамда Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни кенгайтириш ва кучайтириш – булар барчаси менга самимий бўлиб туюлди. Жуда яхши биламизки, биз билан кенг қамровли ҳамкорликнинг асосини ҳам доим инсон ҳуқуқи ва очиқ жамиятлар борасида чин маънода қўйилаётган қадамлар ташкил қилади. Мен Ўзбекистонда бошқа тарафдан, мамлакатни чуқур ислоҳ қилиш истагидай ўзгаришни аниқ-тиниқ кўрдим.

Очиғини айтганда, ҳамма буюк давлатлар ҳам Ўзбекистон ёки минтақанинг бошқа давлатларининг кучли бўлишини истамайди. Аммо Могерини хоним айтганидек, ЕИ Марказий Осиёни “кучли ва барқарор” кўришни истайди. Тўғри, икки тарафлама ҳамкорликда ечилиши лозим бўлган масалалар бор. Лекин Европа Иттифоқининг ёрдами ҳеч қачон минтақа давлатларини бўлишни, улар ўртасидаги фарқларни суиистеъмол қилишни кўзламаган. Аксинча, уларни ўзаро фарқлардан ошиб ўтиб, бирга ишлашлари кўзлаб келинган. Шундай экан, ЕИ таклиф қилиши мумкин бўлган нарса, одатдагидек, савдо, иқтисодий сармоялар, ривожланиш масаласида ҳамкорлик. Ташкилот минтақада кўплаб умумий бўлган лойиҳаларни молиялаштирмоқчи. Бундан ташқари, иқтисодий ислоҳотларни, ўзаро ҳамкорликни қўллаш ниятида. Бундан кейин Европа Кенгаши минтақанинг ислоҳотларга хоҳиш, истак билдирган давлатлари билан кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик доирасида улкан ва ўзаро манфаатли келишувларга эришиш ниятида. Бунинг учун ҳамкорлик ниятидаги давлат ислоҳотлар ўтказиши ва демократияни мустаҳкамлаши, қонун устуворлиги ва суд мустақиллиги томон илдамлаши, иқтисодиётини замонавийлаштириши ва диверсификация қилиши, хусусий секторни, жумладан, кичик ва ўрта корхоналарни қўллаб-қувватлаши шарт. Шу билан бирга Кенгаш Марказий Осиёнинг Евроосиё алоқаларини илгари суришдаги глобал саъй-ҳаракатлардаги стратегик ролини тан олган ҳолда, Афғонистонда тинчликни қарор топтиришда минтақа ва Европа ҳамкорлигини фаоллаштиришни муҳим деб билади. Eвропа томони Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш борасидаги, жумладан, тинчлик жараёни бўйича глобал ва минтақавий консенсусни ишлаб чиқиш, афғон транспорт ва савдо йўлларини жорий этиш ташаббуси, афғон аёллари учун таълим дастурини ишлаб чиқиш каби саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади. Шубҳасиз, Европа Иттифоқи билан муносабатларда индивидуал битимни имзолаш муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги муносабатлар ҳозирга қадар 1999 йил 1 июлдан амалга кирган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим асосида тартибга солинади. Мазкур битим сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий алоқалар, сармоя, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш, қонунчилик ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича ҳамкорлик, маданий-гуманитар келишувлар каби жабҳаларни қамраб олади. Аслида 2017 йилда Ўзбекистон раҳбарияти Брюсселга шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни янгилаш таклифи билан мурожаат қилган. 2018 йил 16 июлда расмий Брюссель янги битим борасида музокараларни бошлаш ҳақида қарор қабул қилган. Янги битим бўйича музокараларнинг бошланиши ЕИнинг Ўзбекистон билан ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратаётгани ҳамда мамлакатда турли соҳаларда, шу жумладан, инсон ҳуқуқлари жабҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ижобий баҳолаётганидан далолат беради. Янги битим қарийб 20 йилдан бери амалда бўлган ҳужжат ўрнини босади. Янгиланадиган келишувда сиёсий ҳамкорлик, савдо ва сармоя, ўзаро барқарор муносабатлар, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва бошқарувга алоҳида эътибор қаратилиши кутилмоқда.

2019 йилда Брюсселда бўлиб ўтадиган юқори даражадаги Ўзбекистон-Европа учрашуви, Ўзбекистон раҳбарининг жорий йилда Бельгияга амалга ошириши кутилаётган расмий ташрифи мисли кўрилмаган алоқаларга йўл очиши, шубҳасиз. Европа Иттифоқи билан муносабатлар бизга яна нима учун керак? Албатта, ЕИ билан яқиндан ҳамкорлик Марказий Осиё давлатларига жаҳон сиёсий ва иқтисодий тизимига янада жадал интеграциялашиш имкониятини очиб беради. Шу нуқтаи назардан ҳам Ўзбекистон Европа Иттифоқини халқаро саҳнадаги муҳим ҳамкорлардан бири деб билади.

Бир нарсани ёддан чиқармаслик керак, евродепутатлар Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини муҳофаза этиш, гендер тенглигини таъминлаш ва матбуот эркинлиги йўлида кўпроқ қадамлар ташланишини истайдилар. Европарламент Ўзбекистон ҳукуматига тавсия этган ҳисобот шу йил 26 март куни Евродепутатлар томонидан маъқулланган. Бу ҳисоботда Европа қонун чиқарувчилари Иттифоқ раҳбариятини Ўзбекистондаги ислоҳотларни диққат билан кузатиб боришга чақиради. Евродепутатлар Ўзбекистондаги суд тизимининг чиндан ҳам мустақиллигига олиб келадиган сиёсий ва демократик ислоҳотлар тўла ижро этилиши устидан мониторинг олиб боришни маслаҳат берган эди. Шунингдек, Европарламент ҳисоботида чин рақобатга асосланган сайлов натижасида Ўзбекистонда ҳақиқий мустақил парламентни барпо этиш лозимлиги урғуланган. Европа Парламенти Ўзбекистонда сиёсий тутқунлар озодликка чиқарилганини олқишлаганлиги ҳаммамизга маълум.

Биз Европа Иттифоқи ва унга аъзо мамлакатларнинг Марказий Осиё бўйича ўтган йиллардаги ташқи сиёсатига эътибор берадиган бўлсак, минтақада уларнинг эътибори асосан Қозоғистонга қаратилганини кўришимиз мумкин. Чунки, ушбу мамлакат минтақанинг бошқа давлатларига қараганда кўпроқ очиқлик касб этган бўлган. Ўзбекистонда бошланган сиёсий, иқтисодий ўзгаришлар ва бу жараённинг тез суръатда давом этаётгани мамлакатни жаҳонга тобора очиб бормоқда. Эндиликда, Ўзбекистон айни шу жиҳати билан ҳам Европа Иттифоқи эътиборини ўзига кўпроқ жалб қилмоқда. Бир сўз билан айтганда, Европа Иттифоқининг Марказий Осиë давлатлари билан қатор соҳалардаги ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган янги стратегияси минтақалараро ҳамкорликни чуқурлаштириш учун янги “Йўл харитаси” вазифасини ўтайди.

 

Абдували САЙБНАЗАРОВ, ЎзА