Институтга 30 ёшдан ошмаганлар қабул қилинади

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти томонидан матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда институтда ўқув ва қайта тайёрлаш курсларига қабул жараёнлари ҳамда ушбу курсларни битирган ёш раҳбарларнинг бугунги кундаги фаолияти, амалга оширилган илмий-тадқиқот ва ўрганишлар, шунингдек, ёш раҳбар кадрлар учун нашр қилинган махсус ўқув-услубий қўлланмалар ҳақида маълумот берилди.
Институтга қабул қилинадиган абитуриентлар 30 ёшдан ошмаган, Ўзбекистон фуқаролигига эга, олий маълумотли, олий таълим муассасасини тугатгандан кейин икки йиллик иш стажига эга, давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки жамоат ташкилотларида ишлаётган бўлиши лозим.
photo5208422813575260959.jpg
Рейтинг бўйича энг юқори балл олган 60 нафар номзод қайта тайёрлаш курсларига қабул қилинади. Ўқиш даврида тингловчиларнинг иш жойи ва ўртача ойлик иш ҳақи сақлаб қолинади.
– Ўқув ва услубий йўналишдаги 4 ойлик қайта тайёрлаш ўқув курсларида 162 нафар, 1 ойлик малака ошириш ўқув курсларида 457 нафар тингловчи ҳамда жойларда ўтказилган ўқув-семинарларда жами 25 минг 241 нафар тингловчи – бошланғич ташкилот етакчилари таҳсил олган, – дейди институт ўқув бўлими бошлиғи Сарвар Саидов. –Шунингдек, ёш кадрларнинг касбий ривожланишига доир 15 та ўқув-услубий қўлланма тайёрланиб, нашр этилди. 2018 йилда социология, психология, сиёсатшунослик ва иқтисод йўналишларида таянч докторантура ташкил этилиб, унга 18 нафар тадқиқотчи қабул қилинган.
Тадбирда хориж тажрибасини ўрганиш, тажриба алмашиш мақсадида Россия, Туркия, Хитой каби мамлакатлардаги нуфузли олий ўқув юртлари билан ўрнатилган ҳамкорлик ҳамда келажакда амалга оширилиши кутилаётган академик алмашинув юзасидан ҳам фикр алмашилди.

 

Г.БОБОЕВА, ЎзА