Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг юртимизга расмий ташрифи доирасида бир қатор тадбирлар бўлиб ўтди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигида бўлиб ўтган тақдимот ҳам улардан бири. У “CARO – 2019” Марказий Осиё радиоонкология конгрессини ўтказиш масалаларига бағишланди.
Вазирлик ва «OPASCA GOS Central Asia» компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда маҳаллий ва хорижлик экспертлар, соҳа вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова, Германиядаги «OPASCA GmbH» ва «OPASCA German Oncology Solutions GmbH» компаниялари бош директори, техника фанлари доктори Алексей Свердлов ва бошқалар Ўзбекистон – Германия ўртасидаги ҳамкорлик тиббиёт, хусусан, нур терапияси соҳасини замон талаби даражасида ривожлантиришга катта имкон яратаётганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 4 апрелдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарори ижросига асосан мамлакатимизда саратон касаллигини даволашда нур терапиясидан унумли фойдаланиш ва бунда энг замонавий тиббий ускуналар билан таъминланганлик, тиббий хизмат кўрсатиш ва муолажа натижалари бўйича жаҳон стандартлари талаби даражасига олиб чиқиш бўйича чора-тадбирлар бошланган.
– Жорий йилнинг 27-29 сентябрида бўлиб ўтадиган “CARO – 2019” Марказий Осиё радиоонкология конгресси ана шундай ислоҳотлар ижросига қаратилган, – деди «OPASCA German Oncology Solutions GmbH» компаниясининг Тошкентдаги «OPASCA GOS Central Asia» шуъба компанияси бош директори Алексей Арапов. – Конгресс иштирокчилари замонавий нур терапиясининг истиқболлари, хориж тажрибаси ҳамда Марказий Осиё мамлакатларида бу жараёндаги муаммоларга ечим излашга бағишланган маърузаларини ҳавола этади. Бугунги тадбирда биз мазкур конгресснинг асосий вазифаларига бағишланган тақдимотни ўтказдик.
– Юртимизда тиббиёт ривожига қаратилган кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда, – деди радиолог, тиббиёт фанлари номзоди Зиёда Эрматова. – Марказий Осиё радиоонкология конгрессининг тиббиётимиз ривожи учун илмий ва амалий аҳамияти жуда катта. Масалан, ўтган йили ташкил этилган конгрессда Германия ва Россия давлатларидан онкология соҳасидаги етакчи тиббий муассасалар онкологлари ва физик-радиологлар иштирокида соҳада эришилган ютуқлар, малака ва тажрибалар асосида маърузалар тингланди. Унда таклиф этилган тажрибаларга мувофиқ, мамлакатимизда нур терапиясини ривожлантиришда замонавий тиббий ускуналар билан таъминлашга бўлган эътибор янада кучайиб, бу борада кадрларни ўқитиш масаласида амалий натижаларга эришилмоқда.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА,ЎзА