«Ўзбекипаксаноат» уюшмасида 13 март куни Ўзбекистон ва Россия ишбилармонларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди.
«Ўзбекипаксаноат» уюшмаси ва Россиянинг «Комбат-Тур» масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда икки мамлакатнинг туризм, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик саноати, ипакчилик соҳасида фаолият юритаётган корхоналари раҳбарлари иштирок этди.
Дунёда пилла етиштиришга ўзига хос фаолият тури сифатида алоҳида эътибор қаратилади. Мамлакатимизда ҳам Президентимиз раҳбарлигида ушбу саноат соҳасини янада ривожлантириш, ипакдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараённи сифатли ташкил этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Сифатли уруғлик етиштириш борасида “Йўл харитаси” тасдиқланган. Унда ипак қурти уруғини етиштиришга ихтисослашган корхоналарни 2021 йилгача тубдан модернизация қилиш белгиланган. Бу Ўзбекистонда экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини сезиларли ошириш имконини беради.
Тадбирда “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси бошқаруви раиси ўринбосари Аъзамхон Абдуллаев мамлакатимизда етиштирилган ипак маҳсулотлари Хитой, Ҳиндистон, Япония, Жанубий Корея каби давлатларга экспорт қилинаётгани ҳақида сўзлаб берди. Тут баргидан чой ва парфюмерия воситалари, ипак қурти ғумбагидан ёғ ишлаб чиқариш, туризм, касаначилик ва миллий ҳунармандчиликни ривожлантиришга оид истиқболли лойиҳалар бўйича маълумотлар тақдим этди.
– Мамлакатингизда божхона ва солиқ ислоҳотларининг амалга оширилаётгани, виза тартибидаги ижобий ўзгаришлар хорижий инвесторларни жалб қилишда муҳим аҳамиятга эга, – деди россиялик ишбилармон Александр Чуранов. – Форум доирасида пилла йигириш, ипак газлама тўқиш дастгоҳларининг эҳтиёт қисмлари, тут дарахти кўчатлари, ипак қуртининг суперэлита, элита ва саноат уруғларини Ўзбекистонга олиб киришда яратилган имтиёзлар ҳақида сўзлаб берилди. Ташриф доирасида ипакчилик ва сайёҳлик соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича музокаралар ўтказдик.
Икки давлат тадбиркорларининг мулоқот майдонига айланган форум доирасида «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси тизимидаги корхоналарда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг кўргазма савдоси ва миллий либослар намойиши ўтказилди.
Анжуманда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, инвесторларни жалб қилиш ва илғор хорижий тажрибани оммалаштириш бўйича тақдимотлар намойиш этилди. Туризм, қишлоқ хўжалиги, текстиль ва ипак саноатида фаолият юритаётган Ўзбекистон ва Россия ишбилармонлари иштирокида B2B форматдаги учрашувлар ўтказилди.
Сайёра ШОЕВА, ЎзА мухбири