Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги Президентимиз маърузасини қайта-қайта ўқиб танишар эканмиз, кўнглимиз бугунги озод ва обод ҳаётга, тинчлик ва осойишталикка, фарзандларимиз бахти ва камолига, юртимиздаги катта ва беқиёс бунёдкорларига фахр ифтихор туйгулари билан тўлиб тошади.

Айниқса Президентимиз Конституциямизнинг ҳаётбахш кучи ва улкан салоҳияти ҳақида гапирар эканлар «Халқ билан доимий мулоқотда бўлиш, одамларнинг ташвиш-муаммоларини ҳал этиш, уларни рози қилиш фаолиятимиз мезонига айланмоқда. Бошлаган улкан ислоҳотларимизни самарали амалга оширишда ушбу масалаларнинг аҳамияти кун сайин тобора ортиб бораётганини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Айнан шу сабабли Бош қонунимизни чуқур ўрганиш, англаш, ҳаётга жорий этиш ва унга сўзсиз амал қилиш – барчамизнинг шарафли бурчимиздир» деган сўзларидан Азиз Ватанимиз равнақи, учун олдимизда жуда катта масъулият турганлигини қайта-қайта англамоқдамиз.

Шу ўринда мен Конституциямиз байрами кунларида халқимиз кўнглидан кечган эътирофларни келтириб ўтиш ўринли деб ўйлайман.

Негаки, бундан икки йил олдин худди шу кунларда катта ишонч  билан Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон Республикаси Президенти қилиб сайлаган эдик. Бугун халқимиз юртимизни шундай зукко, узоқни кўра оладиган, инсон манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўювчи, доно, инсонпарвар, халқчил раҳбар бошқараётганидан бошлари осмонга етмоқда. Озод, обод ҳаётимиз, фаровонлик, тинчлик-осойишталик Президентимизнинг Ўзбекистон Конституцияси бахтимизнинг ҳақиқий асоси эканлигини амалий ишларда кўрсатиб берганлигида намоён бўлмоқда.

Конституциямизда белгилаб қўйилган халқ ҳокимиятчилиги, қонунлар устуворлиги, ташқи сиёсатнинг ўзаро дўстлик ва ҳамкорликка йўналтирилганлиги, фуқаролик, шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар, сиёсий ҳуқуқлар, фуқароларнинг бурчлари, оила, жамоат бирлашмалари, мудофаа ва хавфсизлик принципларининг мамлакатимизда изчил амалга оширилаётганини Президентимизнинг амалий ишларида яққол кўрмоқдамиз.

Айниқса кейинги икки йилда ижтимоий адолат қарор топаётганлиги, халқаро ҳуқуқнинг устунлиги, инсонпарвар, ҳуқуқий давлат барпо этиш, тинчлик, миллий тотувлик, халқ ўз дардини очиқ айтиши, муаммоларнинг ҳал қилиниши, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлаш – Президентимиз ибораси билан айтганда «Халқнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши», бағрикенглик тамойиллари ҳаётимиз мазмунига айланди. Онг, тафаккуримиз янгиланди. Яхши яшаш ўзимизга, ўз салоҳиятимиз, ақлимизга боғлиқ эканлигини тушуниб етмоқдамиз.

Шунингдек Президентимиз ўз маърузасида одил судловни шакллантириш,  фуқароларимиз тинчлиги, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, Ички ишлар, Миллий гвардия Қўшинлари бўлимларини қўллаб-қувватлаш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши кескин курашиш, солиқ сиёсатини такомиллаштириш, туризмни ривожлантириш, фаол тадбиркорликни қўллаб қувватлаш, инвесторлар учун шароитлар яратиб бериш, таълим, тиббиёт, ижтимоий ҳимоя, Парламент, ОАВ фаолияти масалаларига ҳам катта эътибор қаратиб ўтди.

Буларнинг ҳаммаси Президентимиз таъкидлаб ўтганидек «Фуқароларда ҳам ислоҳотларга нисбатан дахлдорлик ҳисси шаклланиши керак. Ана шундагина кўзланган мақсадларга эришиб, олдимизга қўйилган вазифаларнинг тўлиқ уддасидан чиқамиз».

Халқимиз Конституциямиз қабул қилинган куннинг 26 йиллигини нишонлар экан Конституциягнинг IV-V боболарида кўрсатилган, халкаро муносабатлар, ўзаро ҳамдўстлик, барча фукароларнинг бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиши, ҳуқуқ ва эркинликлар дахлсизлиги, давлатимиз ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатиши кафолатлаб қўйилганлигини алоҳида фахр-ифтихор билан эътироф этмоқдалар. Шунингдек Конституциянинг XVII-бобида мустаҳкамлаб берилган Қорақалпоғистон Республикасининг муҳофаза этилиши, унинг ўз Конституциясига эга бўлиши, ўз маъмурий ҳудудий тузилиши масалаларини ўзи мустақил ҳал қилиши ҳаётда ўз ифодасини топмоқда. Конституция туфайли қорақалпоқ халкининг неча асрлик орзу-умидлари бугун амалга ошмоқда.

Бердахнинг «Юрт ғамхўри керак менга» деб ёзган умидлари амалга ошганлигини бугун ўзимиз кўриб кўнглимиз тўлаётганлиги рост гап. Президентимиз халқ сўзи билан айтганда Бердах бобо башорат қилган асл юрт ғамхўридир.

Қорақалпоғистон бағри кенг диёр. Биз қорақалпоқ халқи миллат қадрини баланд тутадиган, кўнгли кенгликлардай кенг, сўзи сувдай тиниқ, кўнглидаги тилида турувчи халқмиз. Президентимиз буни чин кўнгилдан сезади. Биз буни Президентимизнинг Қорақалпоғистонга деган меҳр ва ғамхўрлигида яққол кўрмоқдамиз.

Қорақалпоғистонда Аграр соҳа ривожланиш йўлига ўтди. Саноатнинг ҳамма тури халқ фаровонлиги учун хизмат қилмоқда. Қорақалпоқ халқининг ўзига хос миллий ҳунармандчилиги қарор топди. Тадбиркорлик, барча соҳаларга сингиб бермоқда.

Айниқса, Президентимиз БМТ минбарида «Орол дарди олам дарди» эканлигини рўйи-рост исботлаб бера олди. Президентимиз раҳнамолигида Орол инқирози оқибатларини тугатишга қаратилган амалий ишлар Қорақалпоғистоннинг барча ҳудудларига етиб борди. Мўйноқда оламшумул катта ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар бўлмоқда.

Бир сўз билан айтганда бундай бахт, бундай эътибор, бундай фаровонлик ва озод ва обод ҳаёт фақат Конституциямиз ва Президентимизнинг оқилона ички ва ташқи сиёсати туфайли амалга ошмоқда.

Президентимиз сўзлари билан айтганда: «Юртимиз тинчлиги, Ватанимиз равнақи, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ўғил-қизларимизнинг илмга, ҳунарга бўлган интилишларини ҳар томонлама кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш келгусида ҳам ислоҳотларимиз марказида бўлади.

Биз ташқи сиёсатимизда узоқ ва яқин қўшниларимиз билан дўстлик алоқаларини кўз қорачиғидек асраб-авайлаб, барча соҳаларда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантирамиз.

Чунки: Билимли авлод – буюк келажакнинг, тадбиркор халқ – фаровон ҳаётнинг, дўстона ҳамкорлик эса – тараққиётнинг кафолатидир!».

 

 

Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА,

Қорақалпоғистон Республикаси

Жўқорғи Кенгеси депутати,

Сенатор.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги