Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 15 октябрь куни Хоразм вилояти мусиқали драма театрини бориб кўрди.
Президентимизнинг жорий йил 31 майдаги “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ соҳани тараққий эттириш, театрларнинг моддий-техник базасини замон талаблари асосида мустаҳкамлаш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Хоразм вилояти мусиқали драма театри 1975 йилда қурилган. Президентимиз ташаббуси билан шу кунларда театр биноси, жумладан, 572 томошабинга мўлжалланган зал капитал таъмирланмокда.
Театр саҳна декорациялари ва конструкциялари, либослар, грим ва постижер маҳсулотлари, парда ва бошқа буюмлар билан таъминланади.
Президентимиз театр мутасаддилари билан мулоқотда театр фаолиятининг мазмун-моҳиятини янада бойитиш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Театрни ҳақиқий маънавият ўчоғига айлантириш учун аввало яхши асарлар керак, деди давлатимиз раҳбари. Хоразмнинг буюк тарихи бор. Улуғ алломаларимиз, шу билан бирга замонамиз қаҳрамонлари ҳақида саҳна асарлари яратиш зарур.
Ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, улар учун замонавий уй-жой қуриб бериш, театрнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича кўрсатмалар берилди. Актёр ва режиссёрларнинг малакасини ошириш, ёш мутахассислар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.