​Ноҳалол мева-сабзавот экспорт қилувчилар сири фош бўлди

Президентимизнинг жорий йил 17 октябрдаги “Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ноҳалол мева-сабзавот экспорт қилувчилар реестри юритилмоқда.
Мазкур қарор билан мева-сабзавот маҳсулотлари экспортидан тушумларни ўз вақтида таъминламаган экспортёрлар мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишда 100 фоизлик олдиндан тўлов олиш талаблари уларга қўлланилган ҳолда ноҳалол мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилувчилар реестрига киритилиши белгилаб қўйилди. Шунингдек, эндиликда барча юридик шахслар мева-сабзавот маҳсулотларини дастлабки тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолатини расмийлаштирмасдан ва экспорт шартномасини сиёсий, тижорат хавфларидан суғурта полисисиз амалга ошириши мумкин. Тадбиркорлик субъектларига улгуржи савдо қилиш лицензиясига эга бўлмасдан мева-сабзавот экспортини амалга ошириш ҳуқуқи берилди. Экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари божхона кўригидан ўтказилмаслиги ҳамда ҳужжатларда мавжуд маълумотларнинг ишончлилиги, товарларни Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан ноқонуний олиб ўтиш учун экспорт қилувчининг жавобгар бўлиши белгиланди.
Мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга ошириш учун яратилган шу каби имконият ва қулайликлар соҳада юзага келган тўсиқ ҳамда ғовларни бартараф этиб, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини янада оширишга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир. Афсуски, айрим тадбиркорлар бундай имкониятлардан самарали фойдаланиш ўрнига товарларни экспорт қилишда божхона тартиб-қоидаларини четлаб ўтишга интилаётгани ачинарлидир. Жумладан, божхона постимизга якка тартибдаги тадбиркор Б.А томонидан юк автомашинасида Афғонистонга вазни 24,9 тонна 996 қоп қизил ловияни божхона режимига расмийлаштириш учун электрон божхона юк декларацияси тақдим этилган. Экспорт қилиниши мўлжалланган юк божхона кўригидан ўтказилганда 676 қоп қизил ловия товари борлиги, қопларнинг тагига эса юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмай божхона назоратидан яширилган 320 қопда 8,8 минг доллар қийматидаги нўхат мавжудлиги аниқланди. Яна бир экспортёр тадбиркор қўшни Афғонистон давлатига 9,9 минг доллар қийматидаги 9 тонна нўхатни божхона назоратидан яшириб, олиб ўтишга уринганида сири фош бўлиб қолди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан тегишли процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилиб, улар ноҳалол тадбиркорлар рўйхатига киритилди.
Нортожи МАРДАЕВ,
Сурхондарё вилояти
божхона бошқармаси 
“Термиз” ТИФ божхона
пости бошлиғи.

 

ЎзА