Қўнғирот – Қорақалпоғистоннинг энг чекка туманларидан бири ҳисобланади. Туманда “Довут-ота” чегара божхона пости ҳамда “Қорақалпоғистон” темир йўл чегара божхона пости мавжуд.
Атрофи яланглик бўлган бу ерда ёзнинг иссиғи, қишнинг совуғига бардош бериб хизмат қилишнинг ўзи бўлмайди.
2018 йил 7 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасининг “Довут-ота” чегара божхона пости ҳамда “Қорақалпоғистон” темир йўл чегара божхона пости ходимлари учун икки қаватли 16 хонадондан иборат икки хизмат уйи қуриш бўйича фармойиши қабул қилингани соҳа ходимлари учун хушхабар бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасидан маълум қилишларича, айни пайтда қўмита томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши билан ҳамкорликда объект қурилиши бўйича амалий ишлар бошланган. Қўнғирот тумани ҳокимлиги уй қуриш учун ер майдони ажратган.
Таъкидлаш жоизки, “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги қонунга биноан уй-жой олишга ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож, деб топилган божхона органлари ходимлари уй-жой майдони олиш ҳуқуқига эга. Божхона органлари хизмат уй-жой фондини ташкил этиши мумкин.
Эндиликда божхона органлари ходимларига турар жойни ижарага олганлик учун пуллик компенсация тўланади. Шунингдек, божхона органлари ходимларига узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитларидан фойдаланган ҳолда квартиралар олиш ва якка тартибда уй қуриш учун ер участкаси олиш ҳуқуқи берилди.
Қўнғирот туманида бунёд этилаётган янги хизмат уйи ушбу қонуннинг ҳаётдаги амалий ифодасидир.
ЎзА