Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг ижроси доирасида Вазирлар Маҳкамасининг “Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳадис илми мактаби юртимиздан етишиб чиққан Абдуллоҳ ибн Муборак, Имом Кеший, Имом Бухорий, Имом Доримий, Имом Термизий, Имом Шоший ва Абдуллоҳ Субазмуний каби буюк муҳаддислар томонидан асос солинган ҳадис мактабларининг давомчиси сифатида ташкил этилгани, юртимизда яна бухорийлар, самарқандийлар, шошийлар, термизийлар каби улуғ алломаларнинг тарбия топишига хизмат қилади.
Мовароуннаҳрда илм-маърифат билан машғул бўлган кўплаб мактаб ва мадрасалар, хусусан, Қуръон, ҳадис ва фиқҳ мактаблари фаолият олиб боргани тарихий манбаларда қайд этилган. Жумладан, Мовароуннаҳрдан VII-XII асрларда 3000 дан ортиқ таниқли муҳаддис етишиб чиққан. Уларнинг 1000 дан зиёди Самарқандда, 600 дан ортиғи Бухорода, 400 дан ошиғи Насафда, 70 дан кўпроғи Шошда, шунингдек, Фарғона, Кеш, Термиз, Хоразм, Уструшона, Дабус каби шаҳарларда фаолият кўрсатган. Бу рақамлар юртимизни том маънода муҳаддислар диёри, деб эътироф этишга асос бўлади.
Ҳадис илми мактабининг асосий мақсади ҳам ислом дини ва ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк ватандошларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, улар томонидан асос солинган ҳадис илми мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш ҳамда олий маълумотли етук мутахассисларни тайёрлашдан иборат.
Қарорда белгиланганидек, Дин ишлари бўйича қўмита Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда Мактаб билан хорижий мамлакатларнинг нуфузли илмий ва таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, хорижлик профессор-ўқитувчиларни мактабга жалб қилиш бўйича тизимли ишларни амалга оширади. Мактаб профессор-ўқитувчиларини малака ошириш, тажриба алмашиш ва ўқитиш учун чет мамлакатларга юбориш чораларини кўради.
Алломаларимиз қолдирган бой илмий-маънавий меросни ўрганиш ва уларни кенг жамоатчиликка етказиш хусусида Президентимиз Шавкат Мирзиёев шундай таъкидлаган: “Имом Бухорий ва Бурҳониддин Марғиноний, Исо ва Ҳаким Термизийлар, Маҳмуд Замахшарий ва Қаффол Шоший, Баҳоуддин Нақшбанд ва Хожа Аҳрор Валий, Муҳаммад Хоразмий ва Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний ва Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий каби кўплаб даҳолар номи жаҳон цивилизацияси тарихида олтин ҳарфлар билан битилган. Бу алломалар маънавий меросини ўрганишга бугунги кунда ҳам инсоният катта эҳтиёж сезмоқда”.
Дарҳақиқат, ота-боболаримиздан қолган бой маънавий меросга қанча кўп мурожаат қилсак, уларни ўқиб-ўргансак, маънавий оламимиз шунча бойиб, юксалиб боради. Ҳадис илми мактаби ана шундай улуғвор мақсадларни амалга оширишда етакчи диний таълим муассасаси вазифасини ўташига ишонамиз.