Ўзбекистонда “яшил” хусусий секторни ривожлантириш бўйича кенг кўламли лойиҳа ишга туширилди

449

Бугун пойтахтимизда ўтказилган семинарда ушбу лойиҳанинг мақсад-вазифалари ва унинг доирасида амалга ошириладиган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Германия халқаро ҳамкорлик жамияти – GIZ ва  “Ўзтўқимачиликсаноат”  уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган семинарда бизнесни ривожлантириш хизматлари вакиллари, атроф-муҳитни бошқариш, муҳандислик мутахассислари ва БМТнинг Саноатни ривожлантириш ташкилоти (UNIDO) экспертлари иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, ҳозирги вақтда барқарор ривожланишни таъминлаш ва атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш тобора муҳим вазифага айланмоқда. Экологик вазиятни яхшилаш, компанияларнинг рақобатбардошлигини ошириш ва карбонат ангидрид чиқиндиларини камайтириш табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш ва иқтисодий ўсишни ажратиш ва табиий ресурслардан фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда мамлакатнинг узоқ муддатли ривожланиши учун шароит яратишда муҳим қадамлардан биридир.

“Ўзтўқимачиликсаноат”  уюшмаси ахборот хизмати раҳбари, лойиҳанинг миллий эксперти Шаҳзода Қўчқорова ушбу лойиҳанинг аҳамияти ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:

– Германия халқаро ҳамкорлик жамияти – GIZ тўқимачилик ва қурилиш саноатида “Ўзбекистонда яшил хусусий секторни ривожлантириш” янги йирик лойиҳасини ишга туширди. Лойиҳа иқтисодий ўсишни ва табиий ресурслардан фойдаланишни ажратиб, «яшил» саноатлаштиришни ривожлантириш ва барқарор ривожланиш учун шароит яратишга қаратилган. Бугун ташкил этилган семинарда мутахассислар ушбу лойиҳанинг мақсадлари, иштирокчилари, муддатлари, йўналишлари ва лойиҳани амалга ошириш стратегиясини тақдим этди.

Шунингдек, “KNAUF”, “MexMash Namangan”, “Akbarali Textile”, “Thermozon” каби компания вакиллари томонидан тақдимотлар ўтказилди. БМТнинг Саноатни ривожлантириш ташкилоти (UNIDO) мутахассислари қурилиш ва тўқимачилик тармоқлари нуқтаи назаридан энергия самарадорлигига  урғу берди.

Шу ўринда айтиш керакки, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти бир неча йиллардан буён Ўзбекистонда турли соҳаларда кўплаб лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Ташкилотнинг галдаги ушбу лойиҳаси ҳам Ўзбекистоннинг “яшил” саноатлаштиришни ривожлантириш, энергия ва ресурсларни тежайдиган ишлаб чиқариш жараёнларини жорий этиш, иқтисодий ривожланиш ва табиий ресурслардан фойдаланишни узоқ муддатли ажратиш учун шароит яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан эътиборлидир.

Лойиҳа тўртта ўзаро боғлиқ фаолиятда татбиқ этилади. Хусусан, тизимни ишга тушириш ва ресурсларни тақсимлаш: ушбу босқичнинг мақсади лойиҳа тарафдорлигига эришиш, тизимларни ишга тушириш ва келгуси ишларнинг тафсилотларини режалаштиришдир.

Компаниялар учун индивидуал ёрдам берилади. Бунда биз ҳар бир иштирокчи компанияни танланган БРХ (бизнесни ривожлантириш хизматлари) етказиб берувчиси билан боғлашга, индивидуал қўллаб-қувватлаш ва чиқиндиларни тежаш имкониятларини баҳолашга интиламиз.

Таҳлил ва такомиллаштиришга эътибор қаратилади. Биз ресурслардан фойдаланиш маълумотларини таҳлил қиламиз ва хом ашё, энергия, сув ва чиқиндиларни қайта ишлаш каби соҳаларда яхшиланишни таклиф қиламиз.

Компаниялар дастлабки баҳолашдан ўтказилади. Унда компаниялар ва БРХ етказиб берувчиларини таққослашдан олдин биз компаниянинг ишлаб чиқариш ва экологик жиҳатлари тўғрисида умумий тасаввурга эга бўлиш учун дастлабки баҳолашни ўтказамиз.

Мухтасар айтганда, лойиҳада таклиф этилаётган ечимлар Ўзбекистон компанияларининг рақобатбардошлигини ошириш ва CО2 эмиссиясини 10 фоизга камайтиришга қаратилгани билан катта аҳамият касб этади.

ЎзА мухбири 

Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.