«Германия – Марказий Осиё» парламент гуруҳи билан ҳамкорлик алоқалари ривожланмоқда

419

Юртимизда ислоҳотлар жараёнига фуқароларни фаол жалб қилиш ва аҳолининг турли қатламларини қамраб олиш борасида халқаро тажрибалар ўрганиб борилмоқда.

«Тараққиёт стратегияси» марказида Германия Бундестагидаги «Германия – Марказий Осиё» парламент гуруҳи раисининг ўринбосари Манфред Грунд бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков Германия Бундестаги депутатларига Ўзбекистондаги ислоҳотларда фуқаролик жамияти институтларининг иштироки, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг аҳамияти ҳақида маълумот берди.

Шунингдек, марказ раҳбари аҳолининг қабул қилинаётган узоқ йиллик муҳим стратегик ҳужжатлар ва сиёсий жараёнлардаги фаол иштирокини таъминлаш, таклиф ва фикр-мулоҳазаларини тизимли ўрганиб бориш механизмлари бўйича сўз юритди.

Ўз навбатида Германия томони ҳамкор сифатида Ўзбекистонни ҳамиша қўллаб-қувватлашини маълум қилишди. Шунингдек, делегация аъзолари ислоҳотлар жараёнига фуқароларни фаол жалб қилиш ва аҳолининг турли қатламларини қамраб олиш борасидаги тажрибалари билан ўртоқлашди.

Учрашув якунида «Тараққиёт стратегияси» маркази ҳамда «Германия – Марказий Осиё» парламент гуруҳи ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш бўйича келишувларга эришилди.

Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА