Кеча давлатимиз раҳбарининг «Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича давлат дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш жараёнларини самарали ташкил этишнинг қўшимча чоралари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг марказий аппарати тузилмасида, Ўзбекистоннинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари ҳамда бюджет тизими бюджетлари ҳисобидан молиялаштириладиган дастурларга мувофиқ, қиймати 10 миллиард сўмдан юқори бўлган объектларни қуриш ва реконструкция қилиш бўйича тайёрланган лойиҳа-смета ҳужжатларини кўриб чиқиш ваколатига эга лойиҳа офиси ташкил этилади.

2025 йил 1 январдан лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш ва объектларни фойдаланишга қабул қилишда қурилиш харажатларни баҳолашнинг «ҳажм» услубига (ҳажм ва сифат кўрсаткичларини ҳисобга олишга) ўтилади.

2024 йил 1 июлдан объектларнинг смета қиймати «Қурилиш ресурслари миллий классификатори» электрон платформаси маълумотлари асосида шакллантирилади.

2024 йил 1 октябрдан қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш жараёни рақамлаштирилган ҳолда, «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимининг «Қурилишда давлат назорати» электрон платформаси орқали расмийлаштирилади.

Ш, Маматуропова, ЎзА