“Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан пойтахтимиз аэропортида бир қатор божхона қоидабузарликлар фош қилинганлиги ҳақида Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати маълумот бермоқда.
Жумладан, Бокуга парвози олдидан фуқаро Т.У.нинг безовталаниши бежиз эмас экан. Шахсий кўрикдан ўтказилганда ушбу шахс оёғидаги пайпоғи ичига 1280 АҚШ долларини яширганча олиб чиқиб кетмоқчи бўлганлиги аниқланди.
“Нью-Йорк-Тошкент” рейси бўйича парвозини якунлаган фуқаро Д.Х.эса божсиз олиб кириш меъёрларига зид равишда, рухсат этилган 2 литр ҳажмда эмас, балки қиймати 2,4 миллион сўмдан ортиқ 7,25 литр ҳажмдаги 7 шиша алкоголли ичимликларни олиб кираётган пайтида тўхтатиб қолинди.
Шунингдек, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти божхоначилари “Тошкент-Остона” рейси йўловчилари орасидаги нумизматика “ишқибози”ни “кашф” қилди.
Фуқаро О.А. божхона назоратидан ўтиши вақтида унга тегишли бўлган сумкаси божхона кўригидан ўтказилганда, унинг ичида божхона назоратига тақдим этилмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўровида айтилмаган, олиб чиқилиши тақиқланган, жами 25 дона тарихий аҳамият касб этувчи тангалар борлиги аниқланди.
Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ЎзА