Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ)нинг 7 сентябрда Буэнос-Айресдаги навбатдаги сессиясида 2022 йилда бўлиб ўтадиган ўсмирлар ўртасидаги IV Олимпия ўйинларига мезбонлик қилувчи давлат номи эълон қилинди.
Мезбонни аниқлаш жараёнида сўзга чиққан ХОҚ вице-президенти Угур Эрденер шундай деди:
“ХОҚ ижроия кенгаши YOG – 2022 мезбонини аниқлаш жараёнида Африка қитъасидан тўртта номзод борлиги бизни бахтиёр қилди. Ишонардикки, ҳар бир номзод мусобақани муваффақиятли равишда ўтказа оларди ва кўплаб имкониятларга эга эди.
Ботсвана – тўрт номзод давлатнинг энг кичиги, мамлакат пойтахти Габороне шаҳрида ёшларга ва спортга қаратилган узоқ муддатли жозибадор лойиҳани таклиф этган давлат.
Африканинг энг кўп аҳолиси бўлган Нигерия пойтахти Абужа шаҳри жуда кучли ва ихчам лойиҳани таклиф қилди. Ушбу лойиҳа ҳам миллий спорт турлари билан, қолаверса, замонавий ёшлар спорт турлари стратегиясига тўлиқ мос тушади.
Тунис эса пойтахт Тунис, Ла Соукра, Радес ҳамда Ясмине-Ҳаммамет денгиз сайёҳлик курортини ўз ичига олган мустаҳкам лойиҳани тақдим қилди. Лойиҳанинг мазмуни бўлса, ҳукумат ёшларни соғломлаштириш борасидаги ғоясининг айни ўзи эди.”
Шундай бўлса-да, Эрденер Сенегалнинг энг кучли лойиҳага эга эканлигини билдириб ўтди.
Номзодлик учта марказга асосланган: пойтахт – Дакар, янги Диамнидао шаҳри ва Салй дарёси қирғоғи. Сенегал лойиҳаси Ғарбий Африка мамлакатининг ривожланиш стратегияси, хусусан, миллий ҳукуматнинг “ривожланаётган Сенегал” режасига тўла мос келмоқда. Бу эса иқтисодиётни ҳамда мамлакат инфратузилмасини яхшилашга хизмат қилади.
ХОҚ президенти Томас Бах эса қуйидаги фикрларни таъкидлаб ўтди:
“Африкага навбат келди… Африка кўплаб машҳур спортчиларнинг ватани. Африка ёшлар қитъаси. Шу муносабат билан биз 2022 йилги Ўсмирлар олимпиадасини Африка қитъаси мамлакати Сенегалга топширдик. Улар ёшлар ва спорт учун кучли лойиҳани таклиф этди. Ўйлайманки, жуда кенг имкониятлар ва ўзаро ишончли ҳамкорлик Ўсмирлар олимпия ўйинларининг бир бўлаги. Бу эса ёшлар учун ҳам илҳом, ҳам масъулият юклайди. Келажакда ҳам Африка давлатлари билан бирга ишлашга тайёрмиз.”
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг февраль ойида ХОҚнинг Пҳёнг Чангдаги сессиясида ҳамма бир овоздан 2022 Ўсмирлар олимпиадасини Африка қитъаси мамлакатига топширишни эътироф этганди.
Албатта, ушбу қарор бошқалар наздида ҳам энг фойдали, деб ҳисобланди.
Африкадаги 2022 йилги Ўсмирлар олимпиадаси қитъадаги биринчи олимпиада мусобақаси сифатида тарихга киради.
Дарвоқе, бу йил Ўсмирлар ўртасидаги олимпиадага Аргентина пойтахти Буэнос-Айрес мезбонлиқ қилади. Ушбу мусобақада мамлакатимиз спорт делегацияси ҳам иштирок этиши назарда тутилган.