Миллий термамиз бугун Эронга қарши майдонга тушади…
Бугун Эктор Купер устозлигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси Эрон термасига қарши халқаро ўртоқлик учрашувида майдонга тушади. “Миллий” стадионда, соат 20:00да бошланадиган мазкур ўйинни қирғизистонлик ҳакамлар гуруҳи бошқариб боради.
Булар – Дмитрий Машенцев, Баҳодир Қўчқоров, Исмоил Толибжонов.
Хабарингиз бор, ФИФА кунлари доирасида терма жамоамиз янги бош мураббий иштирокидаги илк учрашувни 6 сентябрь куни Тошкентда ўтказган ва унда дуранг натижа қайд этилган эди. Сурияликлар Марказий Осиёга сафарини давом эттириб, қўши Қирғизистон пойтахти Бишкекга жўнаб кетишганди.
Кеча, мазкур шаҳардаги Долен Омурзаков номли стадионда ўтган ўйинда кутилмаганда сурияликлар мезбонларга 1:2 ҳисобида мағлубиятга учрашди. Бунинг сабабларидан бир сифатида меҳмонларнинг икки ўйинчиси майдондан чиқариб юборилганини ҳам келтириш мумкиндир балки. Нима бўлган тақдирда ҳам жаҳон рейтингида биздан анча ортда бўлган ён қўшниларимиз биз енга олмаган жамоадан устунликка эришганини исботлади.
U-21: Ёшларимиз ўзларини кўрсатишди…
Жамшид Саидов бош мураббийлигидаги 1997 ва ундан кейинги йилларда туғилган ёшлардан иборат терма жамоамизнинг Хитойда ташкил этилган халқаро турнирда бош совринни қўлга киритгани ҳақида хабар берилган. Дастлаб Тожикистон ва Муанмар термаларини мағлубиятга учратган ёшларимиз ҳал қилувчи баҳсда мезбонларга қарши майдонга тушишди ва ўзлари учун кифоя бўлган дуранг натижани қайд этишди – 1:1. Эътиборли жиҳати, ягона гол муаллифи Шерзод Насруллаевнинг ушбу голи турнирнинг “Энг чиройли гол” номинациясида ютиб чиқди ва совринни қўлга киритди. Турнирнинг иккинчи мукофоти мезбонларга, учинчиси эса тожикистонликларга насиб этди.
Айни пайтда терма жамоа аъзолари ўзлари тўп сураётган клубларида навбатдаги тур ўйинларига тайёргарлик кўришяпти.
U-17: Ўсмирларнинг акаларига кучлари етди…
Отабек Ғуломхўжаев устозлигидаги 17 ёшли ўсмирлар терма жамоамизнинг Тошкентда навбатдаги ўқув-машғулот йиғини бошлагани ҳақида ёзган эдик. Тўрт кунга мўлжалланган йиғин давомида футболчилар режага мувофиқ машғулотларда иштирок этиш билан бирга белгиланган иккита ўртоқлик учрашувида ҳам майдонга тушишади.
Йиғинга жалб этилган 25 нафар футболчидан мураббийлар штаби ишончини оқлаганлар октябрь ойида Испания давлатида бўлиб ўтадиган халқаро турнирда қатнашувчи Ўзбекистон терма жамоаси таркибига киритилади.
Термага жалб этилган 25 нафар футболчидан тўрт нафари 2002 йилда, қолганлари эса 2001 йилда таваллуд топган ёшлар саналади. Улар “Навбаҳор”, “Пахтакор”, “Бунёдкор”, “Бухоро”, “Насаф”, АГМК, “Нефтчи”, “Хоразм” ва “ЎзДонгЖу” каби Суперлига ва ҳаваскор жамоалар сафида ҳаракат қилишади.
Кеча ўсмирларимиз Про-лиганинг “Б” гуруҳи пешқадами “Нурафшон” жамоасига қарши майдонга тушишди ва 3:3 ҳисобидаги дуранг натижани қайд этишди. Айни пайтда “Миллий” стадионнинг машғулотлар майдонида йиғин доирасидаги навбатдаги учрашув старт олиш арафасида. Унда ўсмирлар терма жамоасига “Бунёдкор”нинг Шуҳрат Мақсудов бошчилигидаги ёшлар таркиби рақиблик қилмоқда.
U-14: Сўнгги рақиб Жанубий Корея…
Азамат Абдураимов шогирдлари – 14 ёшлилар терма жамоамиз Хитойнинг Ухан шаҳрида ташкил этилган халқаро мусобақада қатнашаётганидан хабарингиз бор. Ўсмирларимиз мусобақани Японияга қарши ўйин билан бошлаб, 0:4 ҳисобида ютқазгани билан, қолган ўйинларда ғалаба қозонишнинг уддасидан чиқишди. Жумладан, Таиландни 2:1, вьетнамликларни пенальтилар ҳисобига 5:4, Бирлашган Араб Амирликлари термасини эса 5:0 ҳисобларида мағлубиятга учратишди.
Бугун ўсмирларимиз мусобақанинг 5-ўрини учун Жанубий Корея термасига қарши майдонга тушишади.
Футзал U-20: Осиё чемпионати саралаш ўйинлари Тошкентда ўтади…
Келаси йили 20 ёшлилар ўртасида ўтадиган Осиё чемпионатига саралаш ўйинлар бу йилдан бошланади. Аввалига мазкур мусобақада ўзбекистонликларнинг иштирок этмаслиги хабарлари тарқалганди. Кейинроқ маълум бўлдики, вакилларимиз нафақат иштирок этишмайди, балки ҳатто саралаш ўйинларини ўз майдонларида қабул қиладиган бўлди.
Саралаш баҳслари тўртта минтақага, жумладан, Жануби-шарқий Осиё, Марказий Осиё, Шарқий Осиё ва Ғарбий Осиё минтақаларига бўлинган ҳолда ташкиллаштирилади. Тошкент Марказий Осиё минтақаси саралашига мезбонлик қилади.
Ушбу саралаш баҳслари шу йилнинг декабрь ойида ўтказилиши белгиланган.
Унга қадар терма жамоамиз октябрь ойидаги ФИФА кунларидан унумли фойдаланиш мақсадида Тошкентда иккита халқаро ўртоқлик учрашуви ўтказишни режалаштирмоқда.
Афғонистон футбол федерацияси Ўзбекистон футбол ассоциациясига ҳар икки мамлакат терма жамоалари ўртасида ўртоқлик ўйини ташкил этиш борасида таклиф билан чиқди. ЎФА мазкур таклифга ижобий жавоб бергач, ўйин 12-13 октябрь саналарига белгиланди. Шунингдек, футзал терма жамоамиз 20-23 октябрь кунлари Таиландда ўтказиладиган халқаро мусобақада ҳам иштирок этишни мўлжаллаб турибди.
Аёллар футболи. U-16: Осиё чемпионатига тайёргарлик қизғин…
Илҳом Ханжараев устозлигидаги 16 ёшли қизларимиздан иборат терма жамоамиз шу йилнинг 15-23 сентябрь куни Шри-Ланка давлатида бўлиб ўтадиган Осиё чемпионати саралаш ўйинларига қизғин тайёргарлик кўрмоқда.
Терма жамоа аъзолари 8 сентябрдан буён Тошкентдаги “Чиғатой” спорт мажмуасида машғулотлар олиб боришмоқда. Бош мураббий Илҳом Ханжараев сафарга отланувчи 23 нафар шогирдларини аллақачон аниқлаб бўлган. Мана улар:
Дарвозабонлар – Ангелина Полюшкевич (“Севинч”), Азиза Давлатова (“ТерДУ-Сурхон”).
Ҳимоячилар – Марина Косникова (“Бунёдкор”), Севинч Қўчқорова , Фотима Турсуналиева, Маҳлиё Заидбаева (учаласи ҳам АГМКдан), Рушана Тошпўлатова , Дурдона Алиева, Севинч Ашурова (учаласи ҳам “Севинч”дан), Зарина Жумаева (“Динамо”).
Ярим ҳимоячилар – Парвина Содиқова, Зуҳра Турсуналиева, Нозима Шералиева (учаласи ҳам АГМКдан), Умида Хотамова, Камола Эркинова (иккаласи ҳам “Пахтакор”дан), Нодира Искандарова (“Сўғдиёна”), Ўғилой Сайдуллаева (“Севинч”), Зарина Маматкаримова (“Металлург”).
Ҳужумчилар – Диёра Жўрабоева (“Навбаҳор”), Лайло Ораниёзова (Тошкент вилояти БЎСММ), Ангелина Актерякова (“Бунёдкор”), Ойсара Суюнова (“Локомотив”), Маҳзуна Абдукаримова (Тошкент шаҳар футбол академияси).
Саралаш ўйинларида термамиз “А” гуруҳидан жой олган ва Шри-Ланка, Хитой, Гуам, Иордания давлатлари термаларига қарши кураш олиб боради. Вакилларимиз иштирокидаги ўйинлар тақвими эса қуйидагича:
15 сентябрь
Ўзбекистон – Иордания
19 сентябрь
Ўзбекистон – Гуам
21 сентябрь
Ўзбекистон – Шри-Ланка
23 сентябрь
Ўзбекистон – Хитой.
Ўсмир қизларимиз 12 сентябрь куни эрта тонгда Тошкент-Куала-Лумпур-Коломбо йўналиши орқали Шри-Ланка мамлакатига жўнаб кетади.
Ойбек Юнусов, ЎзА