“Ўзтўқимачиликсаноат”: Хитой билан ҳамкорлик янги босқичда​

Пойтахтимизда ташкил этилган бизнес-форум Ўзбекистон ва Хитой тўқимачилик саноати соҳасида ҳамкорлик қилиш масалаларига бағишланди.
“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо, Иқтисодиёт вазирликлари, “UzTrade” акциядорлик жамияти ва Хитойнинг текстиль ва кийим-кечак миллий кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда икки давлат тўқимачилик саноати вакиллари иштирок этди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар қулай ишбилармонлик муҳитини яратиб, тўқимачилик саноатининг янада ривожланишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 1 августдаги “Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони енгил саноат тармоқларида истиқболли инвестиция лойиҳаларини жалб этишда муҳим ҳужжат бўлди.
– Президентимизнинг 2017 йил май ойида Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи доирасида эришилган келишувлар ижросини таъминлаш ҳамда текстиль ва тикиш-трикотаж тармоғидаги икки томонлама ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ушбу тадбирнинг асосий мақсадидир, – деди “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раиси ўринбосари Бахтиёр Муҳаммадсаидов. – Шу мақсадда “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси таклифига биноан Хитойнинг текстиль ва кийим-кечак миллий кенгаши раиси бошчилигидаги делегация юртимизга ташриф буюрди. Делегация аъзолари Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларининг инвестициявий салоҳияти билан яқиндан танишишга мушарраф бўлди. Улар танишув таассуротларини бугунги форумда баён қилиб, тўқимачилик саноати бўйича муносабатларни мустаҳкамлаш ҳақида ўз фикрларини билдирди.
– Биз 30 нафардан ортиқ делегация аъзолари Ўзбекистонда пахтани қайта ишлаш ва енгил саноатдаги ютуқлари билан таниш мақсадида юртингизга келдик, – деди Хитойнинг текстиль ва кийим-кечак миллий кенгаши раиси ўринбосари Чен Дапенг. – Мамлакатингизда енгил саноат ривожида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва сармоядорлар учун яратилаётган қулайликлардан жуда мамнунмиз. Бу эса бизни ўзбек ҳамкорларимиз билан муносабатларимизни янада мустаҳкамлайди.
Тадбирда иштирокчиларга хорижлик сармоядорлар учун яратилган имконият ва имтиёзлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

 

Н.Зиёдуллаева, ЎзА