Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси ва Россия Федерал Солиқ хизмати раҳбарлари солиқ методологияси ва солиқ маъмуриятчилиги бўйича ўқув дастурларини ўтказишда техник ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битимни имзолади.

– Биз ўзбекистонлик ҳамкасбларимиздан ўрганишимиз керак бўлган нарсалар бор, –дейди Россия Федерал Солиқ хизмати раҳбари Д.Егоров. – Мен бу йил у ерда бўлдим ва улар нималар қилганини кўрдим. Ҳамкорликда ўқитиш бўйича алоқаларга кўпроқ аҳамият бериш керак, деб ҳисоблайман.

Тадбирда кенг қамровли ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирилди.

– Ишончим комилки, бугун имзоланган ҳужжатлар мамлакатларимиз манфаати учун хизмат қилади. Бундай ҳамкорлик давлатларимизнинг солиқ органлари салоҳиятини оширади, – деди Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев.

Шунингдек, маҳсулотларни рақамли маркировкалаш билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама қилиниб, келгуси йил учун асосий йўналишлар белгилаб олинди.

Йиғилиш иштирокчилари маркировкаланган маҳсулотлар муомаласи билан шуғулланувчи солиқ тўловчиларга қўшимча қулайликлар яратиш муҳимлигини таъкидлади. Маҳсулотларни кузатиш тизимини такомиллаштириш устувор вазифа бўлиб қолмоқда, бу эса бозор шаффофлиги ва назорат самарадорлигини оширади.

Солиқ қўмитаси делегацияси Робототехника марказига ташриф буюриб, у ерда логистика операцияларини оптималлаштириш ва харажатларни минималлаштиришга ёрдам берувчи омбор жараёнларини автоматлаштиришнинг илғор технологиялари билан танишди.

Ш.Маматуропова,  

ЎзА