2024 йил якунланишига саноқли кунлар қолди. Халқаро ҳамжамият, турли ташкилот ва бирлашмалар ўтаётган йил сарҳисоби, келгуси мавсум режалари билан машғул. Шундай бир паллада кейинги тўрт йил учун Халқаро олимпия қўмитаси раҳбарлигига сайланиши мумкин бўлган номзодлар ўртасидаги кураш тобора авж пардага кўтарилмоқда.

ХОҚнинг амалдаги раҳбари Томас Бахнинг ўрнига даъвогарлар 7 нафар: Халқаро гимнастика федерацияси раҳбари, асли япониялик Моринари Ватанабе, ташкилот вице-президенти испаниялик кичик Хуан Антонио Самаранч, Буюк Британиядан Жаҳон енгил атлетика федерацияси етакчиси Себастьян Коэ, франциялик Халқаро велосипедчилар иттифоқи раҳбари Дэвид Лаппортье, Швеция ва Британия фуқароси ҳисобланган Халқаро чанғи федерацияси етакчиси Йохан Элиас, Зимбабве спорт вазири, сузиш бўйича Олимпия ўйинлари иштирокчиси Кирсти Ковентри ва Иордания шаҳзодаси Файсал Ал-Ҳусайн.

Яқинда номзодларнинг тегишли ҳужжатлари, улар томонидан таклиф этилаётган иш режалари, мақсадлар жамланмаси, келгуси стратегик мақсадларга оид материаллар қўмитага тақдим этилди.

Ҳар бир номзод янги инновацион таклифлари, Олимпиада келажагига нисбатан мафкураси ва қарашлари билан бошқалардан ажралиб туришга интилмоқда.
Масалан, Ватанабе ўйинларнинг янги форматини таклиф этмоқда. Унинг фикрича, ёзги Олимпиада бир вақтнинг ўзида беш қитъада ўтказилади. Жорий йил октябрь ойида ХГФ 85-конгрессида учинчи муддат президентликка қайта сайланган 65 ёшли меценат ўз манифестини 2024 йил Парижда ўтган Олимпия ўйинлари муваффақиятли ўтказилганини таъкидлашдан бошлаган бўлса-да, энг нуфузли спорт анжуманининг ҳозирги модели эскиргани, Олимпиада андозаси “динозаврлар даври”дан қутула олмаётгани, бундай эски тизимдан воз кечиш пайти келганини таъкидлади. Зеро, бугунги коммуникация тармоғи, технология тараққиёти ва юксалиш жараёнида айни воситалардан фойдаланиш инсониятга мислсиз завқ бағишлайди. Олимпия ва Паралимпия ўйинлари келажагини таъминлашда инсоният олдида турган иқтисодий ва экологик муаммолар, қолаверса ўта тезкор замон шуни тақозо этади. Келажакда ўйинлар беш қитъанинг беш шаҳрида бир вақтда ўтиши Олимпия ҳаракатининг янги тўлқинини бошлаб бериши шубҳасиз.

Бинобарин, ўйинлар трансляцияси 24 соат давом этади, беш қитъа бир томошада бирлашади, ҳис-ҳаяжон бутун дунё бўйлаб тақсимланади. Бунинг устига мезбон шаҳарлар харажати, экология чиқиндиси камаяди.

Ватанабе қишки Олимпия ўйинлари учун ҳам айни тизимни қўллаш фойдадан холи эмаслигини қўшимча қилган.

Бир томондан даъвогарнинг ғоясида жон бордек. Иккинчи томондан, дунё бўйлаб глобал ўзгаришлар юз бераётган, турли қарама-қаршилик, иқтисодий, ижтимоий, экологик таранглик кузатилаётган, сайёрамиз геосиёсий эврилишлар остонасида турган жараёнда Олимпия ўйинлари форматида инқилобий ўзгариш ясашнинг иложи бормикан? Бундай қалтис, таъбир жоиз бўлса, нозик “синов қил кўпригидан ўтиш”га ҳамма кўнармикан? Буни вақт кўрсатади.
Агар, ижроия қўмита аъзолари “инқилобчи” ташаббусини қўллаб, уни Томас Бахдан қолаётган “тахт”га муносиб кўрса, Моринари Ватанабе Халқаро олимпия қўмитасининг биринчи осиёлик раҳбари бўлади. Энг муҳими, 1894 йилдан бери бир “ўзанда оқаётган Олимпиада дарёси” вулқондек тошиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Бундай глобал ўзгаришга Олимпия ўйинларини муайян “восита”га айлантириб олганлар рози бўлармикан?

Хуллас бу масала номзодларнинг келаётган йил 30 январида тақдим этиладиган ҳужжатларини ўрганиб чиқадиган ХОҚ ИҚ аъзолари тегишли хулоса чиқаргач ечилади.

Президентлик сайлови эса 2025 йил 18-21 март кунлари тузилманинг Грецияда ташкил этиладиган 144-сессияси доирасида ўтади.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА