Сайловда ғалаба қозонган АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Оқ уйга қайтиши Катта еттилик (G7) мамлакатларида сиёсий беқарорлик муҳитини яратиши эҳтимоли мавжуд, деб ёзди “Financial Times” шарҳловчиси Гидеон Раҳмон.
Журналист таъкидлашича, янги етакчи ва тадбиркор Илон Маск иттифоқчилари ҳукуматларга ёрдам бериш эмас, балки “оғриқ келтиришдан” завқланадиганга ўхшайди.
“Республикачиларга, айниқса, Канада Бош вазири Жастин Трюдо, Германия Канцлери Олаф Шольц ва Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер каби етакчиларнинг жиғига тегиш ёқади”, деб ёзган Раҳмон.
2017-2021 йилларда ҳам Американи бошқарган Дональд Трамп АҚШда XIX асрдан буён тўрт йиллик танаффусдан кейин олий лавозимга қайтган биринчи сиёсатчи ҳисобланади. 17 декабрь куни у сайловчилар коллегиясидан ғалаба учун зарур миқдорда овоз олди, энди 20 январда бўлиб ўтадиган инаугурация маросимини кутяпти.
Аввалги даврида Трамп Исроилга хайрихоҳ сиёсат олиб борган. Масалан, яҳудий давлатининг Қуддус ва Жўлон тепаликлари устидан суверенитетини тан олган, Ғарбий Соҳилга нисбатан “босқин” атамасини муомаладан олиб ташлаган ва Исроилнинг турар-жойлар қуриш фаолияти танқид қилинишини тўхтатган эди.
Ўша пайтлар ҳеч бир давлат Трамп сиёсатини маъқулламаган.
С.Раҳимов, ЎзА