Сўнгги йилларда Хитойда футболдаги коррупцияга қарши йирик кампания олиб борилмоқда. Таҳлилчиларнинг қайд этишича, бу галги ҳаракатлар ҳибсга олишлар давомийлиги ва сони бўйича рекордларни янгилаган.
Куни кеча Хитойнинг Хубэй вилоятидаги Сяньнин оралиқ халқ суди футболдаги коррупцияда айбланган навбатдаги “қурбон” номини маълум қилди. У Хитой футболи афсонаси, 2019-2021 йилларда миллий футбол жамоасининг собиқ бош мураббийи бўлган Ли Ти бўлиб чиқди. Собиқ мураббийга нисбатан 20 йилга озодликдан чеклаш жазоси тайинланган.
Қайд этилишича, у 2019 йилда Хитой миллий терма жамоаси бош мураббийлигига сайланиш учун маълум шахслардан ёрдам сўраган, 2020 йилда эса уларга 1 миллион юан (137 минг доллар) атрофида “ҳадя” берган.
Ли Ти 2019-2021 йилларда мамлакат эркаклар терма жамоаси бош мураббийи сифатидаги расмий мавқеидан фойдаланиб, тегишли ташкилот ва шахсларга миллий терма жамоага ўйинчиларни танлаш, ўйинларни ўз фойдасига ҳал қилиш, клублар билан шартномалар имзолаш каби масалаларда ёрдам берган. Ушбу даврда у деярли 7 миллион доллардан ортиқ пора олган.
“Синьхуа” ахборот агентлигининг ёзишича, Сяньнин оралиқ халқ суди футболдаги коррупцияга қарши кураш доирасида Хитой футбол ассоциациясининг собиқ бош котиби Лю Йини ҳам порахўрликда айблаб, 11 йилга озодликдан маҳрум қилган.
Шунингдек, унинг барча ноқонуний коррупция даромадлари қонун ҳужжатларига мувофиқ ундирилиши ва давлат ғазнасига қайтарилиши қайд этилган.
Март ойида ҳам икки футбол амалдори – Хитой футбол ассоциацияси бош котибининг собиқ ўринбосари Чен Юнлианг 14 йилга, Хитой Суперлигасининг собиқ бош директори Донг Чжен 8 йилга озодликдан маҳрум этилганди.
Хитой раҳбари Си Цзиньпин аввалроқ коррупция Хитой Коммунистик Партиясининг ҳаётийлиги ва қобилиятига таҳдид соладиган асосий хавфли ўсма эканлигини айтганди. ХХР етакчиси таъкидлаганидек, коррупция учун замин ва шарт-шароит мавжуд экан, унга қарши кураш бир дақиқа ҳам тўхтаб қолиши мумкин эмас.
Хуллас, Хитой футболида коррупцияга қарши кураш мамлакат спорти тарихидаги энг йирик ҳаракатга айланди. Бу нафақат энг катта маблағ айланадиган футболни порахўрлик, таниш-билишчилик, пул ювиш каби салбий иллатлардан тозалайди, балки миллий жамоанинг халқаро майдондаги муваффақиятларини ҳам таъминлашга замин яратади.
С.Раҳимов,ЎзА