Уч кун давомида Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туман ҳокимларининг ўринбосарлари, ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбарлари ҳамда миллий кадрлар захирасига киритилган номзодлар учун ҳудудда маҳаллий давлат бошқаруви, аҳоли билан ишлашни самарали ташкил этиш учун талаб этиладиган билим ва кўникмаларни такомиллаштиришга қаратилган ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди.

Нукус шаҳар ҳокимлигида бўлиб ўтган тадбирда таъкидланганидек, мазкур семинар асосан маҳаллий ҳокимликлар ва жамоат ташкилотлари ходимларининг малакасини ошириш ҳамда аҳоли билан мулоқот маданиятини такомиллаштиришга қаратилган.

Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан кадрлар салоҳиятини ошириш, тармоқ ва ҳудудий даражада самарали раҳбар кадрлар захирасини шакллантириш, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар, аҳолини расмий иш билан таъминлаш, даромад манбаига эга бўлиш юзасидан кенг тушунча ва маълумотлар берилди.

Шунингдек, иштирокчилар 2025 йилда шаҳар ва туманларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш, ҳудудларнинг “драйвер” йўналишини аниқлаш, йирик саноатни йўлга қўйиш бўйича илғор хорижий тажриба ва бошқа кўплаб соҳалар бўйича билим ҳамда кўникмаларга эга бўлди.

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири