Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, аёллар ҳуқуқларини ишончли таъминлаш, хотин-қизлар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш масалаларида Сенат алоҳида фаоллик кўрсатди.
Охирги беш йилда юқори палата томонидан 106 марта ҳисоботлар эшитилгани, ижро органларига 1,3 минг сўров киритилгани ҳам муҳим ижобий натижадир.
Айни пайтда эса Сенат шу йўналишдаги ишларни янада кучайтиришга эътибор қаратмоқда. Шу билан бирга, аҳоли мурожаатларини кўриб чиқиш, халқ билан бевосита мулоқотда тушаётган шикоятларни ҳал қилиш бўйича амалий фаолиятини кучайтирмоқда.
Зотан, жойлардаги мавжуд муаммо ва камчиликларни ўрганиш ва ҳал этиш, сайловчиларни эшитиш ва уларга ечим топиш халқ вакилларининг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов Избоскан туманида бўлиб, аҳоли билан мулоқот қилди.
Унда Гудур ва Тошлоқ маҳаллалари аҳолиси суюлтирилган газ баллонларини ўз вақтида етказилиши билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш масаласини кўтарди.
Мазкур мурожаат қисқа фурсатда ижобий ҳал этилди ҳамда Избоскан туманига ажратилган еттита машина пропан газ баллонларига яна қўшимча етти машина газ баллонлари етказилишига эришилди.
Шу билан бирга, Гудур маҳалласининг Мирзо Улуғбек, Тароват, Ҳидоят кўчаларини кесиб ўтувчи катта йўлнинг 6 км қисмини асфальтлаш бўйича тушган мурожаат мутасаддилар билан бирга атрофлича ўрганилди. Ҳозирги вақтда йўлнинг катта қисми текисланди ҳамда шағал ётқизиш ишлари амалга оширилди.
Мутахассисларнинг кўрсатмаларига биноан ҳозир қишли-қировли кунлар бўлгани учун асфальтлаш ишлари баҳор-ёз ойларида бажарилиши режалаштирилди.
Сенаторларнинг жойларда сайловчилар ва аҳоли мурожаатларини қонун доирасида ижобий ҳал қилиш ишлари давом этмоқда.
Н.Абдураимова,
ЎзА