Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда Россия Федерациясининг Давлат рўйхатидан ўтказиш, кадастр ва картография федерал хизмати раҳбари Олег Скуфинский бошчилигидаги делегация вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров, Кадастр агентлиги директори Фаррух Пўлатов ҳамда бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Мулоқот давомида мамлакатимизда кадастр соҳасини ривожлантириш, давлат кадастр баҳолаш тизимини жорий этиш, ушбу йўналишда техник ҳамкорликни йўлга қўйиш, соҳани рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш ва илғор жаҳон тажрибаларидан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Меҳмонлар томонидан мазкур ҳамкорлик доирасида амалга оширилган ишлар, шу жумладан, Тошкент шаҳрида эксперимент тариқасида ўтказилган оммавий баҳолаш натижалари ҳақида маълумот берилди. Ушбу йўналиш бўйича музокаралар ўтказилди.
Учрашувда тизимни такомиллаштириш, рақамли платформалар яратиш ҳамда кейинги босқичлардаги ҳамкорлик йўналишлари бўйича фикр алмашилди.
Сўнгра томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва янада мустаҳкамлашга келишиб олишди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА