Ғазода “оқ фосфор”дан фойдаланилгани тўғрисидаги далил

ХЖСга тақдим этилди

Исроил Ғазо секторида “оқ фосфор”дан фойдалангани ҳужжатлаштирилди ва далил Халқаро жиноий суд (ХЖС)га топширилди, деб ёзган “РИА Новости” Фаластин Президенти маслаҳатчиси Маҳмуд Ал-Ҳабашга таяниб.

– Исроилнинг Ғазо секторидаги қонунбузарликлари, уруш жиноятлари ва геноцидга алоқадорлигини тасдиқловчи ҳужжатли далиллар ва маълумотлар тақдим этилди, – деди Ал-Ҳабаш Қозондаги БРИКС XVI саммитида. –  Жумладан, халқаро миқёсда тақиқланган қуроллар, хусусан оқ фосфор ҳам қўлланган.

Май ойида ХЖС прокурори Карим Хон Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олиш учун судгача бўлган палатага мурожаат қилганини айтганди. Исроил айбловларни рад этиб, ХЖС билан ҳамкорлик қилишдан бош тортиб келмоқда.

Уругвайда президент сайлови якунланди

Уругвайликлар кеча президентликка 11 нафар номзоддан бирини танлади. Биринчи турдаёқ  ғалабани қўлга киритиш учун номзод 50 фоиздан кўп овоз олиши керак. Агар ҳеч ким бу довондан ошиб ўтолмаса, ноябрда иккинчи давра бўлиб ўтади.

Дастлабки натижа тез орада эълон қилинади.

Қатарда Ғазо бўйича музокара бошланди

Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокара бошланди, деб хабар тарқатди CNN.

Қайд этилишича, бу икки ойдан кўп вақт давомида олий даражадаги музокараларнинг биринчи давраси ҳисобланади. Тадбирда АҚШ, Исроил ва Қатар вакиллари иштирок этмоқда.

Аввалроқ Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий Қоҳира бир неча фаластинлик маҳбус эвазига гаровга олинган тўрт нафар исроилликни озод қилиш учун Ғазо секторида икки кунлик сулҳ тузиш таклифини киритганини маълум қилганди.

Грузия Бош вазири Россия билан муносабат юзасидан баёнот берди

News.ru”  нашри ёзишича, Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе брифингда Абхазия ва Жанубий Осетия масаласига ишора қилиб, Грузия Россия билан дипломатик алоқага эга эмас ва муносабат ўрнатиш режаси ҳам йўқ, деган.

2008 йил 8 августга ўтар кечаси Грузия қўшинлари Жанубий Осетияга ҳужум қилган. Буннга жавобан, Россия аҳолини ҳимоя қилиш мақсадида республикага қўшин киритган ва беш кунлик жангдан сўнг Грузия ҳарбийлари чекинишга мажбур бўлган.

Ўша йил 26 августда Москва Жанубий Осетия ва Абхазия суверенитетини тан олди. Грузия эса бу икки ҳудудни ўзиники ҳисоблайди.

Нигерияда 40 киши вайрона остида қолди

Нигерия пойтахти Абужа шаҳри четида қулаб тушган бино камида 40 кишини босиб қолган, дея хабар тарқатди маҳаллий “Пунч” газетаси.

Ҳозир маҳаллий аҳоли жабрланганларни қутқаришга ҳаракат қилмоқда.

Филиппинда “Трами” довули 110 кишининг ҳаётига зомин бўлди

Филиппинда “Трами” тропик бўрони оқибатида 110 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Франс Пресс” агентлиги мамлакатдаги табиий офатлар учун масъул агентликка таяниб ёзди.Хабарда камида 42 кишининг тақдири номаълумлиги ҳам маълум қилинган.

Довулдан жабр кўрганлар сони 4,4 миллиондан ошади, бир неча юз минг киши эвакуация марказларига жойлаштирилган. Офат ҳудудидаги мактаблар, давлат идоралари фаолияти тўхтатилган, транспорт инфратузилмаси издан чиққан, ўн минглаб одам манзилига етолмаяпти.

Гуруч нархи тушяпти

Ҳиндистон ҳукумати томонидан экспорт чекловини юмшатиш тўғрисида қарор эълон қилингандан кейин Осиё минтақасида гуруч нархи сўнгги 16 йилдаги энг паст даражага тушди.

“Bloomberg” агентлиги ёзишича, беш фоиз тозаланган Таиланд оқ гуручи чоршанба куни қарийб 11 фоиз арзонлашган. Бу 2008 йил май ойидан бери кузатилган энг паст нарх.

Августда гуруч учун энг юқори нархни Вьетнам экспортчилари сўраган. Ўшанда тозаланмаган бир тонна шоли 575 долларга баҳоланган. Худди шундай  маҳсулот Таиландда 14, Покистонда 34 долларга арзон эди.

Нархи тушган бўлса-да, бутун дунё бўйлаб экинларга таҳдид солувчи экстремал об-ҳаво шароити туфайли бошқа асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархи кўтарилишда давом этмоқда.

Исроилнинг Эронга зарбасидан кейин нефть нархи 5 фоиз арзонлашди

Бир баррель Брент маркали нефтнинг фьючерс нархи 73 доллардан пасайди, WТI маркаси эса 68 доллар атрофида нарх белгилади, деб хабар тарқатди “Bloomberg” агентлиги.

Исроил Эрондаги нишонларга зарба бергач, “қора олтин” нархи 5 фоиздан кўпроқ тушиб кетди ва бу минтақадаги жанг юмшаши эҳтимолини оширди.
Шанба куни Исроил самолётлари Эрондаги ҳарбий объектларга ҳужум қилди. Теҳрон ҳудудидаги бир неча ҳарбий база зарбага учраган. Бу ҳаракат ой бошида Эроннинг Исроилга ракета ҳужуми учун ўч эди. Бинобарин, ҳужум кўлами кутилганидан анча камлиги айтилмоқда.

С.Раҳимов, ЎзА