Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев Жаҳон банкининг мамлакатимиздаги вакилларини қабул қилди.
Учрашувда Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик соҳасини ривожлантириш мақсадида Жаҳон банки грант маблағларини жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидлаш жоиз, шу йилнинг ўзида Қорақалпоғистон Республикаси учун 5 миллион АҚШ доллари миқдорида грант маблағ ажратилиши белгилаб олиниб, ноябрь-декабрь ойларида ушбу маблағлар ҳисобидан қорамолларнинг наслини яхшилаш мақсадида эмбрион ишлаб чиқарувчи лаборатория асбоб-ускуналари олиб келинади. Жумладан, ҳайвонларни идентификация қилиш учун 110 та планшет, 18 та компьютер, 3 миллион 282 мингдан зиёд бирка билан таъминланади.
Шунингдек, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, ветеринария сервис хизматини яхшилаш мақсадида 2 та махсус дезинфекция автомобили, беш тонналик 1 та, бир тонналик – 13 та музлаткичли камера ҳамда 53 та музлаткич, 16 та компьютер ва 16 та принтер билан таъминлаш белгиланмоқда.
Учрашувда чорвачилик соҳасини ривожлантириш мақсадида Жаҳон банки томонидан 2,8 миллиард сўм миқдорида кредит маблағи ажратилганлиги, шу билан бирга, 44 миллиард сўмлик кредит ажратилиши режалаштирилгани айтилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.