Олий суд раисининг биринчи ўринбосари И.Муслимов ва Кадрлар бошқармаси бошлиғи М.Муҳитдинов Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг талабалари билан учрашди.

Мулоқот Олий суд ва Қорақалпоқ давлат университети ўртасида имзоланган юридик кадрларни тайёрлаш соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди. Суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар тарғиботига алоҳида эътибор қаратилган учрашувда нафақат истиқболли режалар, балки Олий суд ва Қорақалпоқ давлат университети ўртасидаги амалий ҳамкорлик натижасида эришилган ютуқлар ҳам алоҳида эътироф этилди.

Таъкидланганидек, суд аппарати ходимларининг жамиятда ижтимоий мавқейини, обрў-эътиборини ошириш ҳамда судларда энг муносиб ва юқори малакали кадрлар корпусини шакллантириш тизимини тубдан ислоҳ қилиш йўлидаги энг асосий вазифалардан бири. Ушбу мақсадларга эришиш учун кадрлар билан ишлаш ҳамда уларнинг билими, малакаси ва иш сифатини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Албатта, судларда ишчанлик муҳитини яратиш билан бир қаторда ходимларнинг дунёқараши, маънавияти, касбий одоб-ахлоқи ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу борада Олий суд ҳузурида ташкил этилган “Бўлажак суд ходимлари” клубига университет талабаларини фаол жалб қилиш учун тегишли ҳуқуқий замин яратилган.

Октябрь ойи ҳолатига кўра университетнинг 74 нафар талабаси клубга аъзо бўлиш мақсадида ариза берган. Уларнинг 49 нафари жиноят йўналишига, 20 нафари фуқаролик йўналишига ҳамда 5 нафари иқтисодий йўналишга қизиқиш билдирган. Ушбу талабалар белгиланган тартибда судларга бириктирилади ҳамда амалиёт ўташ учун барча шарт-шароит яратилиб берилади.

Ўтган йил натижаларига кўра минг нафардан ортиқ талаба судларда иш ўрганиб, амалий кўникмаларини ривожлантирди. Бундай имкониятга эга бўлган талабалар орасида 610 нафари айнан Қорақалпоқ давлат университети ёшлари эканлиги, албатта, қувонарлидир. Улар ҳозирданоқ судда ишлаш истагида бўлиб, келажакда ўзини шу соҳанинг етук мутахассиси сифатида кўраётгани ҳам бу йўналишда олиб бораётган изчил саъй-ҳаракатларнинг амалий самарасидир.

Тадбирда иштирок этган талабалар суд тизимидаги бўш иш ўринлари, ходимлар учун яратилган шароитлар, ижтимоий кафолатлар, ишга қабул қилиш тартиби ҳамда номзодларга қўйиладиган талаблар ҳақида атрофлича маълумотга эга бўлди.

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири.