“Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони ўз эгаларига топширилди

391

Мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, унинг нуфузини жаҳон миқёсида ошириш, ёш истеъдод эгаларининг қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида фидокорона меҳнат қилган ва юқори натижаларга эришган фуқароларни рағбатлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 мартдаги “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган бўлиб, ушбу йўналишда самарали меҳнат қилган маданият ва санъат соҳаси вакиллари ушбу кўкрак нишони билан тақдирланмоқда.

Пойтахтимиздаги “Ренессанс кино уйи»да “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишонини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда маданият вазири Озодбек Назарбеков инсон қалби, онги ва тафаккурини эзгу ғоялар асосида шакллантиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган жонкуяр соҳа ходимлари фаолиятини эътироф этишга катта аҳамият қаратилаётганини таъкидлади.

– 2024 йилда вазирлик томонидан жуда кўплаб тадбирлар, ижодий лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилди, – деди маданият вазири О.Назарбеков. – Мамлакатимизда нуфузли халқаро анжуманлар, танловлар, фестиваллар, ҳудудларнинг маданият кунлари, хорижий давлатларда Ўзбекистон маданияти кунлари, кино кунлари, маҳаллалар, қишлоқ ва овулларда маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Буларнинг барчасини бевосита соҳанинг фидойи ходимларнинг билим ва салоҳияти, истеъдоди ва маҳорати, тажрибасига суянган ҳолда ўтказдик. Бунинг учун барчангизга чин дилдан миннатдорлик билдираман. Шахсан мен сизларнинг ҳар бирингизни фидойи деб атаган бўлардим. Чунки маданият ва санъат соҳасида фаолият юритиш осон иш эмас. Буни соҳанинг ичига кирган одамгина билади. Шу маънода, ҳар бирингиз фидойисиз.

Тантанали тадбирда миллий маданият ва санъатимизни ривожлантириш, ўзбек миллий маданияти ва санъати нуфузини жаҳон миқёсида оширишда фидокорона меҳнат қилган, шунингдек, ўзининг кўп йиллик самарали меҳнати маданий-маърифий тадбирларнинг юқори савияда ўтишида ўз хизмати, меҳнати, фидокорлиги билан иштирок этган юртдошларимизнинг 45 нафарига вазир Озодбек Назарбеков томонидан “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони тантанали топширилди.

Айтиш керакки, 2024 йил давомида “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони фидокорона меҳнат қилган 300 нафардан ортиқ соҳа вакилларига топширилган.

Н.Усмонова, ЎзА