“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси матбуот хизматининг эслатишича, Ўзбекистон Республикасининг “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги қонунининг 21-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида концерт-томоша тадбирларини амалга ошириш тўғрисида “Ўзбекконцерт” давлат муассасасини ёзма равишда хабардор қилиш шартлиги белгилаб қўйилган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 февралдаги “Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги ягона низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори билан тасдиқланган “Концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш паспорти” талабларига кўра, “Ўзбекконцерт” давлат муассасасини ёзма хабардор қилмасдан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида концерт-томоша тадбирларини амалга ошириш лицензия талаб ва шартларини қўпол равишда бузиш ҳисобланади.

Шу ўринда, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси бундай фаолият ноқонуний эканлигини таъкидлаб, Ўзбекистон Республикаси ташқарисида концерт-томоша тадбирларини ташкил этиш ва режалаштиришда “Ўзбекконцерт” давлат муассасасини хабардор қилган ҳолда фаолият юритишлари лозимлиги тўғрисида огоҳлантиради.

Бугунги кунда ушбу талабларга риоя қилмай хорижда концерт дастурларини режалаштириб ўтказаётган хонандалар йўқ эмас. Лицензия талаб ва шартларига риоя қилмаган санъаткорларнинг лицензияси “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан муддатидан олдин тўхтатилиши маълум қилинади.

ЎзА